
Қатарда ташкил этилган ва 2026 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этадиган тўрт мамлакат — Ўзбекистон, Эрон, Миср ҳамда Кабо-Верде терма жамоаларини бир жойда тўплаган “Al-Ain Cup” халқаро турнири маълум маънода синов майдонига айланди. Ушбу мусобақа ҳар бир жамоа учун имкониятлар, куч нуқталари ва камчиликларни кўрсатиб берувчи муҳим майдон бўлди. Ва айнан шу баҳслар орасидан Ўзбекистон терма жамоаси ғолиб сифатида чиқишга муваффақ бўлди.
Дастлаб, Остон Ўруновнинг икки маҳоратли зарбаси Миср терма жамоасини мағлуб этишга замин яратди. Муҳаммад Салоҳ бошчилик қиладиган рақибга қарши 2:0 ҳисобидаги ғалаба футбол ишқибозларига катта ишонч бағишлади. Шундан сўнг энг муҳим баҳс — финал қарама-қаршилиги Эронга қарши кечди.
Финал драматизми 69-дақиқада янада кучайди. Ҳимоячи Абдулла Абдуллаев йўл қўйган хато вазият тобора хавфлилаша бошлаганда, Абдуқодир Ҳусанов рақибга қарши ҳужумни тўхтатиш учун қатъий киришди. Бироқ ҳакам бу ҳаракатни қўпол деб баҳолаб, ёш ҳимоячини тўғридан-тўғри майдондан четлатди. Шундан сўнг терма жамоамиз қарийб 20 дақиқа бир киши кам бўлиб ўйнашга мажбур бўлди.
Эрон футболчилари томонидан босим кучайди, бурчак тўплари, хавфли зарбалар кўпайди. Аммо Фабио Каннаваро шогирдлари сўнгги дақиқаларгача ўзини йўқотмади, интизомни сақлади ва дарвоза дахлсизлигини мустаҳкам ҳимоя қилди. Айниқса, Абдувоҳид Неъматовнинг бир неча мураккаб зарбани қайтаргани жамоани ўйинда ушлаб қолди.
Асосий вақтда ҳисоб очилмагани боис, ғолибни пенальтилар аниқлади. Асабларни титратган мусобақада яна Неъматов қаҳрамонга айланди. Унинг қутқарувлари ўз самарасини берди ва Ўзбекистон 4:3 ҳисобида зафар қучиб, “Al-Ain Cup” мусобақасининг бош совринини қўлга киритди.
Мусобақадан кейин хорижий экспертлар ҳам бу финални атрофлича муҳокама қилмоқда. Хусусан, футбол таҳлилчиси Николай Егоричев Абдуқодир Ҳусановнинг майдондан четлатилган вазиятига алоҳида тўхталди. Унинг фикрича, ҳимоячи вазиятни тўпга ташланиш орқали эмас, балки позицион тўғри танлов орқали бартараф этиши мумкин эди.
Егоричев шу билан бирга Фабио Каннаваро собиқ дунё даражасидаги ҳимоячи сифатида мазкур хатони Абдуқодир билан индивидуал таҳлил қилиб чиқиши табиий эканини таъкидлади. Унингча, бу вазият ёш ҳимоячи учун катта дарс, терма жамоа учун эса қимматли хулоса бўлиши мумкин.
Шунга қарамасдан, Ўзбекистоннинг умумий ўйини, интизоми ва характерини тан олмасликнинг иложи йўқ. Жамоа бир киши кам бўлиб ҳам рақиб босимига дош берди, пенальтиларда эса барибир ўз сўзини айта олди. Бу ғалаба — жамоанинг руҳи, чиқишиш кучини ва жаҳон чемпионатига тайёргарлик қоғозда эмас, амалда ўсиб бораётганини кўрсатади.
Ал-Айнда қайд этилган ушбу зафар футболчилар, мураббийлар ва ҳар бир мухлис учун қимматли ҳиссиёт бўлиб қолди. Жамоамиз синовдан ўтди ва ундан янада кучлироқ ҳолда чиқди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.