
Ўтган октябрь ойи давомида мамлакат бўйлаб энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кескин ошгани маълум бўлди. Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси маълумотларига кўра, фақат бир ой ичида тизимга қарийб 100 миллиард сўм миқдорида зарар етказилган.
Маълум қилинишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган кенг кўламли текширувлар чоғида 192 та ҳолатда истеъмолчилар томонидан энергия манбаларидан ноқонуний тарзда фойдаланилгани аниқланган.
Текширув натижаларига кўра, фуқаролар ва айрим корхоналар 22,3 миллион кВт соат электр энергиясини (63,9 миллиард сўм қийматда) ҳамда 11,4 миллион куб метр табиий газни (35 миллиард сўм қийматда) ҳеч қандай ҳисобсиз сарфлаган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, умумий зарар 99 миллиард 15 миллион сўмни ташкил этган.
Бундан ташқари, энергиядан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 479 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Ҳуқуқбузарларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга юборилган.
Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат иқтисодий йўқотишларга, балки умумий таъминот тизимидаги барқарорликка ҳам жиддий таъсир кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятидаги бир масъулияти чекланган жамият томонидан 4,6 миллиард сўмлик электр энергиясини ноқонуний йўл билан ишлатган ҳолат фош этилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!