19:43 / 22.07.2020
3 306

Коронавирусни енгил шаклда кечираётган беморларни уй шароитида парваришлаш бўйича тавсиялар

Коронавирусни енгил шаклда кечираётган беморларни уй шароитида парваришлаш бўйича тавсиялар
Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «COVID-19ни енгил шаклда кечираётган беморларни уй шароитида олиб бориш бўйича вақтинчалик клиник қўлланма»ни ишлаб чиқди.

Таъкидланишича, ушбу қўлланмада COVID-19 енгил шакли билан касаллланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда ҳозирги кунда мавжуд бўлган клиник далиллар, мақбул амалиётлар хамда экспертларнинг фикрлари келтирилган. Тавсиялар ЖССТ, CDC каби етакчи ташкилотларнинг материаллари асосида ишлаб чиқилган.

Касалликнинг енгил шаклда кечиши қуйидаги белгилар билан намоён бўлади:
Тана ҳароратининг 38°Сгача кўтарилиши (ёки умуман иситма чиқмаслиги), терлаш, умумий ҳолсизлик, йўтал, бетоблик, тумов ёки томоқдаги оғриқ, томоқ қичишиши ва ачишиши, кўнгил айниши, қусиш ва (ёки) диарея, мушаклар ва танадаги оғриқ, бош оғриши, ҳид ва таъм билиш хусусиятининг йўқолиши.

Беморлар ва уларнинг оилалари учун тавсиялар
— Беморни алоҳида, шамоллатиладиган хонага жойлаштириш керак.

— Беморнинг уй ичида ҳаракатини чеклаш ва бошқа одамлар билан бир хонада қолишини камайтириш керак. Бундан ташқари, умумий хоналар (масалан, ошхона, ҳаммом каби) шамоллатиладиган бўлиши керак.

— Касаллик аломатлари бўлган бемор таҳлил натижаларини олгунга қадар симптоматик даво олиши керак.

— Она сутининг афзалликлари ва бошқа респиратор вирусларнинг она сути орқали юқиши эҳтимоли камлигини ҳисобга олиб, она чақалоқни эмизишда давом этиши мумкин. Бунда у бола билан бир хонада бўлганда тиббий ниқоб тақиши, гўдак билан мулоқотда бўлишдан аввал ва кейин қўл гигиенасига риоя қилиши лозим.

— Оила аъзолари бошқа хонада қолиши керак.

— Беморни парвариш қилаётган инсонлар сонини чегаралаш лозим. Саломатлиги мустаҳкам, сурункали касалликлари ва иммунодефицит ҳолати йўқ инсонни парвариш учун танлаш мақсадга мувофиқдир. Бемор тўла тузалмагунча ва клиник белгилар буткул йўқолмагунча, олдига ҳеч кимни киргазиш мумкин эмас.

— Бемор ва унинг атрофидаги буюм ва жиҳозлар билан бевосита алоқада бўлгандан кейин албатта қўл гигиенасини амалга ошириш лозим. Бундан ташқари, овқат тайёрлашдан олдин ва кейин, овқатланишдан аввал, ҳожатхонадан кейин ҳар сафар қўлларни тозалаб ювиш лозим.

— Агар қўллар ифлос бўлмаса, спиртли эритма билан тозалаш мумкин. Бироқ қўллар сезиларли ифлосланган бўлса, совунлаб ювиш керак.

— Ювилган қўлларни қуритиш учун бир маротаба ишлатиладиган қоғоз сочиқлардан фойдаланган маъқул. Агар бундай восита бўлмаса, тоза сочиқдан фойдаланса бўлади. Фақат нам тортган заҳоти, алмаштириш лозим.

— Бемор доимий равишда тиббий ниқоб тақиб юриши лозим. Бу унинг нафас йўлларидан чиқаётган ажралмалар тарқалишига тўсқинлик қилади. Агар бемор ниқоб тақолмаса, нафас йўллари гигиенасига қатъий риоя қилиши лозим: йўталганда ёки акса урганда оғзи ва бурунини бир марталик қоғоз салфетка билан тўсиш лозим. Сўнг уларни ташлаб юбориш керак.

— Парваришловчи киши ҳам ҳар сафар бемор билан бир хонада бўлганда, юзини зич қоплаб турувчи тиббий ниқоб тақиши лозим. Юздаги ниқобни тўғрилаш ва тегиниш мумкин эмас. Агар ниқоб намланиб ёки ажралмалар билан ифлосланса, у ҳолда зудлик билан янги, қуруқ ва тозасига алмаштириш керак.

— Беморнинг биологик ажралмалари, айниқса, оғиз ва бурнидан чиққан ажралма ва нажаси билан бевосита алоқада бўлишдан қочиш керак.

Беморнинг оғиз бўшлиғи ва нафас йўлларини парваришлашда ҳамда биологик чиқиндиларини чиқариб ташлашда бир марталик қўлқоп ва ниқобдан фойдаланиш лозим. Қўлқоп, ниқоб тақишдан олдин ва кейин қўллар гигиенасига амал қилиш зарур.

— Ниқоб ва қўлқопларни қайта ишлатишга йўл қўйиб бўлмайди.

— Бемор учун алоҳида кўрпа-тўшак, чойшаб ва идиш-томоқлар ажратилиши муҳим. Ҳар сафар ишлатилгандан сўнг уларни совун ва махсус воситалар билан тозалаб ювиш керак.

— Бемор мунтазам қўлларини тегизадиган уй анжомлари: жавон, каравот ва бошқа жиҳозларни ҳар куни ювиб, дезинфекция қилиш керак.

— Ювиниш хонаси ва ҳожатхоналар кунига камида бир марта тозаланиши ва дезинфекция қилиниши лозим.

— Бемор фойдаланган кийим, чойшаб, сочиқ ва бошқалар қўлда кир совунда ёки кир ювиш машинасида совун ёки махсус воситалар билан 60-90°Cда тозалаб ювилади, сўнгра қуритилади. Беморнинг кир бўлган кийим-кечаклари алоҳида халтага солиб қўйилиши, парвариш қилаётган инсоннинг тери соҳасига ва кийимларига тегишининг олдини олиш керак.

— Беморнинг суюқ биологик чиқиндилари билан ифлосланган юзалар, кийим-кечак ва чойшабларини фақат қўлқоп ва индивидуал ҳимоя воситалари (масалан, полимердан тайёрланган фартуклар) кийиб амалга ошириш тавсия этилади.

— Ишлатилган латекс қўлқоплар ташлаб юборилади. Қўлқопларни кийишдан олдин ва кейин қўллар тозаланади.

— Бемор парвариши давомида ишлатилиб, ташлаб юбориш учун йиғилиб қолган ниқоб, қўлқоп ва чиқинди материаллар утилизация қилингунга қадар, оғзи ёпиқ контейнерда бемор ётган хонада сақланади.

— Бемор ишлатган бошқа буюмлар (масалан, тиш чўткаси, сигарета, идиш- товоқлар, пиёла, сочиқ, мочалка ёки чойшаблар) билан алоқада бўлишдан эҳтиёт бўлиш керак.

— Беморга уй шароитида хизмат кўрсатаётган тиббиёт ходимлари керакли шахсий ҳимоя воситаларини танлаш учун хавфларни тўғри баҳолашлари ҳамда ҳаво-томчи ва маиший-алоқа йўллари орқали инфекция юқишининг олдини олиш тавсияларига қатъий риоя қилишлари зарур.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Коронавирусни енгил шаклда кечираётган беморларни уй шароитида парваришлаш бўйича тавсиялар