date

Бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та автомашина

Бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та автомашина
9 ой олдин Наманганда юзлаб автомобиллар давлат рўйхатидан ноқонуний ўтказилгани ҳақида ёзгандик. Ушбу иш тафсилотлари маълум бўлди. Эшитган одам ёқа ушлайди: жиноятчиларда отнинг калласидай юрак бўлганига “қойил қолмай” иложи йўқ. Ҳатто ИИБ ходимлари билан тил бириктириб, 1 йилда 300 га яқин машинани гумдон қилган бу шоввозларни Голливуд филмларида ҳам кўрмагансиз. Қонунлар билан бошқариладиган Ўзбекистонда бундай ишлар бўлаётгани одамни ўйлантириб қўяди. Мақолани ўқинг ва ўзингиз хулоса чиқаринг.

Одатда машина савдоси билан боғлиқ аксарият фирибгарлик ишларида олувчи чув тушади. Буни турли автолизингчи фирмалар, осон шартларда машина олиб беришни ваъда қилган сохта автосалонлар мисолида кўп кўрганмиз. Бироқ ушбу уюшган гуруҳ фақат машинасини сотмоқчи бўлганларни алдаган. Уларнинг жиноий схемаси тўрига кўплаб оддий одамлар ҳам илинган.

Уюшган гуруҳ

Ушбу уюшган гуруҳ анча катта. Улар орасида Тошкент ва Наманган вилоятлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаларининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими инспекторлари ҳам бор. Шу сабабли жиноий иш иккига ажратилган. Биз бугун ушбу икки “дело”нинг биринчиси ҳақида ҳикоя қиламиз.

Жиноят ишининг бошланиш нуқтаси водий вилоятларига бориб тақалади. Гуруҳга 1991 йилда Наманган вилоятида туғилган Акмалхон Ҳошимов раҳбарлик қилган. Уюшган гуруҳда Ҳабибулло Матисаев, Аброр Зайнутдинов, Умид Мамадалиев, Шуҳрат Далимов, Муродилло Баятов, Зухруддин Чалов, Севара Аҳмаджонова каби шахслар бўлган.

Kun.uz танишган суд ҳужжатида келтирилишича, гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзига ажратилган вазифани бажарган. Гуруҳдаги асосий вазифалардан бирини Навоий шаҳрида давлат рўйхатидан ўтказилган “Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази” МЧЖ раҳбари Муродилло Баятов амалга оширган.

Ишончни оқламаган харидор

Уюшган гуруҳ машинасини сотмоқчи бўлганларни топиб, чув туширган ҳолда автомобилини бошқа шахсга ўтказишни ва ноқонуний даромад кўришни мақсад қилишган. Гуруҳ бу ишни амалга ошириш учун бир неча усулдан фойдаланган.

Усуллардан бири сифатида машинасини сотмоқчи бўлган фуқароларни ҳам автомобилга, ҳам кредитга чув туширишган.

Жумладан, Акмалхон Ҳошимов шериклари билан 2023 йил 8 апрел куни Тошкент тумани ҳудудида фуқаро Акбар Абдухабиров билан учрашиб, унинг Laсetti машинасини бўлиб тўлаш шарти билан 11 минг АҚШ долларига сотиб олишга келишган. Акмалхон Ҳошимов машина эгасига бошланғич тўлов сифатида 2 минг АҚШ доллари берган. Қолган пулни 2 ой давомида тўлаб беришни ваъда қилган. Сўнгра ўзаро ижара шартномаси тузган ҳолда оғзаки келишиб, машинани қабул қилиб олган. Акбар Абдухабиров харидорга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини тақдим этувчи ишончнома расмийлаштириб берган.

Бироқ Акмалхон Ҳошимов берган ваъдасини бажармаган. У қолган пулни тўламасдан Laсetti’ни водий вилоятларида машина олди-сотдиси билан шуғулланувчилар орқали бошқа шахсларга сотиб юборган.

Ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу машина, унинг давлат рақам белгилари ва қайд этиш гувоҳномалари қаерда эканлиги аниқланмаган.

“Гўшти ҳам, мойи ҳам ўзидан”

Уюшган гуруҳ “ўлжасини” асосан Тошкент шаҳрининг Сергели туманидаги машина бозоридан излаган. Уларнинг қармоғига 2023 йил 24 май куни Солижон Ҳасанбоев илинган. У Captiva машинасини сотиш ниятида эди.

