22:08 / 20.07.2020
3 523

Айирбошлаш ва ҳадя бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Айирбошлаш ва ҳадя бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?
Иллюстратив фото
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада амалдаги Фуқаролик кодексининг айирбошлаш ва ҳадя қилиш билан боғлиқ муносабатларини тартибга солувчи тегишли бобларига ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Жумладан, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган (қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда) автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномасини нотариал тасдиқлаш (амалдаги Фуқаролик кодексининг 498-моддаси) тартибини чиқариб ташлаш таклиф этилиб, автотранспорт воситасига нисбатан умумий қоидалар қўлланилиши белгиланди.

Иккинчидан, мазкур модданинг иккинчи ва учинчи қисмларидаги айирбошлаш шартномасидаги айирбошланадиган товарлар баҳоси бўйича фарқларни ҳал этишда шартнома тузишда тарафлар эркинлигини чекловчи нормалар ҳам ўзгартирилди. Яъни, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли бўлмаган тақдирда, масалани тарафларнинг эркин келишуви орқали ҳал этишнинг соддалаштирилган усулини тақлиф этилди.

Учинчидан, айирбошлаш шартномасига мувофиқ товарни топшириш мажбуриятини муқобил бажариш, айирбошланадиган товарларга бўлган мулк ҳуқуқининг ўтиши, айирбошлаш шартномаси бўйича олинган товарни олиб қўйганлик учун жавобгарлик масалалари чиқариб ташланиб, ушбу ҳолатларга нисбатан олди-сотди тўғрисидаги умумий қоидалар айирбошлаш шартномасига нисбатан тадбиқ этилиши белгиланди.

Маълумот учун: 2019-йил давомида айирбошлаш бўйича барча Иқтисодий судларнинг биринчи инстанциясида жами 4 та иш кўрилган. Шулардан 3 тасида даъво қаноатлантирилган.

Ҳадя шартномасига оид ўзгартиришлар
Бунда, аввало, ҳадя шартномасининг тушунчаси соддалаштирилиб, қуйидаги таҳрирда баён этилди: «Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) мол-мулкни бошқа тараф (ҳадя олувчи)га унинг рухсати билан текинга мулк қилиб беради». Шунингдек, лойиҳада келажакда ашёларни топширишни назарда тутадиган ҳадя усулини истисно қилиш таклиф ҳам этилмоқда. Яъни, бирон бир ашёни ёки мулк ҳуқуқини кимгадир текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш ваъдаси ҳадя шартномаси деб тан олинмайди. Ҳадя предмети ҳадя шартномаси тузилган заҳоти берилиши лозим. Тарафларнинг ҳадя предметини келажакда беришга келишганлиги юридик кучга эга бўлмайди.

Яна бир ўзгаришки, агар шартнома ёзма шаклда тузилган бўлса, рад этиш ҳам ёзма шаклда амалга оширилиши шартлиги, шартнома рўйхатдан ўтказилган бўлса, ҳадяни қабул қилишни рад этишни ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш лозимлиги каби чекловлар чиқариб ташланмоқда. Шартноманинг шаклига нисбатан ҳам битимлар шаклига оид умумий қоидалар қўлланилиши белгиланаётир.

Бундан ташқари лойиҳада мол-мулкни ҳадя қилиш ҳадя қилувчининг ёки унинг қарамоғидаги шахсларнинг тирикчилик манбаидан маҳрум қилса, шахс мол-мулкни ҳадя қилишга ҳақли эмаслиги белгиланмоқда. Шунингдек, ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш ҳадяни бекор қилиш тартиби билан қамраб олинганлиги учун (ҳадя шартномасини бажаришдан бош тортиш) тартиби чиқариб ташлаш каби янги меъёрлар киритилган.

Фуқарлик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасида Германия, Франция, Испания, Нидерландия, Россия, Грузия, Корея, Япония каби ривожланган хорижий давлатлар тажрибасидан фойдаланилди.

Лойиҳасининг айирбошлаш ҳамда ҳадя бобларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар битимлар институтини такомиллаштириш, ҳадя шартномавий-ҳуқуқий муносабатларининг сифат жиҳатдан янги механизмларини жорий қилиш, шу жумладан, айирбошлаш ҳамда ҳадя шартнома турларини оптималлаштириш, ушбу шартномаларни тузиш эркинлигини кенгайтиришга ёрдам беради.

Зафар Эргашев,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Айирбошлаш ва ҳадя бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?