06:30 / 21.06.2020
2 744

Ўзбекистонда янги имиграцион виза тури жорий этилади

Ўзбекистонда янги имиграцион виза тури жорий этилади
Фото: оrphanednation.com
Ўзбекистонда даромадлари юқори ва академик ютуқлари кўп бўлган одамларни жалб қилиш учун икки ой ичида янги — Uzbekistan is my second home (Ўзбекистон — иккинчи уйим) иммиграцион виза тури ишлаб чиқилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси департамент бошлиғи Шуҳрат Исақулов «Ўзбекистон 24» канали эфирида маълум қилди.

Таъкидланишича, бу «Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонида қайд этилган.

«Бу визанинг янги туридир. Ушбу ҳужжатнинг асосий мантиғи ва мақсади юқори академик билимларга, ҳаётий кўникмаларга эга бўлган юқори даромадли одамларни яшаш учун мамлакатимизга жалб қилишдир. Улар мамлакатимизда мустақил равишда ёки оила аъзолари билан яшаши ва ўз билимлари билан мамлакатимизга ҳисса қўшишлари мумкин. Бу, шунингдек, билим узатишнинг жуда катта манбайидир», — деди у.

Шунингдек, фармон билан 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда туристик солиқларни ҳисоблашнинг ягона тизими жорий этилади. Бу тақдим этилаётган хизматларнинг сифати, меҳмонхоналардаги жойлар сони мониторингини юритиш, шунингдек, хорижий фуқароларнинг кириши ва чиқишини назорат қилиш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 июндан бошлаб «сариқ» ва «яшил» ҳудудларда ички туризм ўз ишини қайта бошлайди. Ўзбекистонда туризмнинг тикланиши уч босқичда амалга оширилади.

Президент фармонига асосан, туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича бир қатор имтиёз ва имкониятлар белгилаб берилди, туроператорлар ва жойлаштириш воситаларига фоизсиз ссудалар ажратилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда ички туризм соҳасида 200 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлаш мумкинлиги, коронавирусга чалинган туристларга 3 минг доллар миқдорида компенсация тўланиши маълум қилинган эди.

Манба: Daryo.uz

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда янги имиграцион виза тури жорий этилади