Зухруддин Чалов Солижон Ҳасанбоевни ўз номига иккиламчи автокредит расмийлаштиришга кўндирган. У кредит тўловларини унинг номидан 6 ой ичида ўзлари тўлиқ тўлашини ваъда қилган. Шу тариқа Солижон Ҳасанбоев номига “Капиталбанк”нинг Мирзо Улуғбек филиалидан 317 млн сўм миқдорида иккиламчи автокредит расмийлаштирилган.

Сўнгра Солижон Ҳасанбоевнинг 2018 йил ишлаб чиқарилган Captiva’сини Тошкент вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида давлат рўйхатидан ўтказган ҳамда янги давлат рақам белгиси ва қайд этиш гувоҳномаси олган. Машина нотариал тартибда банк томонидан гаровга қўйилган.

Зухруддин Чалов машинани ижарага бериш баҳонасида ҳужжатларни эгаллаб, уни кейинчалик ноқонуний сотиш учун Акмалхон Ҳошимовга топширган. Шу тариқа Captiva ҳақиқий эгасидан унинг ўзининг номига расмийлаштирилган кредит орқали сотиб олинган. Бироқ ваъда қилинганидек кредит тўловлари тўланмаган.

Машина эса давлат рақам белгиси, кузов ва мотор рақамлари ўзгартирилган ҳолда бошқа шахсларга сотиб юборилган. Ушбу Captiva ҳам тезкор-қидирув тадбирлари давомида топилмаган.

300 долларлик “хўрак”

Уюшган гуруҳ кам таъминланган ва пулга муҳтож инсонларни ҳам аяб ўтирмаган. Уларнинг яна бир усули шунақа инсонлар билан боғлиқ. Яъни гуруҳ иқтисодий жиҳатдан пулга муҳтож одамларни топиб, 200-300 доллар берган ҳолда уларнинг номига кредит расмийлаштириб, машина олишган.

Масалан, улар 2023 йил 7 сентябр куни мавсумий ишчи бўлган Гулсанам Қурбоновани айни шу усулда чув туширишган. Аёлнинг ишончига кирган эркаклар уни 300 доллар эвазига номига иккиламчи автокредит расмийлаштиришга кўндиришган. Ва албатта, кредит тўловларини аёлнинг номидан ўзлари тўлашларини айтишган.

Сўнгра Гулсанам Қурбонованинг фуқаролик паспорти олиниб, ягона интерактив давлат хизматлари порталидаги шахсга оид маълумотлари модификация қилинган. Яъни порталга ўзини-ўзи банд қилувчи шахс сифатида ёлғон маълумотлар киритилган. Шундан кейин аёлнинг номига “Капиталбанк”нинг Сергели филиалидан 195,5 млн сўм миқдорида иккиламчи автокредит расмийлаштиришган. Бу пулга олинган Lacetti Сирдарё вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлимида рўйхатдан ўтказилган ҳамда янги давлат рақам белгиси ва қайд этиш гувоҳномаси олинган. Машина олинган кредит учун гаров таъминоти сифатида таъқиққа қўйилган.

Расмийлаштирилган ҳужжатлар такси хизмати олиб бориш баҳонасида Гулсанам Қурбоновадан олинган. Шу тариқа кредит тўловлари аёлнинг зиммасида қолган, машина эса олиб кетилган.

Ушбу Lacetti терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган автомашина таъмирлаш устахоналарнинг бирига олиб борилган. У ерда машинанинг двигател ва кузов рақамлари жойлашган юзалари қўлбола усулда чархланиб, бошқа рақам ва белгиларга ўзгартирилган. Сўнгра сохта ҳужжатлар орқали Lacetti ноқонуний тарзда қайта давлат рўйхатидан ўтказилган ва ўзга шахсларга сотиб юборилган.

Машина, унинг давлат рақам белгилари ва қайд этиш гувоҳномалари ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида топилмаган.

Ғойиб бўлган машиналар

Уюшган гуруҳ ушбу усуллар орқали кўплаб фуқароларни чув туширган. Улар 2024 йил 9 апрел куни соат 15:00 да тезкор тадбир давомида ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд ҳужжатида гуруҳ томонидан 276 та машина жиноий йўл билан эгаллаб олингани қайд этилган. Уларнинг аксарияти Laсetti, Cobalt, Nexia, Malibu, Monza, Equinox русумидаги машиналар. Шунингдек, улар орасида Spark, KIA, Labo, Hyundai, Tracker ва Captiva каби автомобиллар бор.

