11:00 / 28.12.2017
8 125

«Иккимиз ҳам тоқ ўтамиз»

«Иккимиз ҳам тоқ ўтамиз»
— Университетни битирганимга бир неча йил бўлди. Ўқиш пайтлариёқ бир курсдош қиз билан севишардик. Қанча қаршиликлар бўлмасин, муносабатларимиз узилмади. Қайтанга тобора мустаҳкамланиб бораверди. Уни қаттиқ севардим. Ўқишни битиргач, иккимиз ҳам ўз соҳамизда ишлай бошладик. У билан деярли ҳар куни кўришардик. Орадан икки-уч йил шу тариқа ўтиб кетди. Уйимдагиларни уникига совчиликка юбордим.

Онаси «Қизимни узоққа узатмайман», деб туриб олди. Сабаби биз бошқа-бошқа вилоятлардан эдик. Уйимдагилар кўп марта келишди. Бироқ ҳар гал шу жавобни олавердик. Бу орада севганимнинг уйига совчилар келаверишди-келаверишди. Онаси қизини узатишни хоҳларди-ю, лекин у ҳеч кўнмасди. Учрашувга чиқиши керак бўлган йигитларни доим менга рўбаро қиларди. Мен ҳам бундан хурсанд бўлиб, уни ҳеч кимга бергим келмасди.

Онамга ҳар сафар «Совчиликка яна бир марта боринг», десам бир норози бўларди-ю, бироқ кўнглимга қараб йўқ деёлмасди. Яқинда онам яна совчиликка борди. Жавобни эшитиб, ўзимда йўқ шод эдим. Қиз томон тўйга рози бўлибди. Фақат бир шарт билан. Онасидан узоқ бўлмаган жойда яшашимиз керак экан. Шу шартни бажариш учун тинмай ҳаракат қилаётгандим. Ахир неча йиллардан буён қилган орзум амалга ошай деб турибди.

Нимадир бўлди-ю, бўлажак қайнонам қизини «бермайман»га тушиб қолди. Уйига кўп маротаба бордим. Лекин у фикридан қайтай демасди. Яқин бир ойдан бери қизи билан гаплаштирмай ҳам қўйди. Унинг қўл телефонини олиб қўйишибди. Шуни аниқ биламанки, у ҳам, мен ҳам бир-биримизсиз яшай олмаймиз. Ҳатто бу дунё-дан тоқ ўтишга-да тайёрмиз.

Аммо онамнинг келин кўриш орзуси сароблигича қолиб кетишини ўйласам, унга ачинаман. Ёшим ҳам ўтиб боряпти. Севгилимнинг онаси нима учун бундай қилаётганини тушунмаяпман. Ахир қизининг бахтини кўришни истаса керак. Шу саволлар миямда тинмай чарх уряпти. Айни дамда кимнингдир маслаҳатига муҳтожман. Қай йўлни тутсам, тўғри бўларкин?
АБДУҚОДИР, Жиззах вилояти


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Иккимиз ҳам тоқ ўтамиз»