
Қўнғирот туманида банк қарзини узмаган фуқаронинг автомашинаси хатланиб, аукционда сотилди, деб хабар берди Бюронинг Қорақалпоғистон бўлими.
Маълумотларга кўра, суд қарорига асосан қарздор К.Ш.дан “Бизнесни ривожлантириш банки” фойдасига 282,5 миллион сўмлик кредит қарзини ундириш белгиланган. Унинг кредитга олинган JETOUR DASHING русумли автомобили қарзни қоплаш учун таъминот сифатида кўрсатилган.
Давлат ижрочиси қарздорга 15 кунлик ихтиёрий муддат берган ва қарзни ўз вақтида тўламаслик оқибатлари ҳақида огоҳлантирган. Бироқ белгиланган муддатда қарз тўланмаган.
Натижада автомашина расмий тартибда хатланиб, электрон онлайн-аукцион орқали сотувга қўйилган. 29 сентябрь куни бўлиб ўтган савдоларда у 222 миллион сўмга сотилган.
Сотувдан тушган маблағ банкка ўтказилган. Мутасаддиларнинг айтишича, бундай ҳолатлар қарздорликни ихтиёрий тўлаш зарурлигини яна бир бор эслатиб туради.