Ҳукмга кўра, ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида машиналарнинг фақатгина 25 таси топилган, 158 таси топилмаган. Бундан ташқари, 49 та машина Ғишткўприк ҳамда 44 та автомобил Яллама божхона чегара пости орқали Қозоғистонга олиб чиқиб кетилгани ва қайтиб Ўзбекистон ҳудудига кирмагани аниқланган.

Суд мажлисида қўшимча гувоҳ сифатида сўралган Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов департаменти катта терговчиси жиноят иши доирасида 100 та машина бўйича айблов эълон қилинганини, суд муҳокамасига қадар 24 та машина топилганини, жиноят иши доирасида 100 дан ортиқ машина чет давлат ҳудудида экани аниқланганини маълум қилган.

Ҳукмда дастлабки тергов органи томонидан Акмалхон Ҳошимов жиноий йўл билан эгалланган машиналар сотувидан 2023-2024 йилар давомида 40 млрд 792 млн сўм топгани аниқлангани келтирилган.

Сохта аукцион

Ушбу жиноят ишида Муродилло Баятов асосий вазифалардан бирини бажарганини айтгандик. Гап шундаки, у жиноий йўл билан қўлга киритилган машиналарни қайта давлат рўйхатидан ўтказишда сохта ҳужжатлар тайёрлаб берган. Бу қандай амалга оширилганини бир ҳолат мисолида келтириб ўтамиз.

Уюшган гуруҳ муқаддам жиноий йўл билан эгаллаб олган Lacetti машинасини терговда аниқлашнинг имкони бўлмаган автомашина таъмирлаш устахонасига олиб борилган. Эшиклари беркитилган устахонада машинанинг қатъий ҳисобдаги двигател ва кузов рақамлари жойлашган юзалари махсус техника воситалари билан қўлбола усулда чархланган. Сўнгра рақам урувчи махсус мослама ёрдамида кузовга келиб чиқиш манбаси аниқ бўлмаган XWB5V31BDPA927295 рақами туширилган.

Бу орада фуқаро Баҳодир Норматовнинг алдов йўли билан олинган шахсига оид маълуомотлари Муродилло Баятовга тақдим қилинган. У ушбу маълумотлардан қонунга хилоф равишда фойдаланган. Яъни двигател ва кузов рақамлари ўзгартирилган Lacetti машинасини гўёки Баҳодир Норматов аукцион савдоларида сотиб олгани ҳақида сохта ғолиблик баённомаси ва унга асос бўлган олди-сотди шартномасини тайёрлаган. Ушбу ҳужжатларда сотувчи ва сотиб олувчининг имзолари қалбакилаштирилган. Муродилло Баятов ҳужжатларни ўз имзоси, юмалоқ муҳри ва QR-код билан тасдиқлаган.

Шундан сўнг ушбу сохта ҳужжатлар Баҳодир Норматов номидан сохта имзо қўйилган ариза асосида Тошкент вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлинмасига тақдим қилинган. Шу тариқа машина давлат рўйхатидан ўтказилган ва янги қайд этиш гувоҳномасини ҳамда 10 Y 081 QA давлат рақам белгиси берилган. Сўнгра машина сотиб юборилган.

“Жиноий уюшма ташкил қилмадим”

Акмалхон Ҳошимов судда айбига қисман иқрор бўлган ҳамда жиноий уюшма ташкил қилмаганини билдирган.

“Бир неча йиллардан бери автомашина савдоси билан шуғулланиб келаман. Таъмирланган машиналар савдоси билан ҳам шуғулланганман. Фаолиятим давомида жуда кўп машина олиб сотдим. Уларнинг ҳаммасини эслай олмайман.

Мен жиноят содир этиш учун уюшган гуруҳ ташкил этмадим ва унга раҳбарлик қилмадим. Баъзи ҳолларда ҳужжатлари бўлмаган автомашиналарга аукцион баённомаларини расмийлаштириб, уларни сотганман. Ушбу машиналарни Абдулахад исмли шахсдан олганман.

