17:27 / 04.03.2021
1 948

Одил ҳакам

Одил ҳакам
У ниҳоят тиббиёт соҳасининг профессори бўлди. Энди унинг орзуси дунё бўйлаб саёҳат қилиш эди. Бу ниятларим бирваракайига амалга ошса деб ўйларди у. Бу мақсадга эришишнинг икки йўли бор:
бири – оламшумул кашфиётлар яратиш ва дунёнинг исталган давлатида бўлиш;
иккинчиси – фармакологик компаниялар дориларини реклама қилиб, уларнинг маблағи ҳисобига дунё кезиш.

У иккинчи йўлни танлади. Чунки бу осон йўл эди. Уларнинг дорисини тинмай реклама қилсанг, сени хоҳлаган ерингга ўзлари юборишади, дунё кезасан, йўл харажатларини ҳам қоплашади. Қиладиган маърузангни ҳам ўзлари тайёрлаб беришади. Умуман олганда, бош қотириш ва илмий ишларни яна давом эттиришнинг сира кераги йўқ.

Шундай қилиб, у иккинчи йўлни танлади. Чунки биринчи йўл ўта машаққатли бўлиб, кашфиёт яратиш ёки ниманидир ихтиро қилишнинг ўзи бўлмасди. Докторлик диссертациясини бир амаллаб ёқлаб, бир йил ўтмай профессор бўлди. Кечқурунги банкетни ҳам фармакологик компаниялар уюштириб беришди. Дунё бўйлаб сайру саёҳатлар бошланди. Бу иш унга шу қадар ёқиб қолдики, у Гиппократ қасамёдини ҳам унутди. Унинг ўрнига “Азиз ва саҳоватли фармакологик компания! Мени ушбу улуғ унвонларга сазовор этган ва бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга ваъда берган экансан, ўла-ўлгунимча сенинг дориларингни реклама қилишга қасам ичаман!

Мен энди талабаларга ўқийдиган маърузаларимда фақат Сенинг дориларингни тарғиб қиламан. Биламан! Бу дорилар бошқа дорилар билан бир хил! Шундай бўлса-да, Сенинг дориларингни тавсия қилишдан воз кечмайман! Бу йўлда бор кучим ва билимимни сафарбар қиламан! Ўзимнинг ва Сенинг манфаатларингни бемор манфаатларидан устун қўйишга ва тиббий анжуманларда фақат Сенинг дориларингни астойдил реклама қилишга сўз бераман!
” деб қасамёд қабул қилди.

Шу кундан бошлаб у фармакологик компаниялар қулига айланди. Улар ҳам профессорни дунё бўйлаб кезишга имкон яратиб беришди. У кафедра профессори эмас, балки тиббий сайёҳга айланиб қолди. Халқаро анжуманлардан орттирилган сертификатларни у ғурур билан кабинетига осиб қўярди. Сертификатлар кўплигидан беморлар уни кучли профессор деб ўйлашарди. Бироқ у бошқараётган кафедра янгилик яратадиган ҳеч вақо йўқ ва қолоқ эди.

У дунё кезди, ҳаю-ҳавасларига эришди. Йиллар ўтаверди. Армонлари ушалаверди. Ана шундай кунларнинг бирида унинг ўзида инсульт рўй берди. Оқибатда, ўнг томони фалажланиб, нутқи бузилиб сўзлаш қобилиятини йўқотди. У сира гапирмас ва бирор нарсани тушунтира олмасди ҳам. Қариндош-уруғлар, яқин танишлар ва албатта, унинг шогирдлари бемор атрофида гирдикапалак бўлишди.

Бироқ ҳалиги фармакологик компаниядан дарак йўқ. Бу компания ходимлари бир маротаба келишди-ю, тилсиз, унсиз ётган профессорга унинг ўзи реклама қиладиган дорилардан ташлаб кетишди. Кейин қорасини ҳам кўрсатишмади. Бир сўз айтолмайдиган шол профессор энди уларга керак эмас эди.

Шифокорлар профессорни бир вақтлар ўзи мақтаган дорилар билан даволай бошлашди. Бундан қўрқиб кетган профессор кўзлари олазарак бўлиб: “Ҳой яхшилар! Шошманглар! Бу дорилардан фойдаланманглар, буларнинг ҳаммаси ёлғон, ўлишни истамайман” деб бақирмоқчи бўлди.

Аммо нутқ бузилганлиги боис, унинг оғзидан бирор маъноли сўз чиқмади. Бу самарасиз дорилар охир-оқибатда ўзини ҳалок қилиши муқаррарлигини билган профессор имо-ишора билан бир амаллаб қоғоз ва қалам сўради. Ўнг қўли фалажланганлиги сабабли чап қўли билан ёзишга уриниб кўрди. Бироқ эплай олмади. Чунки ёзиш функцияси ҳам бузилган эди. У на сўзлай оларди, на ёза оларди, на тушунтира оларди.

Инсульт уни шу куйга солганди. Иложсиз қолган профессорнинг кўзларига аччиқ ёш келди: У “Нима қилиб қўйдим-а” деб ўкириб йиғлаб юборди. Чунки инсультни даволашда кечиктирилган ҳар бир кун оғир оқибатларга олиб келишини у жуда яхши биларди. У бутун умр ёлғон сўзлаб, ёлғон яшаганини англаб етди. Аммо энди кеч эди. Унинг кўзлари оҳиста юмилди...

Худди шу лаҳзаларда эндигина фан доктори бўлган ёш олим қайсидир фармакологик компания қармоғига илинди ва уларнинг дориси ҳақида илмий маъруза қилиш учун хорижга учаётганди. У ўзида йўқ хурсанд эди. Келажакда уни ҳам Одил Ҳакам кутаётгани ҳаёлига ҳам келмасди...

Зарифбой Ибодуллаевнинг “Асаб ва руҳият” китобидан олинди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Одил ҳакам