
Ўзбекистон пойтахтида зўравонлик ва эксплуатация қурбонларига ёрдам кўрсатиш дастури йўлга қўйилди. Бу ташаббус доирасида бепул ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилади, шунингдек, икки ойлик ошпазлик, бичиш ва тикиш бўйича ўқув курслари ташкил этилади.
Курслар иштирокчилари учун барча зарур материаллар тақдим этилади. Мазкур ташаббус Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан ўтказилган грантлар танловида ғолиб бўлган «Одам савдосига қарши бирдамлик» лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.
Лойиҳанинг ижрочиси Янгиҳаёт тумани Маънавият ва маърифат маркази бўлимидир. Курслар аудиторияси одам савдоси қурбонлари, зўравонлик ёки мажбурий никоҳга дуч келган аёллар, ҳуқуқлари поймол бўлган меҳнат мигрантлари ва кам таъминланган аёллардан иборат.
Бу қўллаб-қувватлаш чораси Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилаётган бир пайтда амалга оширилмоқда. Бунгача, юқори аҳоли зичлигига эга бўлган Фарғона вилоятида гендер зўравонлик қурбонлари учун бошпана очилганди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари аёлларнинг иқтисодий мустақилликка эришишини зўравонлик даврасидан чиқиш ва ўз ҳаётини бошқаришнинг энг муҳим воситаларидан бири сифатида тан олган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.