date

Йоахим Лёв Ўзбекистон билан ҳамкорликни муҳокама қилмоқда

Йоахим Лёв Ўзбекистон билан ҳамкорликни муҳокама қилмоқда
Жаҳон футболида ўзига хос ўрин эгаллаган мураббий – Йоахим Лёв номи Ўзбекистон футболи атрофидаги муҳокамалар марказида турибди. Германия терма жамоаси билан 2014 йилдаги Жаҳон чемпионатида зафар қучган, дунё миқёсида обрўли мутахассис Ўзбекистон футбол ассоциацияси билан мулоқот олиб бораётгани ҳақида ишончли манбалар хабар тарқатмоқда.

Маълумотларга кўра, гап ҳозирча бош мураббийлик ҳақида эмас, балки маслаҳатчи сифатида жалб этиш эҳтимоли ҳақида кетмоқда. Ассоциация Лёвга терма жамоанинг Жаҳон чемпионатига тайёргарлигини умумий назорат қилиш, таҳлил бериш ва тактик йўналишларни такомиллаштириш бўйича маслаҳатчи вазифасини таклиф этган.

"Томонлар ўртасида алоқа бор. Лёв Ўзбекистон билан ишлашга ёмон қарамаяпти. Аммо уни бош мураббий қилиб тайинлаш ҳозирги кун тартибида эмас", — дейди мутахассисга яқин манба.

Бу оралиқда федерация ичида турли фикрлар пайдо бўлган. Айрим амалдорлар таниқли мутахассиснинг мавжудлиги Жаҳон чемпионатидаги чиқишга ижобий таъсир кўрсатишига ишонишмоқда ва Лёвни тўлиқ бош мураббий қилиб тайинлаш тарафдори. Аммо бошқа қанотда эса жамоани мундиалга олиб чиққан Тимур Кападзени ҳимоя қилаётганлар бор. Кападзенинг ўзи эса ёрдамчи лавозимини қабул қилишдан бош тортган. Агар Лёв бош мураббий этиб тайинланса, у жамоани тарк этиши мумкин.

Ҳозирча қарор қабул қилинмаган. Музокаралар давом этмоқда. Қаршилик ҳам бор, қизиқиш ҳам йўқ эмас. Бу ҳолат эса, ўз-ўзидан, терма жамоа келажаги учун муҳим босқичга айланганини англатади.

Агар Лёв Ўзбекистон билан келишувга эришса, бу нафақат маҳаллий футбол тарихида, балки халқаро спорт саҳнасида ҳам катта воқеа бўлиши мумкин. Ҳозир эса барча саволларга фақат вақт жавоб беради.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Йоахим Лёв Ўзбекистон билан ҳамкорликни муҳокама қилмоқда