00:13 / 25.12.2020
5 538

«Марказнинг босими ҳеч қаерда Ўзбекистондагидек кучли таъсир кўрсатмади» — Рафиқ Нишонов

«Марказнинг босими ҳеч қаерда Ўзбекистондагидек кучли таъсир кўрсатмади» — Рафиқ Нишонов
Ўзбекистон ССР Коммунистик партия марказий қўмитасининг собиқ биринчи котиби Рафиқ Нишонов ЎзАга берган интервьюсида Шароф Рашидов билан бўлган муносабатлари, совет тузумининг сиёсати ва 1989 йилги Фарғона воқеалари ҳақида гапирди.

Рафиқ Нишонов 1926 йилда туғилган. Тошкент педагогика институтининг кечки курсларини битирган (1959 йил). 1963 йилда Ўзбекистон ССР Коммунистик партия Марказий қўмитаси бюросининг котиби ва аъзоси бўлган. Шри-Ланка ва Иорданияда элчи бўлиб ишлаган. 1985 йилда Ўзбекистон ССР Ташқи ишлар вазири бўлган. 1986 йилдан 1988 йилгача Ўзбекистон ССР Олий Кенгаши Президиумининг раиси бўлган. 1988 йилдан 1989 йилгача Ўзбекистон ССР Коммунистик партия марказий қўмитасининг биринчи котиби, сўнгра ССР Олий Кенгаши миллатлар Кенгашининг раиси бўлган. 1991 йилдан нафақага чиққан.

«Шараф Рашидович билан елкама-елка етти йил дўстона руҳда олиб борилган меҳнат фаолиятим самарали кечди. Унинг вафотидан сўнг КПСС МК котибияти босими остида чақирилган Ўзбекистон Компартияси МКнинг июнь ойи пленуми бўлиб ўтди. Минбардан туриб Ўзбекистон КП МК биринчи котиби И.Б.Усмонхўжаев ўзидан аввалги раҳбарни нотўғри бошқарув услуби, пахтачиликдаги ҳолатлар учун қаттиқ танқид қилди. Ўшанда Шароф Рашидовични, деярли, ҳамма амалдор танқид қилган бўлса керак. Аслида, айб Москвада эканлиги кўпчиликка аён. Брежневнинг ўзи Рашидовни мажбурлаб турган бўлса, у нима қила оларди?!», — деди Нишонов.

У «нотўғри ҳисоб-китоб, камчиликлар, ачинарли хатоларга қарамай», Шароф Рашидовни «буюк шахс ва ажойиб раҳбар» деб билишини таъкидлади.

«Унга бўлган муносабатим, умуман олганда, жуда ижобий, чунки ўшанда номзодимни юқори дипломатик хизматга тавсия қилиб, Шароф Рашидович мени республиканинг ўша пайтдаги бутун раҳбарияти дуч келган бўлажак тўқнашув, хатоликлардан қутқариб қолди», — деб эслайди Ўзбекистон ССР Коммунистик партия МҚ собиқ биринчи котиби.

Унинг айтишича, бутун «совет сиёсатининг ўзи шунақа эди, юқори минбардан туриб бир гап айтиларди-да, амалда мутлақо бошқа иш қилинарди».

Нишоновнинг айтишича, коммунистик партиянинг «Ҳозирги ёшлар авлоди коммунизмда яшайди» деган шиор (1961 йил Никита Хрущев томонидан коммунистик партиянинг ХХII съездида эълон қилинган) узоққа бормади, амалга ҳам ошмади, ёлғон бўлиб чиқди.

Собиқ сиёсатчи Тошкентдаги йиғилишлардан бирида нега «шарафрашидовшчина» иборасини ишлатганига тўхталди. Унинг сўзларига кўра, у бу иборани «ўша пайтда Ўзбекистонда, бутун Иттифоқдаги каби бошқаришнинг авторитар услуби ҳукм сурган вазиятни тасвирлаш учун» ишлатган.

«„Шарафрашидовшчина“ ибораси шу қадар кенг қўлланилишини ҳеч ўйламагандим. Нутқимни қўллаб-қувватлаганлар, муносабатимга қўшилганлар бўлди. Шу билан бирга „Нима учун мавзуни кескинлаштиряпсиз, бўлиб ўтган ишни эслаш шартми?“, деганлар ҳам бўлди», — эслайди Рафиқ Нишонов.

У Марказ томонидан ишлатилган «Ўзбеклар иши» ибораси уни «қақшатганини» айтди (Шароф Рашидов раҳбарлиги давомида Ўзбекистон ССРда аниқланган иқтисодий ва коррупцион ҳолатлар бўйича жиноий ишларнинг умумий номи сифатида ишлатилган).

