
Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғлаб турадиган Тахтақорача довонида кўп йиллардан бери кутилган туннел қурилишига ниҳоятда жиддий қадам қўйилди. Бу ҳақда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Олий Мажлисдаги чиқиши пайтида маълум қилди.
Вазирнинг айтишича, лойиҳа давлат-хусусий шерикчилик асосида амалга оширилади. Қурилиши режалаштирилаётган туннелнинг узунлиги тахминан 7 километрни ташкил этади. Ҳозирги вақтда эса унга даъвогарлардан техник-иқтисодий асосларни тақдим этиш сўралмоқда.
«Август ойида уч нафар талабгор орасида танлов ўтказамиз. Ғолиб деб топилган компания билан шартнома тузилади ва лойиҳа амалга оширилади. Бу йилнинг ўзида лойиҳалаштириш ишларини якунлаб, амалий босқичга ўтамиз», — деди Илҳом Маҳкамов.
Мазкур туннел қурилишига доир илк ташаббус 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилганди. Аммо орадан бир неча йил ўтса-да, амалда ҳеч қандай иш бошланмагани учун 2023 йил июлдаги йиғилишда давлат раҳбари лойиҳа бор-йўғи қоғозда эканини кескин танқид қилганди.
Шу йилнинг ўзида, хусусан октябрь ойида Қашқадарёда ўтказилган йиғилишда Президент яна бир бор бу масалага қайтиб, туннел қурилиши бўйича ишларни жадаллаштириш бўйича аниқ кўрсатмалар берган.
Маълумки, Тахтақорача довони нафақат мавсумий хавфли, балки йирик йўл-транспорт оқими билан юкланган нуқта ҳисобланади. Қиш ойларида юз бериши мумкин бўлган ёнғин, қор ёғиши ёки музлаб қолиш каби хавфлар туфайли бу туннел қурилиши нафақат қулайлик, балки хавфсизлик нуқтаи назаридан ҳам долзарб аҳамиятга эга.
Фуқаролар орасида бу туннелнинг пулли бўлиши масаласи ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Аммо мутахассислар айтишича, бу каби йирик инфратузилмавий лойиҳаларнинг тез ва самарали амалга ошиши учун давлат-хусусий шериклик ва тўловли хизматлар жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган ечим ҳисобланади.
Тахтақорача туннели яқин келажакда йўл инфратузилмасидаги энг муҳим объектлардан бирига айланиши кутилмоқда. Қурилиш бошланиши ортидан мамлакатдаги транспорт оқимига катта енгиллик келтириши, юк ва йўловчи ташиш самарадорлиги ошиши ҳамда иқтисодий фаолликка ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар