“Тилинг чучук деб театрга олишмаган”. Рол кутиб яшаган Дилшод Мирзамуродов карьерасидаги қийинчиликлар ҳақида
Комик актёр Дилшод Мирзамуродов 12 йиллик тажрибага эга, профессионал актёр ҳисобланади. Аммо кўпчилик томошабинларнинг фикрича, у ўзини актёр сифатида кашф этолгани йўқ. Яратган роллари ҳам кўплаб танқидларга сабаб бўлади. Актёр аслида профессионал, аммо театр ва кино режиссёрлари ролларга тасдиқлашмаганидан кейин ўзини бачкана ролларда синаб кўришга мажбур бўлган. Дилшод Мирзамуродовнинг туғилган куни муносабати билан у ҳақидаги қизиқарли маълумотларни тақдим этишга қарор қилдик.
“Тарсаки туширганлардан миннатдорман”
Дилшод Мирзамуродов 1981 йили Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида дунёга келган. Болаликда шўх ва ўйинқароқ бўлса-да, меҳнатдан бўйин товламайдиган бола бўлганини айтади.
— Болаларим мен болалликда кўрган шароитнинг ўндан бирини ҳам кўргани йўқ. Қишлоқда яшаш завқли, аммо шунга яраша машаққати ҳам бор. Пахтазорда ухлаб қолган кунларим ҳам кўп бўлган. Шўхлигимдан ҳамма безор бўлгани учун онам ҳам калтакнинг зўри билан сийлаб турарди. Юзимдаги ъшрамларъ ҳам болаликдан эсдалик бўлиб қолган. Ҳозирги болаларга ўқитувчилар бир оз оғирроқ гапириб қўйишса дарров ёзув-чизув бошланиб кетади. Мен ҳам устозлардан танбеҳ эшитганман, вақти келганда тарсаки ҳам еганман. Аммо уларга ҳамиша раҳмат айтаман. Боиси, ўша устозлар берган билим билан институтга қабул қилинганман, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Ҳофиз қўшнимизга ҳавас қилардим”
Қаҳрамонимиз болаликдан санъатга қизиққан ва бунга оиласидаги муҳит эмас, ҳофиз қўшниси сабабчи бўлган.
— 1990 йилларда Сирдарёда Қурбонжон Айтматов деган ҳофиз танилганди. Ўша инсон бирдевор қўшнимиз эди. Юқори пардалардаги қўшиқларни шунақа чиройли айтардики, мен ҳовлига чиқиб оғзимни қимирлатиб турардим. 1994 йилга бориб, санъатга бўлган қизиқишим шунчалик ортдики, мактабдан келиб, томда қўшиқ айтадиган бўлдим. У ерга катта тоғоралар ва швабра олиб чиқиб қўйгандим. Тоғаралар барабан бўлса, швабра микрофон эди. Онам пастда туриб “Қулоғинг борми, тоғарани сирини кўчирасан, ҳа деб ураверма”, деб бақирарди, — дейди актёр.
“Санъат бўйича 9 йил ўқидим”
Дилшод Мирзамуродов мактабни тамомлаб, бизнес мактабига ўқишга кирган. Кейинчалик ўзини санъат соҳасида синаб кўриш фикри пайдо бўлган.
— Кўпчилик “Инстиутда ўқиганми бу? Устоз кўрганми?” дейишади. Тенгқурларим орасида санъатда энг кўп вақт таҳсил олгани ўзим бўлсам керак. Чунки мактабни тамломлаб, санъат техникумига ўқишга кирганман. У ерда уч йил ўқиб, кейин ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига ҳужжат топширганман. Ўша йили “Драма актёрлиги” бўлимига Турғун Азизов раҳбарлик қилар экан. Устоз ижодий имтиҳон пайтида маҳоратимга яхши баҳо берган. Аммо давлат тестидаги натижалар бир оз паст бўлгани учун шартнома асосида ўқишга қабул қилинганман. Бакалавр босқичини аъло баҳоларга тамомлаб, магистратурага қабул қилинганман. Хуллас, умумий ҳисобда санъаткор бўлиш учун 9 йил умримни сарфладим, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Менга масхарабоз ролини ҳам беришмаган”
Бугунги кунда Дилшод Мирзамуродовни кўпчилик бачкана ижодкор деб билса-да, у тенгқурлари ичида энг ташаббускор ва истеъдодли талаба бўлган. Ҳатто, бакалавр босқичида курсдошлари ундан бошқасига гуруҳ сардорлигини ишонишмаган. Актёр драма актёрлиги бўлимини тугатгани учун ўзини театрда синаб кўрмоқчи бўлган.
