date

Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри ҳақида

Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри ҳақида
2023 йил 4 ноябр куни 34 ёшли демократ-социалист Зоҳран Кваме Мамдани Нью-Йорк шаҳри мэри лавозимига сайловда ғолиб чиқди. У собиқ губернатор Эндрю Куомо ва республикачи Кертис Сливани ортда қолдирди.

Зоҳран Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри бўлиб, унинг сиёсий қарашлари ва ҳаётий тажрибаси кўп маданиятли муҳитда шаклланган. Зоҳран 1991 йил 18 октябрда Уганданинг пойтахти Кампалада туғилган.

Унинг "Кваме" исми Гана мустақиллик ҳаракатининг етакчиси ва биринчи бош вазири Кваме Нкрума шарафига берилган. 5 ёшида оиласи билан Жанубий Африканинг Кейптаун шаҳрига кўчиб ўтган ва икки йил ўтиб, Нью-Йоркда яшашни бошлашган.

У 2018 йилда АҚШ фуқаролигини олган ва шиа мазҳабидаги мусулмон ҳисобланади. Сиёсатга қадар, Зоҳран Квинс туманида ижтимоий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

У уй-жойини йўқотиши хавфи остида қолган одамларга ёрдам бериб, кўчиришларнинг олдини олиш билан шуғулланган. Бу тажриба уни ижтимоий адолат учун курашга илҳомлантирган.

Шу билан бирга, у мусиқага ҳам қизиққан ва "Young Cardamom" ва "Mr. Cardamom" тахаллуслари остида чиқиш қилган.

Унинг реп мусиқасида миграция, тенгсизлик ва ижтимоий масалалар асосий мавзулар бўлган. Зоҳран таълимини Жанубий Африканинг Сен-Жорж мактабида бошлаган.

Нью-Йоркка кўчиб келгач, Bank Street School for Children ва Bronx High School of Science мактабларида ўқиган. 2014 йилда Bowdoin коллежи (Мейн штати)да африка тадқиқотлари бўйича бакалавр даражасини олган.

Талабалик йилларида у Фаластин ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи "Students for Justice in Palestine" ҳаракатига асос солган. Зоҳраннинг оиласи унинг дунёқараши ва маданий қадриятларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган.

Унинг отаси Маҳмуд Мамдани нуфузли олим ва Колумбия университетида профессор бўлса, онаси Мира Наир халқаро мукофотларга сазовор бўлган режиссёр ҳисобланади. Зоҳраннинг айтишича, ота-онасининг таъсири ва кўп маданиятли муҳит унинг сиёсий ва ижтимоий қарашларини белгилаган.

2025 йилда у суриялик-америкалик рассом Рама Дуважи билан турмуш қурган. Улар ҳозирда Квинснинг Астория туманида истиқомат қилишмоқда.

Зоҳран 2015 йилда маҳаллий жамоаларда ишлаш орқали сиёсатга кирган. 2020 йилда у Нью-Йорк штати қонунчилик органига сайланган.

2025 йилда эса Демократик партия сайловларида ғалаба қозониб, Нью-Йорк мэри лавозимига номзод бўлди. Сайловолди кампаниясида Зоҳран "Нью-Йорк жуда қиммат. Зоҳран харажатларни камайтиради ва ҳаётни енгиллаштиради" шиорини илгари сурди.

У таксистларнинг 450 миллион долларлик қарзларини бекор қилишга эришди, метро ривожи учун 100 миллион доллар ажратилишига ва автобуслар бепул бўлишига кўмаклашди.

Бундан ташқари, у экологияга зарар етказиши мумкин бўлган газ электр станцияси қурилишига қарши чиқди. Зоҳран арзон уй-жой, болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, болалар боғчаси ходимлари иш ҳақини ошириш ва бепул жамоат транспорти каби ташаббуслар орқали ғалабага эришди.

Шу билан у Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон ва африкалик мэри сифатида тарихга кирди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Нью-Йоркнинг биринчи мусулмон мэри ҳақида