
Қибрай туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фермер хўжалигига тегишли ер майдонини ноқонуний равишда сотишга уринган икки шахс фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент маълум қилди.
Маълумотларга кўра, фуқаролар Р.С. (муқаддам фирибгарлик учун жавобгарликка тортилган) ва М.Т. номли шахслар фуқаро Ф.Ш.нинг ишончига кириб, Қибрай туманида жойлашган “И.О.” фермер хўжалигининг суғориладиган 6 сотих ер майдонини гўёки тоифасини ўзгартириш орқали 54 минг АҚШ долларига сотишга келишган.
Тезкор тадбир пайтида улардан 25 минг доллар пулни қабул қилиш жараёни аниқ қайд этилди. Шу заҳоти гумонланувчилар ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28 ва 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилди. Айни вақтда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Расмий маълумотда таъкидланишича, ер участкалари айирбошлаш ёки сотиш каби операциялар фақат ваколатли давлат ташкилотлари орқали амалга оширилиши мумкин. Шу сабаб, фуқароларга қонунга зид равишда ер олмоқчи бўлиш ёки сотишга уринмаслик, бундай ҳолатларда эса тегишли идораларга мурожаат қилиш тавсия этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!