13:33 / 03.05.2020
2 424

Коронавирус ва биз. «Урушнинг сўнгги қурбони» бўлиб қолманг

Коронавирус ва биз. «Урушнинг сўнгги қурбони» бўлиб қолманг
Фото: AP/ТАСС
Эҳтимоллар назарияси кўпинча бизни алдаб қўяди. Бирор ёмон воқеа эҳтимолининг кам бўлиши гўёки, хавфнинг ўзини ҳам кичик қилиб қўяди гўё. Аслида ундай эмас.

Тасаввур қилинг, олтитадан бештасида ўқ жойлашган тўппонча қўлингизда турибди. Пешонангизга тираб, ота олмайсиз, тўғрими? Эҳтимол катта чунки. Аммо агар бешта эмас, фақат биттасида ўқ бўлсачи? Эҳтимол, беш баравар пасайди. Лекин пешонангизга тираб, ота оласизми? Йўқ. Чунки хавф катта – ўлим. Эҳтимол қанчалиги бир тийин...

Биз асосан дунё олимларининг, давлатларнинг вирусга қарши қандай курашиб, қандай натижаларга эришаётгани ҳақида кўп ёзмоқдамиз, ўқимоқдамиз. Аммо бугун аслида янада муҳимроқ бўлган учинчи фронт ҳақида фикр юритмоқчиман.

Уруш ҳақидаги киноларни кўрганимда, асарларни ўқиганимда, сўнгги кунлардаги йўқотишлар кўпроқ таъсир қилади. Тўғри, инсон ҳаёти ўлчанганда, доим қадрли, лекин фарқи бор — энг оғир даврда, уруш ўчоғида вафот этган инсон ўша шартлардаги умрини, сўнгги кунларда эса, тинчлик даврда ўтиши мумкин бўлган умрини қурбон қилаётган бўлади.

Иккинчи жаҳон урушида Берлинни босиб олишда қатнашган генерал Александр Горбатов ўша операция ҳақида шундай дейди:
«Ҳарбий нуқтайи назардан, Берлинга ҳужум қилиш хато бўлган. Шаҳарни шунчаки қамал қилиш ва бир неча кун кутиш кифоя эди — охири таслим бўлишдан бошқа чоралари қолмасди. Биз эса, ғалаба остонасида турган ҳолатда, шаҳар кўчаларидаги қаршиликдан юз мингга яқин аскар йўқотдик. Уларнинг ҳар бири бу йўлда қандай кунларни бошдан кечирган, эртага онамни, аёлимни, болаларимни кўраман, деган орзу билан ёнаётган олтинга тенг инсонлар эди».

Одамлар билан одамлар урушадиган жаҳон урушларидан фарқли равишда коронавирус кураши бир неча фронтларда кечмоқда.

Биринчиси, дунёдаги вазият, иккинчиси, Ўзбекистондаги вазият бўлса, учинчиси, фақат ўзимиз ва коронавирус ўртасидаги фронт — атрофимиз қай даражада вирусни енгаётгани ёки енгилаётганидан қатъи назар, ўз урушимиз ҳам бор: ўзимизни ва оиламизни асрашимиз керак. Масофа сақлаймиз, гигиенага риоя қиламиз, ўзимизни изоляцияга оламиз, қари ота-оналаримизни эҳтиёт қиламиз ва ҳоказо.

Дунёнинг коронавирусга қарши кураши айнан бугун қандай ҳолатда, Ўзбекистон қайси босқичга келди, бу томони ҳеч ким учун аниқ эмас, ахир бу кўринмас душман — унинг кучини нотўғри баҳолаш ёмон оқибатларга олиб келишининг ҳам гувоҳи бўлдик. Лекин катта эҳтимол билан мамлакатимизда вазият анча барқарорлашган, назоратга олинганидан даракки, турли жабҳаларда карантин шартларини енгиллаштириш қарорлари чиқиб боряпти.

Ҳа, балки бутун дунёда ҳам шунақадир, вирус чекинишни бошлаган, балки биз урушнинг сўнгги босқичидадирмиз.