Абдулла исмли шахс билан танишиб қолганимда у менга аукцион орқали автомашиналарга ҳужжат тайёрлаб беришини айтган. Текширганимда ушбу ҳужжатлар ишонарли бўлган. Ушбу ҳужжатлар билан кейинчалик нотариал идораларда ҳам ҳужжатлар расмийлаштирилган. Асосан Қорақалпоғистондан таъмирталаб машиналарни олиб келиб, уйда таъмирлаб сотганман. Ушбу машиналарнинг кузов рақами ва рангини Абдуллага хабар қилиб жўнатганман, у эса менга аукцион орқали ҳужжатлар расмийлаштириб берган. Шу усулда тахминан 50 тача машина сотдим. Абдулаҳаддан ҳам 6 ёки 7 та машина олиб сотганман.

Ҳақиқатан ҳам Абдулаҳад машиналарнинг кузовидаги рақамини ўзгартирадиган ускуна олиб келган. Уни ишлатиб кўрганмиз, аммо кўзланган мақсадга эриша олмаганмиз. Олиб сотган машиналаримнинг кузов рақамларини ўзгартирмаганман”, деган ўз кўрсатмасида Акмалхон Ҳошимов.

Шунингдек, у машиналарга банклардан кредит ажратилишига умуман алоқаси йўқлигини, тергов даврида 5-6 та машинани терговчига топширганини билдирган ҳамда суддан одилона ҳукм чиқаришни сўраган.

Суд ишида Акмалхон Ҳошимовга оид яна бир эпизод бор. Бу Акмалхон Ҳошимов ўзининг вояга етмаган ўгай қизи билан жинсий алоқа қилиб келгани ҳақида. Тергов органи ушбу айбловни 118-моддаси 4-қисми, яъни 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш билан квалификация қилган. Бироқ суд тергов органи нотўғри хулосага келган, деб ҳисоблаб, Акмалхон Ҳошимовнинг бу қилмишини Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “а, б” бандларига қайта квалификация қилишни лозим топган.

Қиз судда ўгай отаси номусига тегиб, бир йил давомида жинсий алоқа қилиб келганини, унга лирика ва регапен каби дориларни бериб келгани боис ушбу дориларга ўрганиб қолганини айтган.

Жазо

Суд ҳукми билан Акмалхон Ҳошимовга 9,5 йил, Ҳабибулло Матисаев ва Шуҳрат Далимовга 9 йилдан, Аброр Зайнутдинов, Муродилло Баятов ва Умид Мамадалиевга 8 йил 3 ойдан, Зухруддин Чаловга 9 йил 1 ой, Севара Аҳмаджоновага 6 йил 8 ой, Комил Йўлдошевга 3 йил 3 ой, Сардор Эргашевга 8 йил 7 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Ҳукмда жиноят иши бўйича етказилган зарарни қоплаш мақсадида:
  • Акмалхон Ҳошимов, Зухруддин Чалов ва Севара Аҳмаджоновадан солидар тартибда 10 та жабрланувчига жами 2 млрд 952 млн сўм;
  • Акмалхон Ҳошимов, Шуҳрат Далимов ва Аброр Зайнутдиновдан солидар тартибда бир нафар жабрланувчи фойдасига 256 млн сўм;
  • Акмалхон Ҳошимов, Шуҳрат Далимов, Аброр Зайнутдинов, Ҳабибулло Матисаев ва Умид Мамадалиевдан солидар тартибда 157 нафар жабрланувчидан жами 25 млрд сўмдан ортиқроқ;
  • Акмалхон Ҳошимов, Шуҳрат Далимов, Аброр Зайнутдинов, Ҳабибулло Матисаев ва Муродилло Баятовдан солидар тартибда 2 нафар жабрланувчига 458,4 млн сўм;
  • Акмалхон Ҳошимов, Шуҳрат Далимов, Аброр Зайнутдинов, Ҳабибулло Матисаев, Муродилло Баятов ва Умид Мамадалиевдан солидар тартибда 37 нафар жабрланувчига жами 8,5 млрд сўмдан ортиқ пул маблағлари ундирилиши белгиланган.

Бундан ташқари, 17 та машина уларни қонунда назарда тутилган тартибда сотиб олган ва жиноят иши бўйича жабрланувчи деб топилган шахсларга қайтарилган. Ашёвий далил сифатида олинган ва қонуний эгаси маълум бўлмаган 4 та машина эса жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилган.

Фото: Kun.uz
Руслан Сабуров,
Суд материали асосида тайёрланди.

Манба: Kun.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бунақаси кам учрайди: яширин устахона ва ғойиб бўлган 276 та автомашина