date
views 1 889

Газета қадриятми? — Босма нашрлар тақдири борасидаги мунозаралар ҳақида

Газета қадриятми? — Босма нашрлар тақдири борасидаги мунозаралар ҳақида
Карантинга ўрганиб қолдик шекилли, аста-секин бошқа мавзулар — давлат идораларида давлат тилида иш юритиш, босма нашрлар тақдири каби мавзулар ҳам кун тартибига чиқа бошлади.

Инсоният ўзи шунақа, ҳар қандай шароитда аввал ноқулайлик ҳис қилса-да, кейин яна ўз шаклига, азалий мавзуларига қайтади. Босма нашрлар — интернет қарама-қаршилиги бизда худди шундай, азалий мавзу.

Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ўз интервьюсида босма нашрларнинг даври ўтгани, матнли ахборот шакл алмаштириш вақти келганини айтиши ҳамоно, унга ҳужумлар бошланди: ҳатто газетачиликка қарши бўлган одамларни маънавиятсиз, китоб ўқимайдиган, маданий меросимизнинг душмани сифатида акс эттирганлар ҳам бўляпти. Босма нашрлар ўзига хос тарзда қадрият сифатида намоён қилинмоқда.

Аслида, бу баҳснинг ўз контексти бор ва Комил Алламжонов босма нашрлар ҳақида фикр юритганда ҳам, унга берилган жавобларни ҳам ўша контекст асосида тушунишимиз лозим. Асосий нуқта газетанинг бир восита экани, восита эса, ҳеч қачон қадрият бўла олмаслигидир.

Тасаввур қилинг, енгил автомашиналар чиққач, от аравани қадрият деб ҳимоя қилмаймиз-ку? Қўл телефонлари пайдо бўлгач, симли телефонлар тақдиридан қайғуриб, азият чекмаймиз-ку? Мақсад бир нуқтадан бошқасига бориш ёки кимдир билан гаплашиш экан, буни қандай воситалар билан амалга оширишимиз муҳим қадрият эмаску, тўғрими?

Босма нашрлар маънавиятга эга чиқиб, бор балони, фейклару, ахлоқсизликни интернетга тўнкаши ҳам шу қадар мантиқсиз. Ишонтириб айтаманки, дунёни тебратган бутун маданий-маърифий матнларни, ҳар қандай буюк асарни интернетдан топса бўлади. Ўз навбатида, пайғамбаримиз (с.а.в.)ни масхара қилиб чизилган карикатуралар газетада чоп этилган эди.

Айтмоқчиманки, энг муҳими, матннинг, асарнинг мазмуни, унинг ўзидир. Ўқувчига бу қайси форматда тақдим этилгани мутлақо аҳамиятга эмас.

Боз устига, ўқувчига тезкор маълумотни етказишда, электрон шаклдаги ОАВнинг бугун ҳар томонлама устунликка эга бўлаётганини ҳам тан олишимиз керак. Чунки, тезкорлик учун техник шароит ҳам, ўқувчига етиб бориш шаклида ҳам, муштарийлар билан муносабат ўрнатиш имкониятларидан тортиб, маълумотни тақдим этиш форматларида электрон ОАВ анча устундир. Шунингдек, айнан интернет сайтларига замонавий бошқарув анча эрта кириб келди ва улар молиявий томондан ўзини ўзи мустақил таъминлаш йўлида анча қадамлар ҳам босиб қўйишди.

«Сайтлар халқимизга энг тўғри маълумотларни етказиш, уларнинг маънавиятини юксалтириш вазифасини бажармоқда, шунинг учун уларни асрашимиз керак, йўқолиб кетмаслиги лозим», деб бонг урилмаяпти, ҳарҳолда. Рақобат ва эркин бозорда ўрнини топа олган яшаб кетяпти, акс ҳолда йўқ.

Бу тушунарли. Хўш, масаланинг асосий қисми — босма нашрлар керакми?

Аслида, савол бу шаклда қўйилмаслиги лозим. Керак ёки керак эмаслигини ҳамма учун кимдир ҳал қилиши нотўғридир. Босма нашрлар ҳам худди олдинги абзацнинг охирида келтирилган шартлар асосида яшай олса, яшаб кетсин. Ҳеч ким қаршилик қилмаса керак.

Асосий эътирозлар мана шу ерда келиб чиқади. Босма нашрларга қарши, деб таъриф берилаётган ҳеч ким, аслида, бу шаклга қарши эмас. Ҳеч ким жадидларга, Жулқунбойга ёки «Ўзбек адабиёти ва санъати» бизга керак эмас, демаяпти. Эътироз — газеталаримизнинг бошқарув шакли ва бунинг оқибати сифатида вужудга келаётган бугунги матнларга.

