08:00 / 28.03.2022
951

Энди дарахтларни ноқонуний кесганларни фото ва видеога олиб юборганлар мукофотланади

Энди дарахтларни ноқонуний кесганларни фото ва видеога олиб юборганлар мукофотланади
Ўзбекистонда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатларини фото ва видеога олиб юборганларга пул мукофоти берилиши кутилмоқда.

Бу ҳақда жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган «Давлат экологик назоратини амалга ошириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасида замонавий механизмларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳукумат қарори лойиҳасида қайд этилган.

Ҳужжатга кўра, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб атроф-муҳитни ва моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва экологик назорат соҳасида фуқароларнинг иштирокини таъминлашга қаратилган «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимлари ишга туширилади.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар — ҳуқуқбузардан ундирилган жарима миқдорининг 15 фоизи;

Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки бошқа жойга кўчириб ўтказиш бўйича ҳолатлари тўғрисидаги фотосурат ва видеоёзувларни юборган шахслар ҳар бир тасдиқланган ҳолат бўйича ҳуқуқбузардан ундирилган маблағлар ҳисобидан БҲМнинг бир бараварига тенг (270 минг сўм) миқдордаги пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун бузилиши ҳолатлари ҳақидаги фотосуратлар ва видеоёзувларни юборган шахслар:
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланганда — суднинг маъмурий жазо қўллаш тўғрисида қонуний кучга кирган қарорига асосан БҲМнинг 1 баравари миқдорида;
  • жиноят аниқланганда — суднинг қонуний кучга кирган айблов ҳукмига асосан БҲМнинг 3 баравари (810 минг сўм) миқдорида пул мукофоти билан рағбатлантирилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолати акс эттирилган фото ва видео материалларни «Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимга юборишда қуйидагилар тўлиқ кўрсатилиши лозим:

- фуқаронинг исми, фамилияси, отасининг исми, доимий яшаш манзили;
- уяли телефон рақами, банк пластик картаси рақами ва электрон манзили;
- ҳуқуқбузарлик содир этилган жойнинг геоҳудудий манзили;
- ҳуқуқбузарлик содир этилган жой, сана ва вақт;
- ҳуқуқбузарлик содир этган шахс тўғрисидаги маълумотлар.

«Эконазорат» ва «Маданий мерос назорати» ахборот тизимга келиб тушган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилган фото ва видео материаллар тегишлилиги бўйича Давлат экология қўмитаси ёки Маданий мерос агентлигининг масъул ходими томонидан беш иш куни мобайнида кўриб чиқилади.

Ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича ишни кўриб чиқиш даврида ҳуқуқбузарнинг шахсини аниқлаш имкони бўлмаган ҳолатларда, мазкур масала бўйича ҳуқуқбузарни шахсини аниқлаш учун фото ва видео материаллар ИИВга юборилади.

Ушбу қонун лойиҳаси муҳокамаси 10 апрелгача давом этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Энди дарахтларни ноқонуний кесганларни фото ва видеога олиб юборганлар мукофотланади