Тошкент вилоятининг Нурафшон шаҳрида ноқонуний равишда тамаки ва дори воситалари сотиш билан шуғулланган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти маълум қилди.
Маълумотларга кўра, тезкор тадбир чоғида фуқаро И.Э. “Шова” маҳалласидаги уйида ҳужжатсиз ва сифатсиз маҳсулотларни савдога тайёрлаётган пайтда фош этилган. Текширув давомида жами 140,6 миллион сўмлик 7 хил турдаги 8 400 қути тамаки маҳсулотлари, шунингдек 30,6 миллион сўмлик 12 турдаги 780 дона дори воситалари аниқланган.
Барча маҳсулотлар ашёвий далил сифатида мусодара қилинган. Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тегишли идоралар томонидан ноқонуний савдо ҳолатларига қарши курашиш ва аҳолининг саломатлигига таҳдид солувчи сифатсиз маҳсулотларнинг олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!