19:54 / 21.01.2021
2 032

Суддан "қабул" талаб қилиш керак...ми?

Суддан "қабул" талаб қилиш керак...ми?
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларидан бирининг ижтимоий тармоқ орқали Олий суд раҳбариятига фуқаролар қабули масаласидаги мурожаати бўйича ҳуқуқшунос сифатида фикримни билдиришни лозим деб топдим.

Афсуски бизга келаётган мурожаатларнинг аксарияти суд фаолияти ва қарорларидан норозилик билан боғлиқ. Ва сўнгги вақтларда бу норозилик қаторига Олий суд вакилларининг фуқаролар учун қабул эшикларини ёпиб, “бизда қабул йўқ”, деган принципда иш тутаётгани ҳам қўшилди. Депутатлар қабулхонасида ҳар куни “бизни Олий суд раҳбарлари қабулига киритинг, қабулга кира олмаяпмиз”, деган гапни эшитавериш ғалати бўларкан” – дейилади ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган мурожаатда.

Маълум бир вақт Англияда яшаб, ўқиб, у ерда магистрлик ишимни ҳимоя қилганим учунми ёки халқаро тажрибада судларнинг мақоми, вазифалари ҳақида ёндашувлар сабабми бу масала мен учун ҳам жуда муҳим туюлди.

Ҳақиқатдан ҳам “Судлар тўғрисида”ги қонунда судлар раҳбарияти фуқароларни шахсий қабул қилиш қилиши лозимлиги белгилаб қўйилган, лекин шу ўринда “депутатнинг ижтимоий тармоқ орқали судлардан фуқаролар қабулини талаб қилиши қанчалик тўғри?” “судларда “қабул” қандай бўлиши керак?”, “Судларнинг асосий вазифаси нима ўзи?” деган саволлар туғилади.

Биринчи навбадта таъкидлаш лозимки, депутатларнинг давлат органлари билан муносабатлари масаласида амалдаги қонунчиликда белгиланган тартиб бор.

“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутатининг ва сенати аъзосининг мақоми тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, депутат давлат органларининг мансабдор шахсларига депутат сўрови юборишга ҳақли. “Парламент назорати тўғрисида”ги Қонунга кўра, Қонунчилик палатаси депутатининг сўрови Парламент назорати шаклларидан бири ҳисобланади. Айнан шу қонунда судларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларни кўриб чиқиш билан боғлиқ фаолият парламент назоратининг объекти бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.

Судларнинг асосий вазифасига келадиган бўлсак, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 2-моддасига кўра, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилиш суднинг асосий вазифасидир.

Амалдаги қонунчиликда судлар томонидан чиқарилган суд қарорларининг қонунийлиги, адолатлилиги ва асослилигини текширишнинг аниқ тартиби мавжуд. Ушбу тартибга кўра, туман ва шаҳар судлари томонидан кўриб чиқилган ҳукм, қарор, ҳал қилув қарори ва ажрим устидан апелляция тартибида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар судларига шикоят берилиши мумкин.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар судлари қарорлари устидан норози бўлинган тақдирда кассация тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий судига мурожаат қилиш мумкин. Яъни, Қонунда суд ишларини ҳал қилиш ва суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш тартиби аниқ белгилаб қўйилган.

Тўғри, Олий суд раҳбарияти ишларни кўришда бевосита иштирок этадиган ҳолатлар ҳам бор, лекин бундай иштирокнинг тартиби ҳам қонун билан белгилаб қўйилган. Яъни, “Судлар тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасида суд қарорларини қайта кўришда Олий суди Раёсати энг юқори судлов инстанцияси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Олий суди Раёсати таркибига лавозим бўйича иштирок этадилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, раис ўринбосарлари тегишлиги бўйича маъмурий, жиноий, фуқаролик ва иқтисодий судлов ҳайъатларининг раислари ҳисобланади ва улар ушбу судлов ҳайъатлари мажлисларида раислик қиладилар.

Лекин, шуни тушуниш керакки, қонунга кўра ҳар бир судя мустақилдир ва фақат қонунга бўйсунади. Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Яъни, Олий суд ва бошқа даражадаги судлар раҳбарияти ўз қўл остидаги судьялар томонидан қарор қабул қилинишига аралашишга ҳаққи йўқ.

Шунингдек, Олий суд раҳбарияти томонидан суд қарорларидан норозилик билан боғлиқ масалаларда қабуллар ўтказилиши келгусида улар томонидан судья сифатида ишни кўришида қарор қабул қилишга ўз таъсирини ўтказиши, яъни холислик тамойилининг бузилишига олиб келиши ҳам мумкин.

Ривожланган хорижий мамлакатларда ҳам судлар раҳбариятига фуқароларни қабул қилиш мажбурияти юкланиши, депутатларнинг судлар фаолиятини назорат қилиши ҳолатлари учрамайди. Масалан, Японияда Олий суд томонидан фуқаролар қабули деган гапнинг ўзи йўқ, ёзма равишда ариза билан мурожаат қилиш мумкин.

Яқин хориж мамлакатларини кўрсак, масалан Россия Федерациясида Олий суд раҳбарияти томонидан фуқароларни шахсий қабули назарда тутилмаган, умумий юрисдикция судлари раислари зиммасига эса ўзлари раҳбарлик қилаётган судда фуқароларни қабул қилиш ишларини ташкил қилиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, Россия Федерациясининг “Федерал Кенгаш аъзосининг мақоми ва Россия Федерацияси федерал Мажлисининг давлат Думаси депутати мақоми тўғрисида”ги қонунида Россия Федерацияси сенатори, Давлат думаси депутати суриштирув, тергов ва суд органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмаслиги белгилаб қўйилган.

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда ва қабулларда депутатларимиз ҳам ўзларига мурожаат қилган фуқароларга қонун талаби бўйича суд ишига ҳеч ким, ҳатто депутатлар ҳам аралаш олмаслигини, суд ҳужжатлари устидан шикоят қилишнинг қонуний процессуал тартиби борлигини тушунтиришса аҳоли орасида ортиқча тушунмовчиликлар камайган, ва энг асосийси, ҳақиқий суд мустақиллигига эришишга яна бир қадам ташланган бўлар эди.

P.S. “Жаҳон одил судлов лойиҳаси” халқаро ноҳукумат ташкилоти эълон қилиб келаётган қонун устуворлиги индексининг ҳукумат ваколатларининг суд томонидан самарали равишда чекланганлиги, суд тизимининг ҳукумат ноўрин таъсиридан холилиги каби индикаторларда Ўзбекистон ўз ўрнини яхшилашга эриша олмаяпти.

Бу эса мамлакатимизда суд мустақиллигини таъминлашга янада кўпроқ эътибор қилишни тақозо этади.

Шу сабабли, судларнинг ва судьяларнинг мустақиллигига дахл қилувчи барча омилларни бартараф этиш, шу жумладан парламент назорати объекти доирасидан судлар фаолияти билан боғлиқ ҳар қандай назоратни чиқариб ташлаш мақсадга мувофиқ бўлади.


Р.Қурбонов,
Мустақил изланувчи, собиқ судья

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Суддан "қабул" талаб қилиш керак...ми?