Биринчиси — мажбурий обуна. Яъни, маълум газетанинг менга керак ёки керак эмаслигини, қизиқ ёки қизиқ эмаслигини бошқа биров белгилайди ва мажбуран обуна қилдиради. Ўқийманми, йўқми, мен ўша нашрни сотиб олишим шарт. Сабаби — ўша газетани асрашимиз керак экан.

Аввал ҳам ёзгандим, масалан дорихонага кирасиз. Кимдир сотувчига рецептни узатади. Аллақайси дори беш дона ёзилган бўлса, аввал нархини сўрайди ва кейин «икки дона бериб тураверинг-чи ҳозирча», дейди. Манга шунақа нарсалар жуда таъсир қилади.

Энди, шунақа одамларга кимдир 200 минг сўмлик мажбурий обуна қилдирса ва баъзи журналистлар чиқиб «халқ ўқимай қўйди, маънавиятимизни, маърифатимизни ошириш керак, обуна бўлиш керак» деса, қанчалик тўғри?

Иккинчи эътироз, биринчисидан келиб чиқади. Мажбурий обуна қилишда газеталарга маъмурий ресурси билан ёрдам берадиган ҳоким ёки бошқа амалдорнинг фаолияти кейинчалик ўша нашрларда холис баҳоланиши мумкинми?

Нашрлар бюджетдан молиялаштирилган тақдирда ҳам, мазмунан ўша. Бюджет ҳам халқнинг пули ва бу ҳам мажбуран газета ўқитишдан ёки халқ пулини ноўрин сарфлашдан фарқи йўқ. Тирик қолиши қайсидир давлат амалдорига ёки маҳаллий ҳокимларга қараб қолган нашрдан холис баҳони ёки халқ дардини кутишдан мантиқ қолмайди.

Агар мана шу икки эътироз (эътибор берсангиз, бу эътирозлар маданиятга, маънавиятга, журналистикага, қадриятларга, менталитетга эмас) амалда ўринсиз ҳолга келса, босма нашрлар ўз-ўзини қоплаб, яшай олса, яна минг йил турмайдими, ҳеч кимнинг қаршилиги йўқ.

Газетачилар раддияларида айтаётган фикрлар, бу форматнинг даври ўтмаганини исботлаш учун келтирилган «чет элнинг фалон миллион нусхаларда чиқаётгани» ҳам, аслида, ўша раддиячиларга танбеҳ ва ўрнак бўлиб янграши лозим. Ахир ўша нашрлар мажбурий обуна ташкил қилмадилар, давлатдан субсидия олмадилар. Улар замонамизнинг технологик ўзгаришларига мослаша олдилар, тўғри маркетинг сиёсати орқали, шу шароитда ҳам яшаб қолиш йўлини топдилар.

Дарвоқе, жаҳоннинг ўша машҳур босма нашрлари ўзларини қадрият санаб, интернетни ёмонлаб ўтирмадилар. Ўз сайтларини очдилар ва айтиш мумкинки, нашрни ўша чўққида ушлаб туриш учун электрон имкониятлардан фойдаландилар.

Энди, худди Алламжонов сингари, мен ҳам муҳаррирларга, нашр эгаларига мурожаат қиламан.

Босма нашрларда ишлайдиган ва зўр бериб, газеталарни ҳимоя қилишга уринаётган ҳамкасбларимга баъзида ачинаман. Чунки уларни тушуниш мумкин — эртага, газета ёпилса, обуналар ёки бюджет камайтирилса, ишсиз, маошсиз қолишади.

Лекин аслида, улар газетани эмас, аксинча, газета уларни ҳимоя қилиши, келажакка ишонч уйғотиши, молиявий барқарор шароит тақдим этиши лозим. Бу эса сизнинг қўлингизда.

Токи, замонавий шартларга интеграциялашмас экансиз, бошқарувдаги хатоларни тузатиб, ўша ҳамкасбларимнинг меҳнатлари, фикрлари, таҳлиллари, дардлари ўқувчиларга энг табиий шартларда етиб боришини таъминлай олмай экансиз, сизни тушуниб бўлмайди.

Бу — журналистикага хиёнатдир. Асл қадрият — мана шу!

Қаҳрамон Асланов.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Газета қадриятми? — Босма нашрлар тақдири борасидаги мунозаралар ҳақида