date

Абдумўминов дубли: Ўзбекистон илк ўйинда Парагвайни мағлуб этди (видео)

Абдумўминов дубли: Ўзбекистон илк ўйинда Парагвайни мағлуб этди (видео)

Қатарда ўтказилаётган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида Ўзбекистон U-17 терма жамоаси мусобақани ғалаба билан бошлади. Ислом Исмоилов бошчилигидаги ёшларимиз J гуруҳи доирасида Парагвай ўсмирларига қарши баҳс олиб бориб, 2:1 ҳисобида зафар қозондилар.

Учрашув аввалида рақиблар фаол ҳаракат бошлаган бўлса-да, юртдошларимиз тез орада ўйинни назоратга олди. 25-дақиқада Азизбек Абдумўминов Абубакир Шукуруллаевнинг юксак аниқликдаги узатмасини самарали якунлаб, ҳисобни очди. Бу гол жамоа учун руҳий устунликни таъминлади.

Биринчи бўлимнинг сўнгги лаҳзасида яна шу футболчи ўз маҳорат ва ҳушёрлигини намоён этди — Муҳаммадали Мусахоновнинг чиройли пасидан сўнг иккинчи голни киритиб, ҳисобни 2:0 қилди. Бу гол Ўзбекистон жамоаси учун муҳим бурилиш нуқтаси бўлди.

Иккинчи бўлимда Парагвай футболчилари ҳисобни қисқартиришга уринди. Бир неча бор хавфли ҳужумлар уюштиришди, аммо дарвозабон Неъматуллоҳ Рустамжонов ишончли ўйини билан жамоани қутқариб қолди. Фақатгина баҳснинг 89-дақиқасида Ледесма пеналтидан аниқ зарба бериб, ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлди.

ЖЧ U-17. J гуруҳи. 1-тур
Парагвай — Ўзбекистон 1:2
5 ноябр. Доҳа. «Aspire Zone»
Голлар: Ледесма (89) — Азизбек Абдумўминов (25, 45+3).
Парагвай — Фернандес, Аранда, Коронел, Кристалдо, Акоста, Алмада (Кампс, 46), Франко (Буҳринг, 46), Ледесма, Виллалба, Санабриа (Вера, 59), де Карвалю (Фрейрес, 67).
Ўзбекистон — Неъматуллоҳ Рустамжонов, Муҳаммадали Мусахонов (Беҳруз Саидмуродов, 74), Мўминхон Баҳодирхонов, Муҳаммад Ҳакимов, Абдумалик Анваров (Амирхон Муродов, 85), Азизбек Абдумўминов, Азизбек Эримбетов (Қаҳрамон Турғунов, 74), Абубакр Шукуруллаев, Садриддин Ҳасанов (Асилбек Алиев, 62), Сайфиддин Содиқов (Жамшид Рустамов, 74), Муҳаммад Ҳабибуллаев.
Огоҳлантиришлар: Ҳакимов (31), Ледесма (31), Ҳасанов (59), Мусахонов (68), Кампс (71), Алиев (78), Муродов (88).

Ўзбекистон термаси барча чизиқларда интизом билан ҳаракат қилди. Ҳимояда Мўминхон Баҳодирхонов ва Муҳаммад Ҳакимовнинг ишончли ўйини, ярим ҳимояда Сайфиддин Содиқов ва Садриддин Ҳасановнинг фаоллиги жамоага устунлик берди.

Ислом Исмоилов шогирдлари жаҳон чемпионатидаги дастлабки учрашувни ғалаба билан якунлаб, мухлисларимизни қувончга тўлдирди. Энди улар 8 ноябрь куни Ирландия ўсмирларига қарши муҳим баҳсга чиқишади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Абдумўминов дубли: Ўзбекистон илк ўйинда Парагвайни мағлуб этди (видео)