09:00 / 20.09.2021
2 309

Пандемия охиргисими?

Пандемия охиргисими?
ХХ асрнинг охири, XXI асрнинг боши яна нималар билан эсда қолди? Аввалига ўзига хос вирус касалликларининг кичик эпидемиялари: SARS (Severe acute respiratory syndrome), MERS (Middle East Respiratory Syndrome, MERS-CoV), Парранда гриппи (Grippus avium), Эбола (ингл. Ebola Haemorrhagic Fever, EHF, лат. Ebola febris haemorrhagica), сўнг SARS-CoV-2 пандемияси. Айниқса, SARS-CoV-2 пандемияси инсоният тарихига ўзига хос саҳифа бўлиб кириши шубҳасиз.

Бу вируслар ва уларнинг мутант штаммлари лаборатория маҳсулотими-йўқми, алоҳида мавзу. Иккинчидан, нега айнан вируслар? Вируслар бактерия ва замбуруғларга қараганда соддароқ геном – ирсият асосига (оқсил қобиққа ўралган РНК ёки ДНК занжири) эга. Уни ўзгартириш анча осон. Қолаверса, замонавий биоинформатика, молекуляр биологиянинг янгидан-янги тадқиқот усуллари ирсият асосини таҳрирлаш имконини беради. Бекорга молекуляр биологияда “минимал геном” деган атама пайдо бўлгани йўқ.

Бундан ташқари, қудратли мамлакатларнинг ўзига хос биологик дастурлари мавжуд экани, уларда турли микроорганизмлар тадқиқ этилиши ҳеч кимга сир эмас. Замонавий уруш бу қурол кўтариб душман устига босқинлар ясаш, “Байрактар” русумидаги дронлар учириб урушни муваффақиятли якунлаш эмас. Замонавий урушларнинг ажралмас қисми қисми сифатида биотаҳдидлар, биоурушларни ҳам ҳисобдан чиқариш керак эмас.

Бу урушларда инсон эмас, мамлакат иқтисодиётида катта ўрин тутган ўсимлик навлари, мевали дарахтлар, фойдали ҳашаротлар нишонга олинишини ҳаммамиз биламиз.

Хуллас, мавзудан чекинмайлик. Пандемия охиргисими, деган савол қўйдик. Назаримизда, инсониятни яна эпидемия ва пандемиялар кутиб турибди. Сабаби, юқорида ёзганимиз – биологик дастурлар, биоурушлар... Дастурлар доирасида янги-янги вируслар геномлари ўрганилаверади.

Нега энди фақат вирусли эпидемиялар? Юқорида ҳам тўхталдим, вируслар бактерия ёки замбуруғларга қараганда анча соддароқ тузилишга эга. Улардан исталган хусусиятли шаклларни (мутантларни) бемалол “ясаб олиш” мумкин. Демак, қаршимизда хавфлилигига унча-мунча исботлар талаб қилмайдиган даҳшатли қурол(лар) турибди. Бундай таҳдидларга қарши бизда ҳимоя тизимлари борми?

Ҳозирча йўқ. Лекин, фикримча, ҳаракатни ҳозирдан бошлашимиз керак. Биз миллий кадрлар – микробиолог ва вирусологларни тайёрлашимиз керак. Бу соҳадаги мутахассисларимиз сони (сифати эмас) билан мақтана олмаймиз.

Микробиологиянинг ҳар уч йўналиши – вирусология, бактериология ва микология бўйича орқада қолиб кетганмиз. Scopus ёки WoS’даги илмий нашрларимиз мақтагулик эмас. Замонавий микробиология мактаби бизда йўқ, ҳисоби. Ҳалигача классик микробиология қобиғидан чиқиб кета олмаганмиз. Демак, бу борада қилинадиган ишлар жуда катта. Аниқроқ айтилса, ҳали ҳеч нарса қилганимиз йўқ.

Иккинчидан, илмий нашрлар асосида илмий асосланган башоратлар (прогнозлар) қиладиган, келажакдаги эҳтимолий биологик таҳдидларни олдиндан кўрувчи аналитик-таҳлилий гуруҳлар ишлаши лозим. Оддий мисол, кўршапалакдаги коронавирус тури (SARS-CoV-2)нинг одам учун ҳалокатли натижаларга олиб келиши ҳақидаги илк манба ҳам Nature Medicine журналида эълон қилинган мақола эканини унутмайлик.

Учинчидан, замонавий турдаги биолабораториялар (В4 типидаги) ташкил этилиши керак. Бусиз, биотаҳдиднинг асоси бўлган микроб штаммини ўрганиш, унга қарши курашишнинг илмий асосларини аниқлаб бўлмайди. Ва айнан шундай биолабораториялар миллий вакцина дастурини ташкил этишга, ҳар қандай биологик таҳдидларга қарши “миллий иммунитет”ни шакллантиришга ёрдам беради.

Унутмаслигимиз керак, шафқатсиз дунёда ҳеч ким четдан келиб бизга ёрдам бермайди. Зеро, ҳар қандай ёрдам ортида манфаатлар ётади.

Бахтиёр Абдуғафур

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пандемия охиргисими?