
«Реал Мадрид» бош мураббийи Хаби Алонсо навбатдаги матбуот анжуманида жамоанинг ўнг қанот ҳимоясидаги ҳолатга оид бир қатор саволларга атрофлича тушунтириш берди. Унинг жавоблари мухлисларда ҳам қизиқиш, ҳам кутилмаган фикрлар уйғотди.
Мутахассисдан биринчи бўлиб Федерико Валвердени яна бир бор ҳимоянинг ўнг томонида кўришимиз мумкинми, деган савол сўралди. Алонсо бу масалага жиддий ёндашиш зарурлигини таъкидлаб, қарорни умумий вазиятдан келиб чиқиб қабул қилишларини билдирди.
«Бизда бошқа тактик вариантлар ҳам мавжуд. Феде ҳар доим жамоа манфаатини биринчи даражага қўяди. У бу позицияда ҳам ўзини ишончли кўрсата олган. Бироқ бизда бошқа режалар ҳам бор — барчасини эртаги ўйин арафасида аниқлаймиз», — деди мураббий.
Валверденинг ўнг қанот ҳимоясидаги ўйинига берилган саволга жавобан эса Алонсо спортчининг баъзи муҳим ўйинларда топ даражадаги маҳорат кўрсатганини эслаб ўтди:
«Ювентусга қарши, “Эл-Класико”да — у ўша баҳсларда жуда юқори савияда ҳаракат қилган. Албатта, унинг табиий позициясини биламиз, аммо Феде жамоага ёрдам бериш учун қўлидан келганини аямайди. У клуб руҳини, тамойилларини чуқур ҳис қилади».
Шунингдек, Милитаонинг ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ўйнаши ҳақидаги савол ҳам четлаб ўтилмади. Алонсо бу эҳтимолни инкор этмади:
«Бу ҳам кўриб чиқиладиган вариантлардан бири. Марказий ҳимоядаги шароитга қараб қарор қабул қиламиз. Милитао Бразилия термасида бу позицияда яхши тажриба орттирган. Қайси нуқтада унга эҳтиёж сезилса — у ўша ерда ишонч билан ўйнай олади».
Маълумки, 7 декабрь, якшанба куни «Сантьяго Бернабеу»да «Реал» ўз майдонида «Селта»ни қабул қилади. Аввалроқ клуб раҳбарияти Алонсо лойиҳасига ишониши ва унинг келажаги навбатдаги ўйин натижаларига боғлиқ эмаслиги маълум қилинган эди.
Аниқки, Алонсо қўл остидаги тактик ўзгаришлар ва кадрлар бўйича қарорлар мухлислар учун янада қизиқарли сценарийлар яратиб беради. Кейинги ўйинда айнан қайси вариант танланиши эса футбол жамоатчилигининг асосий саволларидан бирига айланган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.