Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида жуда даҳшатли ҳолат рўй берди — 7 ёшли қизалоқ ўз қариндоши томонидан зўрланди. Бу ҳақда Kun.uz нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, 1987 йилда туғилган Б.С. 2025 йил 14 октябрь куни тоғаси Ж.М.нинг уйида бўлиб ўтган тўй маросимига қатнашган. У маросим пайтида тоғасининг 2018 йилда туғилган невараси И.К.ни алдаш йўли билан четга олиб чиқиб, унга нисбатан жинсий тажовуз содир этган. Жиноятдан сўнг эркак воқеа жойидан қочиб кетган.
Қидирув ишлари икки кун давом этган ва натижада гумонланувчи қўлга олинган. 2025 йил 16 октябрь куни Янгиқўрғон туман суди томонидан унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Маълум бўлишича, Б.С. аввал ҳам шунга ўхшаш оғир жиноятлар учун судланган. 2020 йилда у Наманган туман суди ҳукми билан Жиноят кодексининг 118-моддаси 3-қисми “б” банди бўйича айбдор деб топилиб, 10 йил 2 ойга озодликдан маҳрум этилган. Кейинчалик 2025 йил 19 февралда Чирчиқ шаҳар суди унинг ўталмаган 5 йиллик жазосини ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирган.
Бундан олдин, 2014 йилда ҳам Б.С. Жиноят кодексининг 112, 119 ва 277-моддалари бўйича айбдор деб топилиб, 10 йилга қамалган эди. 2015 йилда унинг жазоси қисқартирилиб, ахлоқ тузатиш ишларига ўзгартирилган.
Ҳозирда 7 ёшли жабрланувчи қизча оғир аҳволда бўлиб, реанимация бўлимида даволанмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!