18:45 / 17.10.2021
1 684

Болалар боғчаларидаги ташмачилик: қачон аутсорсинг тизимига тўлиқ ўтилади?

Болалар боғчаларидаги ташмачилик: қачон аутсорсинг тизимига тўлиқ ўтилади?
Фото: Видеодан кадр
Пахтачидаги болалар боғчасидан хўжалик мудири ошпаз билан тил бириктириб, ошхонадан пиширилган гўшт ўғирлаб чиққани ва бу ишни боғча мудирасининг топшириғига кўра амалга оширгани ҳақидаги хабар кўпчиликни ғазаблантирди.

Чунки дунёда етимлар ва ёш гўдакларнинг ҳақини ейишдан ҳам оғирроқ гуноҳ ҳам, жиноят ҳам бўлмаса керак. Минг таассуфлар бўлсинки, давлат мактабгача таълим ташкилотларининг аксариятида мана шундай иллат ҳамон сақланиб турибди.

Пахтачидаги ҳолат видеотасвир билан исботланди, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Аммо мен аниқ ишонаманки, Ўзбекистоннинг ҳар бир бурчагидаги давлат МТТларда ташмачилик, ўғрилик ва болалар ҳақига хиёнат эҳтимоли сақланиб тураверади.

Нега ишлар қўлга тушмаган ўғри эмас, қабилида давом этмоқда?
Биринчи ва бош сабаб — давлат томонидан боғча тарбиячилари ва бошқа ходимларига берилаётган маош жуда оз. Унга рўзғор тебратиб бўлмайди. Натижада ташмачилик, болалар ҳақига хиёнат авж олади.

Боғчада етарлича овқатланмаслик оқибатида болалар камқон, нимжон бўлиб вояга етишади.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ёш авлодни болалар боғчасидан бошлаб тарбиялашга катта эътибор қаратила бошланди. Мактабгача таълим тизими буткул ислоҳ қилинди. Алоҳида вазирлик тузилди. Бу орада кўплаб боғчалар таъмирланди. Уй боғчалари очишга рухсат берилди. Давлат томонидан 1 фоизлик имтиёзли кредитлар ажратилди. Бу ишлар натижасида сўнгги йилларда юртимизда мактабгача ёшдаги болаларнинг МТТларга қамров даражаси ҳам кескин ошди.

Энг таассуфлиси, жойларда бу ислоҳотларни тушунмасдан, моҳиятини англамасдан, борига қаноат қилмасдан, эскича фикрлаб, ишлаётганлар учрамоқда.

Нега боғчаларда аутсорсинг хизмати ривожланмаяпти?

Фото: stock.adobe.com
Хорижий тажрибани жорий этиб, болалар боғчаларини озиқ-овқат билан таъминлашни аутсорсинг тизимига ўтказиш борасида кўп гапирилди. Кўргазма ва семинарлар ўтказилди. Шахсан ўзим уларнинг бир нечтасида қатнашганман.

Бу жуда хайрли иш. Аутсорсинг тизимида боғчаларга меъёрий ҳужжатларда белгиланган рацион бўйича, тендер асосида четдаги корхона томонидан нонушта ва тушликка озиқ-овқатлар ҳар бир бола учун алоҳида-алоҳида тайёрлаб етказиб берилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги 407-сонли «Давлат мактабгача таълим муассасаларида соғлом овқатлантириш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида кунлик таомномалар Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тузилиб, тасдиқланган ҳамда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати билан келишилган намунавий, мавсумий таомномалар асосида тузилади, деб белгилаб қўйилган.

Нега мана шу тизим оммалашмаяпти? Пандемиягача ҳаммаси яхши кетаётган эди. «Ура-урачилик» билан баландпарвоз гаплар айтилди. Қиламиз, оммалаштирамиз, дея ваъдалар берилди. Кейин, ўйлашимча, шунчаки ташлаб қўйилди.

Токи боғчаларда ошпаз, омбор мудири каби тоифадаги инсонлар ишлар экан, ташмачилик бўлаверади, болажонларнинг нонлари «туя» қилинаверади.

Бундай ярамас иллатдан барчани фақат аутсорсинггина қутқариши мумкин.

Фақат бунда ҳам ўзига яраша шарти бор. Мактабгача таълим вазирлиги томонидан ташкиллаштириладиган тендер ниҳоятда шаффоф ва ҳалол ўтиши керак. Танловда чиндан ҳам барча имкониятларга эга корхоналар иштирок этиши ва уларнинг энг муносиби ютиши керак. Бундай ишлар билан туман ҳокимининг жияни, туман мактабгача таълим бўлими мудирининг қайноғаси шуғулланмаслиги керак.

Бу тизимни манфаатлар тўқнашувининг олдини олган ҳолда тезроқ жорий қилиб, соҳада тартиб ўрнатилсагина Пахтачидаги каби хунук воқеаларга барҳам берилади. Унгача барчаси эски тос, эски ҳаммомлигича қолаверади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болалар боғчаларидаги ташмачилик: қачон аутсорсинг тизимига тўлиқ ўтилади?