23:44 / 28.12.2016
8 144

Жуфтингизга байрамона сюприз тайёрламоқчимисиз? Йўл-йўриқларини ўргатамиз!

Жуфтингизга байрамона сюприз тайёрламоқчимисиз? Йўл-йўриқларини ўргатамиз!

Яна ўша байрам – Янги йил. Яна ўша дастурхон (ҳатто салат ҳам ўша-ўша – оливье!), яна ўша ошхонада куймаланиб, кўзлари юмилиб-юмилиб кетаётган уй бекаси… Ҳар йили 31 декабрь оқшомида кузатилиши муқаррар бу манзарани кўз олдингизга келтиришингиз билан «Вой бечора эрлар!» дейишдан ўзга чора қолмайди. Ахир номи «Янги» дея бошлангани билан аслида аллақачон эскириб кетган байраму унинг «мўъжизакор»ликдан мосуво муҳитига чидашга мажбур эркакларни бечора демаслик мумкинми? Аммо ҳаммасини ўзгартириш, айнан шу галги айёмни бетакрор қилиш биз — аёлларнинг қўлимизда…

Бозор-ўчар

Аввало, эркакларни байрамолди ҳафтаси тоғдек босиб тушадиган бозор-ўчар ғамидан бироз озод қилиш мумкин. Ҳамма ҳаридни байрамга бир неча кун, ҳатто соат қолганда амалга ошириш шарт эмас. Майонез, кўкнўхат, ичимликлар ва консерваларни бир ой олдин харид қилиш, салатлару норинга ишлатиладиган гўштни ўн кунлар аввал олиб музлатиб ёки тузлаб қўйиш мумкин-ку.

Дастурхон

Таомномани қайта кўриб чиқишингиз шарт. Норин ўрнига духовкада гўшт димлаш (ҳам осон, ҳам мазали, ҳам кутилмаган), тўртта одатий салатни иккита янгисига алмаштириш (ғояни дугоналарингиз, интернет ёки «Суғдиёна»дан олишингиз мумкин), сомса эмас, гўштли пирог тайёрлаш мумкин. Мевали салат эса бемалол торт ўрнига ўтади. Фақат стереотиплардан воз кечишга журъат тополсангиз бас.

Совға

Бунга батафсил тўхталиш керак. Чунки ҳеч бир байрам совғасиз ўтмайди, айниқса, Янги йил. Эркаклар совға олишда биз — аёллар каби инжиқлик қилиб ўтирмайдилар. Шунга қарамай, «Совға эмас, эътибор муҳим» деган ақидани унутинг. Униси ҳам, буниси ҳам бирдек аҳамиятли. Эрингизга совға қилиб бўлмайдиган нарсалар рўйхатини ёдлаб олинг:
  1. Турли кичкина ҳайкалчалар, юмшоқ ўйинчоқлар, расмлар, брилоклар – хуллас, ҳар қандай «кичкина» нарсалар.
  2. Расм учун ромчалар, фотоальбомлар (агар эрингизнинг ўзи шу ҳақда сўрамаган бўлса).
  3. Кундалик дафтарлар, блокнотлар, ручкалар – хуллас, ҳамкасбларга совға учун бериладиган нарсалар.
  4. Автомобиль учун турли аксессуарлар (аёллар бу борада барибир тўғри танлов қилолмайдилар).

Атир ва бошқа пардоз воситаларини бу ҳақда умуман тасаввури йўқ, нима совға қилсалар шуни ишлатадиган эрларга (яъни 50 фоиз эркакларга) совға қилиш мумкин.

Совға қилиш мумкин…

1. Экстремал шароитда қўл келадиган предметлар. Масалан, тоза пўлатдан пичоқлар, юз даража иссиққа ҳам дош берадиган ўт олдиргичлар (эркаклар бундай совғаларни дўстларига мақтаниб юрадилар).

2. Антиквар буюмлар. Дўкон, супермакет ва бозорларда одатдаги, ҳаммада ҳам учратиш мумкин бўлган нарсалар сотилади. Антиквариат дўконларда эса бошқа ҳеч кимда учрамайдиган ва эрингизга сиздан бошқа ҳеч ким совға қилиши мумкин бўлмаган нарсаларни топасиз. Фақат эрингиз бундай нарсаларни тушунадиган ва қадрлайдиган бўлиши керак.

3. Мусиқа, китоб ёки кинофильм. Эрингизнинг бу борадаги қизиқишларини сиздан яхши биладиган одам бўлмаса керак. Фақат дискларни «қароқчи нусхакаш»лардан эмас, лицензияли дўконлардан харид қилинг. Ахир, сиз совғага оляпсиз, совға эса қалбаки бўлиши мумкин эмас.

4. Кийимлар. Бунда ўлчам, ранг, бичим ва стилда хато қилмаслигингизга шубҳа йўқ. Чунки эрингизнинг дидини яхши биласиз. Фақат керакли нарсани тақдим этинг. Қаторлашиб турган ўн олтита бўйинбоғ ёнига ўн еттинчисини олгандан кўра бир жуфт пайпоқ совға қилган яхши.

Совғани сотиб олгандан кейин байрамгача сир сақлаш яна бир муаммо. Бордию сабрингиз чидамай айтиб қўйиш ёки муддатидан олдин чиқариб беришингиз эҳтимоли кучли бўлса, совғани иккита олинг. Иккинчисини байрам куни берасиз, буниси ҳақиқий сюрприз бўлади.

Ўзингиз…

Албатта, совғанинг энг яхшиси ўзингиз бўласиз. Ҳар қандай эркак ҳам Янги йилда ёнида Янги аёлни кўришни истайди (таъкидлайман, «бошқа» эмас, Янги аёлни). Демак, имижингизни ўзгартириш вақти етди. Соч турмаги ва рангини ўзгартириш, либосни янгилашда меъёрни унутманг. Эркаклар учун сўнгги урфдаги эмас, айнан сизга ярашадиган либос ёқади.


arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Жуфтингизга байрамона сюприз тайёрламоқчимисиз? Йўл-йўриқларини ўргатамиз!