Аммо, биласизми, бу ҳолат дунёнинг, давлатларнинг ишини бирмунча енгиллаштириши мумкин холос — касаллар сони, ўлимлар сони, ёрдамга муҳтожлар сони кундан кунга камайиб боради. Учинчи фронт ҳақида эса, бундай деб бўлмайди.

Аксинча, уруш охирлаган сари, инсон ҳаётининг қадри ошиб бораверади. Бекорга Берлин воқеасини эсга олмадим — дунё бир кун вирусни енгиши аниқ, давлатлар якунда вазиятни ўнглаб, эски ҳаёт тарзига қайтиши вақт масаласи, лекин алоҳида бир инсоннинг вирус билан кураш натижаси маълум эмас, худди ғалабани ўз кўзи билан кўриб, Берлин остонасида, «эртага оиламга қайтаман» деган ишонч билан туриб, дайди ўқ қурбони бўлган аскар каби.

Давлат карантин шартларини енгиллата бошлаганини тўғри англашни билишимиз керак. Бу қарорлар давлат ўз фронтида ғалаба қозонаётгани белгиси, демак, бундан кейин у тайёр, барчасини назоратда ушлай олади.

Ўз навбатида бу қарорлар вирус осмонга чиқиб, юртимизни тарк этаётганини ёки одамларнинг иммунитети ошиб, касал бўлмаслигини англатмайди. Шунчаки, давлат баъзи жабҳаларда вирус билан курашишни ўз масъулиятимизга юкламоқда – энди давлат ишлашни тақиқламаяпти, лекин энди, ишга борганда эҳтиёт бўлишимиз, ҳимояланишимиз ўз қўлимизда, давлат машинада юришга рухсат беряпти, аммо энди баъзи нарсаларни ўзимиз учун тақиқлаш ўз зиммамизда турибди.

Шахсан сиз учун ўша машина билан кўчага чиқиш тақиқланган биринчи кунда хавф қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай, карантин қоидалари оғирлашишни бошлаган илк кунларда касаллар сони бармоқ билан санарли бўлган, ҳозир икки мингдан ошди. Аммо одамлар худди ҳаммаси ортда қолгандек кайфиятда бўлаётгани, давлат «машинада юраверинглар» деса, байрам қилиб, кўчани тўлдираётгани бироз ғалати туюлади.

Тақиқлар масъулиятни камайтиради. Тақиқнинг олиниши — энди танлов имкониятимизнинг ўзимизга ҳавола этилишидир. Яъни масъулият ўз зиммамизга ўтди.

Худо кўрсатмасин, вирусга чалиниб, бошқаларга, ўз яқинларингизга, ёши катта қариндошингизга юқтирсангиз-у, оқибат ёмонлик билан тугаса, карантин тугагани-ю, бутун дунё бир кун вирусни енгганининг, уйингиз девори орқасида байрам бўлаётганининг сизга қандай аҳамияти қолади? Ахир сиз ўз фронтингизда мағлуб бўласиз, бу энг даҳшатлиси эмасми?

Вирус билан кураш давом этади: эҳтиёткорликни оширишимиз, гигиеник қоидаларга амал қилишимиз, имкон қадар масофа сақлашимиз жуда зарур бўлган палла кириб келмоқда. Вирус юқиш эҳтимоли пасайгани билан, худди кириш қисмида тўппонча мисоли каби, унинг хавфли касаллик экани, сизга ва яқинларингизга зарар келтириш даражаси ҳамон ўшандай турибди.

Айниқса ҳозир. Ғалаба яқинлашган сари...

Кўчага чиқиш мумкин бўлмаган, ҳамма уйида сақланиб ўтирган, кун сайин касаллар ва ўлимлар сони ортгани сари ваҳимага тушиб ўтирадиган ҳаёт эмас, аввалгидек, дам олиш, масжидга чиқиш, тўй қилиш, саёҳатга, футболга бориш бемалол бўлган ажойиб ҳаётга яқин қолганда...

Урушнинг сўнгги қурбони бўлиб қолманг... Бу янада аламлироқ.

Қаҳрамон Асланов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирус ва биз. «Урушнинг сўнгги қурбони» бўлиб қолманг