18:23 / 16.04.2020
2 559

Адвокатура соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш чоралари ҳамда соҳа келажагининг кафолатлари

Адвокатура соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш чоралари ҳамда соҳа келажагининг кафолатлари
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари порталида (regulation.gov.uz) Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институтини янада такомиллаштириш ва адвокатлар мақомини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори лойиҳаси оммавий муҳокама учун эълон қилинди.

Таъкидлаш лозимки, ушбу Қарори лойиҳаси адвокатура соҳасини тубдан ислоҳ қилишга ҳизмат қилади ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф қилишга улкан замин яратади. Лойиҳада бир қатор бугунги кунда амалиётдаги мавжуд камчиликларни бартараф қилишга қаратилган чора-тадбирлар белгилаб берилганки, улар келажакда адвокатура соҳасини янада ривожланишига ўз ҳиссасини қўшмасдан қолмайди.

Хусусан, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг адвокатура институтига нисбатан назорат ва бошқариш ваколатларини бекор қилишни ҳамда касбга қабул қилиниш масаласини ҳам ўз ичига олувчи адвокатлар фаолиятини тартибга солишни Адвокатлар палатасига тўлиқ равишда ўтказилишини назарда тутувчи адвокатуранинг чинакам институционал мустақиллигини таъминлаш белгиланаётганлиги адвокатларнинг чинакам мустақиллигини таъминловчи омиллардан бири бўлди.

Шунингдек, Қарор лойиҳасидаги адвокатлик сўровига адвокат ордери нусхасини илова қилиш тўғрисидаги талаб ҳамда сўровда адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни киритиш тўғрисидаги талаб бекор қилиниши адвокатлик фаолияти самарадорлигини оширишга, адвокатлик сирини ташкил этувчи маълумотларни янада муҳофаза этилишига сабаб бўлувчи ютуқлардан бири бўлади, дейиш мумкин.

Адвокат ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини судлар, бошқа барча ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари, ташкилотлари биноларига тўсқинликсиз олиб кириш ҳуқуқига эга бўлиши тўғрисидаги банднинг лойиҳада акс эттирилиши адвокатнинг профессионал фаолиятини амалга оширишга бўлган тўсиқларни бартараф этди дейишимиз мумкин. Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 12 майдаги ПФ-5441-сон Фармонига асосан адвокатлар суд биноларигагина компьютер, мобил ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ҳуқуқига эга эдилар.

Ушбу лойиҳа орқали адвокатларга суд биноларидан ташқари барча ҳуқуқни муҳофаза қилвчи органлар, давлат ва нодавлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари биноларига ҳам ўз касбий фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган компьютер, электрон, мобил ва бошқа алоқа қурилмаларини ҳамда техника воситаларини олиб киришга йўл очиб берилмоқда. Бу ҳолат эса адвокатнинг профессионал фаолиятини ҳар қандай жойда амалга оширишига замин яратади. Бундан ташқари, ушбу ҳуқуқнинг лойиҳада акс эттирилиши бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларни тиклаш жараёнида очиқлик ва шаффофликни таъминлашда беқиёс аҳамиятга эга бўлади.

Лойиҳада адвокатлар адвокат сўрови бўйича давлат органлари ва бошқа органлар, шунингдек корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан адвокатнинг малакали юридик ёрдам кўрсатиши учун зарур бўлган маълумотлар, ахборотлар, маълумотномалар, тавсифномалар ва бошқа ҳужжатлар тақдим этилганлиги учун давлат божи ва бошқа барча тўловларни тўлашдан озод этилиши кўзда тутилганлиги ҳам адвокатлик фаолиятини амалга оширишдаги улкан тўсиқларни бартараф этишдаги йўл бўлди.

Хусусан, адвокат баъзи ташкилотларга ўзининг профессионал фаолиятини амалга ошириш юзасидан адвокатлик сўрови юборганида фуқаролар сингари турли хил божлар тўлаши лозимлиги амалиётда ҳозирги кунда кўп учраётган ҳолат эди. Лойиҳадаги ушбу банд эса бу каби профессонал фаолиятни амалга оширишдаги тўсиқларни бартараф қилишда катта аҳамиятга эга. Лойиҳа орқали эндиликда адвокатлар адвокат сўровига жавобларни сунъий тўсиқларсиз олиш имконига эга бўлмоқдалар. Бу ҳолат ҳам адвокат мақомини ва адвокатура институтини такомиллаштиришга қаратилган улкан ислоҳотлардан бири ҳисобланади.

Шу билан бирга, лойиҳада Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига адвокатларнинг касбий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган даъволарни судларга давлат божини тўламасдан киритиш, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари, мансабдор шахслар ва бошқа шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш ҳуқуқи берилиши ҳам адвокатура институтини такомиллаштириш йўлидаги улкан ютуқлардан бири бўлди. Судларга адвокатларнинг касбий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб давлат божисиз мурожаат қилиш ҳуқуқининг Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасига берилиши адвокатлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг янги даврини бошлаб беради. Лойиҳада ушбу банднинг акс этиши адвокат ҳуқуқларининг янада ҳимоя қилиниши кафолати ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Концепцияни қабул қилиш адвокатура соҳасини ислоҳ қилишда, соҳадаги муаммоларни бартараф этиш ва жамиятдаги адвокатнинг ҳуқуқларини кафолатларини мустаҳкамлаб, улар томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган ҳуқуқий ёрдамларни сифатли ҳамда самарали бўлишини таъминлашнинг янги даврини бошлаб беради.

Эргашев Азамат,
Адвокат, Тошкент давлат юридик университети
катта ўқитувчиси

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Адвокатура соҳасидаги муаммоларни бартараф этиш чоралари ҳамда соҳа келажагининг кафолатлари