«Аниқланмаган тўғри-нотўғри фактларни бутун бир халқ номи билан аташ мумкинми, ахир?! Бундан ташқари, содир бўлаётган воқеа-ходисаларнинг асосий қурбони одамлар бўлган. Aввало, ёвузлик айнан халққа қарши қаратилган, пахтакорларга тўланмаган пуллар ҳам республикада, ҳам Москвада порага ишлатилган, уларга „Волга“ автомобиллари, дабдабали қасрлар, тақинчоқлар олинган», — дейди собиқ сиёсатчи.

Рафиқ Нишоновнинг фикрига кўра, Ўзбекистон бошқаларга намуна қилиб кўрсатиш учун танланган, чунки «ошириб, қўшиб ёзиш, деярли, барча республикаларда бор эди».

«Марказнинг босими ҳеч бир жойда иқтисодиётга ва табиий равишда турмуш даражасига Ўзбекистондагидек кучли таъсир кўрсатмади. «Мамлакат «оқ олтин»га муҳтож! Социалистик лагердаги дўстларимиз пахта толасига эҳтиёж сезмоқда», деган тарғибот сўзлари қайта-қайта такрорланиб, ерни вайрон қилишга, Орол денгизини тўлдирадиган Aмударё ва Сирдарё сувини ваҳшиёна истеъмол қилишга, ишчи кучи етишмовчилигини талабалар, мактаб ўқувчилари ҳисобидан тўлдиришга мажбур қилинди», — дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистон ССР Коммунистик партия марказий қўмитасининг собиқ биринчи котиби 1989 йилги ўзбеклар ва месхети турклар орасида бўлиб ўтган этник можаро, Фарғона воқеаларига ҳам тўхталди.

«3 июнь куни кечқурун меҳмонхонада ҳаётимдаги энг даҳшатли қўнғироқлардан бири янгради. Фарғонада Тошлоқ, Комсомолский қишлоқларида, Марғилон шаҳрида фалокат содир бўлганини айтишди. Қароқчиларнинг уюшган тўдаси уйларга бостириб кириб, талон-тарож, шафқатсиз қотилликлар амалга ошириб, биноларни ёқиб юрган экан», — деб эслайди Рафиқ Нишонов.

«Эрталаб қурултойда ваҳима: нима бўлади. Горбачёв менга ўгирилиб: „Нима маълум қила оласан?“, деб сўради. Менда комиссия аъзоларидан ишончли маълумотлар ҳам йўқ эди. Бу ҳақда минбарга чиқмасдан, ўтирган жойимдан айтдим. Кейин маълумотларимга кўра, тартибсизликлар бозорда кучли жанжал — месхети турк ўзбек сотувчиси билан уришиб, бир товоқ қулупнайини ағдариб ташлагани натижасида келиб чиққан, дея қўшимча қилдим. Яқин атрофдаги бир гуруҳ ўзбеклар аёлни ҳимоя қилди. Можаро қонли жангга айланиб, маҳаллий йигитнинг ўлими билан якунланди. Кейинчалик бу гапим учун мени қаттиқ танқид қилишганди. Мени содир бўлган ҳодисанинг кўламини тушунмаганликда айбладилар. Мен-ку ҳаммасини тушундим: кундалик можаро бундай аянчли оқибатларга олиб келиши учун одамларнинг қалбида қанча қаҳр, ғазаб сақланиб қолган эди. Шунга қарамай, мен шошилинч баёнотлар беришни истамадим», — деб эслайди собиқ сиёсатчи.

Унинг сўзларига кўра, ўшанда СССР ИИВ ички қўшинлар сони ўн уч минг кишига етказилган. Месхети турклари учун Тожикистоннинг Ленинобод вилояти, Aшт туманида шошилинч равишда лагерлар ташкил этилган.

«Фарғонага яна бир бор СССР Министрлар Советининг Раиси Рижков билан келдим. Тартибсизликларни тугатиш ва месхети турклар билан нима қилиш кераклигини аниқлаш керак эди. Николай Иванович билан биргаликда месхети туркларини эвакуация қилиш энг мақбул усул бўлиб кўринди», — деб аниқлик киритди Рафи Нишонов. У Шўро ҳукумати қарори билан месхети турклар Ўзбекистондан Россиянинг ноқоратупроқ ҳудудига олиб чиқиб кетилганини қўшимча қилди.

Рафиқ Нишонов бугунги Ўзбекистондаги воқеалар бўйича ҳам фикр билдирди. Унинг айтишича, президент Шавкат Мирзиёев «чинакам „тинч“ инқилобни амалга оширди».

«Ўзбекистон, шубҳасиз, қайта тикланмоқда. Ўзбекистонни олдинда нафақат янгиланиш, балки чинакам юксалиш, ренессанс кутмоқда. Бу мени чексиз қувонтиради, чунки айни фикр асоссиз эмас. Ватанимизда тараққиёт учун барча имконият бор», — деди Рафиқ Нишонов.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Марказнинг босими ҳеч қаерда Ўзбекистондагидек кучли таъсир кўрсатмади» — Рафиқ Нишонов