23:26 / 29.05.2021
2 872

«Пора берувчи» бўлмаганида, «пора олувчи» бўлмас эди


«Коррупция» сўзи эски лотин тилидан олинган бўлиб, этимологик жиҳатдан фасод бўлиш, хулқ-атворнинг яхшидан ёмонга ўзгариши, чириш деган маъноларни билдиради. Яъни маънавий ёки жисмоний нарсанинг фасод бўлиши коррупция, коррупциялашган жамият эса чириган жамият демакдир. Афсуски, юртимизда коррупцияни камайтириш энг қийин ишлардан биридир, бу иллат қон-қонимизга сингиб кетган. Бунга мисоллар етарлича афсуски...

“Порахўрлик” атамасига келсак. Бу – коррупциянинг бир кўринишидир. Ҳуқуқшунослар тили билан айтганда, порахўрлик моддий бойлик ёки мулкий манфаат (яъни пора) эвазига муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармасликдир.

Порахўрликни, порахўрни ҳаммамиз қоралаймиз. Лекин пора берганни-чи?..
Келинг, порахўрликни бошқа “...хўрлик”лар билан, масалан, сомсахўрлик билан таққослаб кўрайлик. Сомсахўрга тайёр сомсани сомсапаз узиб беради, яъни бу жараёнда камида икки киши иштирок этяпти: биттаси – олувчи, иккинчиси – берувчи. Шу ўринда савол туғилади: нега пора олиш ҳодисасига ўзбек тилида атама (порахўрлик) бор-у, пора бериш жараёнига махсус атама йўқ? Нега бора берувчи деб атаймиз? Айтайлик, нега порапаз ёки поракор дейилмайди?

Бу бизнинг пора бериш иллатига жиддий ёндашмаганимиздан дарак эмасми?..
Атамаларда ажиб маъно ва куч мужассам бўлади, зеро, бир ҳодисани бир сўз билан ифода қилиш ўша ҳодиса билан бирга келаётган кечинма қувватини тўлиқ ифодалай олади. Масалан, пора олувчи дейилса, “ҳа, бир-икки марта олгандир-да” деган фикр ўтиши мумкин хаёлдан, лекин порахўр дейилса, кўз олдизга бу иллатни одат қилиб олган киши келади. Шунга ўхшаш, пора берувчи дейилса, «мажбур бўлганда берган-да бир-икки марта», дейсиз (аслида одамлар қанча пора берганининг саноғини йўқотган: туғруқхонадаги суюнчилардан тортиб, яхшироқ жойдан қабр қазиб бериши учун гўрковга берилган пулларни эсланг).

Агар пора берувчига нисбатан салбий маънони ифодаловчи махсус атама бўлганида (масалан, поракор ё порапаз), бу иллатни тан олган бўлардик. Тўғрироғи, жамият (биз) ўз айбини кўра билганида, бунга исм берган бўларди. Зеро, пора берувчи дейиш, «онда-сонда пора бериб қўямиз-да», деб елка қисиб ўзимизни оқлаб юришдан бошқа нарса эмас.

Термизийда келтирилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчини ҳам, порахўрни ҳам лаънатладилар дейилган.

Арабчада пора берувчи «алраши», пора олувчи эса «алмурташи» дейилади. Араб лингвистикаси нуқтаи назаридан, алраши – пора берувчи дастлабки сўз, асл ўзакдир, бу эса пора берувчининг ишнинг бошида туришига далолат қилади, шунингдек, у масъулиятнинг каттароқ қисмини олади.

Кейин алраши сўзига м ва т ҳарфлари қўшилиб, алмурташи – порахўр сўзи ҳосил қилинган. Мантиқ шундайки, агар «пора берувчи» сўзи бўлмаганида, «пора олувчи» сўзи вужудга келмасди.
 
Маҳмудий

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Пора берувчи» бўлмаганида, «пора олувчи» бўлмас эди