13:30 / 03.04.2020
4 612

Мутахассис Ўзбекистонда қайси дори самара келтираётганини айтди

Мутахассис Ўзбекистонда қайси дори самара келтираётганини айтди
ОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифинг давомида мутахассис фуқаролардан келган бир қатор саволларга жавоб берди.

— Одам кунлик эҳтиёж учун кўчага чиққанда (дўконга, дорихонага ва ҳ.к.) олдидан чиққан одамдан касалликни юқтириб олиш ва уйдагиларга юқтириб қўйиш мумкинлиги тўғрисида фикр (ваҳима, қўрқув) пайдо бўлса, уйга қайтиб келгач, ўзини қандай тутиши керак, кимга мурожаат қилиш керак?
— Карантин пайтида ҳам эҳтиёж туфайли дўконга ёки дорихонага чиқишга тўғри келса, қайтиб келгач болаларингиз билан кўришиш, эркалатиш ва гаплашишдан олдин қўлингизни яхшилаб совун билан ювинг, оғзингизни ва бурнингизни сув билан бир неча маротаба чайинг, имкон бўлса антисептик воситалар билан қўлингизга ишлов беринг. Билингки, қўрқув, ваҳима ва ҳадик ҳам — касалланишдан сақлайдиган маънавий иммунитетлардан бири ҳисобланади.

— Ижтимоий дорихоналарда дори нархини давлат белгилаб берадими? Ким назорат қилади нархларни?
— Президент қарори билан Ижтимоий дорихоналар дори воситаларига устамани 10 фоиздан оширмаслиги белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги зиммасига дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмларининг улгуржи ва чакана савдоси билан шуғулланувчи ташкилотлар улар нархининг давлат томонидан белгиланган тартибга риоя этишини тизимли асосда назорат қилиш вазифаси юкланган.

— Вирус юқишининг енгил, ўртача, оғир ёки шунга ўхшаш даражаси бўладими, шу ҳақида маълумот берсангиз?
— Вирус юқиши бўйича бу каби даражаларга бўлинмайди. Фақат одамларда касаллик енгил, ўрта оғирликда, оғир ҳолатда кечиши мумкин. Касалликнинг бу каби кечиши организмга тушган вируснинг миқдорига, унинг вирулентлиги, патогенлиги ва касалликни юқтириб олган шахснинг иммун тизимига боғлиқ.

— Ҳозирда давлат ихтиёрида нечта тест тизими мавжуд? Ўзимизнинг мутахассислар ишлаб чиқаётган тест тизимлари қачон фойдаланишга берилади?
— Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда полимераза занжирли реакциясини аниқлайдиган 200 мингдан ортиқ тест мавжуд. Инновацион ривожланиш вазирлиги илғор технологиялар маркази директори маълумот беришича, улар ой охиригача 50 минг тест тайёрлашни режалаштирмоқда. Бунга қадар улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида клиник синовларни якунлаб, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигига ҳужжатларни тақдим этишлари керак.

— Маълум йиллар олдин Кубада яратилган дори коронавирусга қарши 100 фоиз натижа бераркан, ҳатто АҚШда ёши катталар ҳам ушбу препарат ёрдамида тузалибди. Бу дори коронавирусга қарши таъсир қилаётганини АҚШ тиббиёт агентлиги ҳам тасдиқлабди.Ижтимоий тармоқларда тарқалган бу хабарга муносабатингиз?
— «ИНТEРФОН АЛЬФА Б2» дорисининг коронавирусга қарши самарасини тасдиқловчи клиник протоколлар жаҳон миқёсида мавжуд эмас. Ўзбекистон Республикасида ҳозирги кунда «ХЛОРАХИН» препаратининг организмнинг вирусдан тозаланишида самараси яққол намоён бўлаяпти.

Эслатиб ўтамиз, бироз вақт муқаддам Нурмат Отабеков Ўзбекистонда карантинга олинган фуқаролар сони ҳақида маълумот бергани ва улар орасидан яна коронавирусга чалинганлар чиқишига тайёр туришимиз кераклигини айтгани хабар қилинган эди.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мутахассис Ўзбекистонда қайси дори самара келтираётганини айтди