— Институтда асосан театр билан боғлиқ билимлар берилади. Классик адабиётларни ўқиб, кун келиб мен ҳам театрда ишлайман ва энг савияли ролларни ижро этаман деб ният қилгандим. Қайси театр эканлигини айтмайман, аммо мен ҳам бакалавр босқичини тамомлаб, театрга ишга кирмоқчи бўлганман. Ҳужжатларимни кўриб чиққан театр раҳбари “Тили чучук экан, уни ишга ололмаймиз”, деган. “Ҳеч бўлмаса, битта рол беринглар, маҳоратимни кўрсатай”, деганимда масхарабоз ролини ҳам ишонишмаган. Ҳозир вазият қандай билмайман, авваллари ёшларга нисбатан ишончсизлик юқори эди. Мана шу воқеадан кейин театрдан бутунлай кўнглим қолган. “Шунча йил ўқиб, профессионал актёр бўла туриб битта ролни ҳам ижро этолмайманми?”, деб ҳавсалам пир бўлганди, — дейди актёр Дилшод Мирзамуродов.
“Ўқитувчиликда ҳам ўзимни синаб кўрдим”
Шундан кейин у телевидениедаги кўрсатувларда чиқишга уринган. Фильм кастингларида фаол иштирок этган. Аммо ролларга таклиф тушмаганидан кейин ўзини педогоглик соҳасида синаб кўрган.
— Ёшим улғайиб қолган, нимадир иш қилишим керак эди. Тошкент Маданият коллежига иш сўраб борганман. У ерда “Актёрлик маҳорати”дан дарс бердим. Ундан кейин институтдан таклиф тушди, у ерда ҳам бир муддат ишлаб, талабаларга ўзим билганларни ўргатдим. Педагоглик яхши касб, аммо мен бу ишни қилиш учун 9 йил таҳсил олмагандим.
“27 ёшимга қадар рол беришмади”
Дилшод Мирзамурод аввалига комик актёр бўлишни истамаган, “Қувноқлар ва зукколар” жамоасида иштирок этганидан кейин уни атрофдагилар комик ижодкор сифатида танишган.
— 2011 йили “Қувноқлар ва зукколар” танловида жамоамиз билан иштирок этиб, биринчиликни қўлга киритганмиз. Ўшанда Малайзияга олиб боришни ваъда қилишганди, аммо сўзларининг устидан чиқишмади.
Яширмайман, 27 ёшимга қадар кинодаги ролларга тасдиқлашмаган. Режиссёрларга кўринишим, овозим ёки маҳоратим ёқмас эди. Санъат соҳасига кириб келганимга 10 йил бўлганида “Ҳур қиз” фильмида чиптачи ролини ижро этганман. Бу қаҳрамоннинг кўрсатиладиган дақиқаси шунчалик камки, томошабинлар унинг бор-йўқлигини ҳам пайқашмаса керак. Иккинчи ролим эса Жавлон Шодмоновнинг “Замонавий совчилар” фильмида яратилган. Ундаги ролим ҳам жуда кичик эди, аммо ўзимни катта экранда кўриб роса қувонганман, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Мен ҳам муҳожир бўлмоқчи бўлганман”
— Телевидениеда ишлашни орзу қилмаганман. Театрда ишлайман, кинода роллар ижро этаман деган қатъий иштиёқ бор эди. Аммо ҳаётда ҳамма нарса биз истгандек бўлавермас экан. Илгари кўп гапиришни ёқтирмасдим, шоумен бўлишга мажбур бўлганимдан кейин бунга ҳам одатландим. Мен ўзимни иқтидорлиман демайман. Аммо раҳбарлар эшикдан кириб келган ёш кадрга “иш йўқ” дейишдан аввал инсонийлик юзасидан уни эшитиб кўриши керак, деб ҳисоблайман. Чунки бирорта кастингдан ўтказишмаганидан кейин менда ҳам муҳожир бўлиш, қурилишда ишлаш ғояларим пайдо бўлган. Чунки атрофдагиларнинг ишончсизлиги кишини руҳан синдиради. Хусусий каналдан ҳамиша миннатдорман. Улар сабаб халққа танилдик, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Нега бақириб гапирасиз?”
Дилшод Мирзамуродовни бақироқлиги ва шевада гапириши кўпчиликнинг танқидига сабаб бўлади. Унинг бачканаликда айбланишига ҳам балки шу камчиликлари сабаб бўлаётгандир.
— Шевада гапиришимнинг ўзига хос сабаби бор. Яъни мен ролдан келиб чиққан ҳолда қаҳрамонимга характер излайман. Фильмда хоразмлик қаҳрамон тошкентча гапирса, томошабин кўзига ғалати кўринади. Бу ҳол кино ижодкорларининг тилида ролнинг шираси йўқолиши дейишади. Мен ҳам қишлоқ одамларининг ролини ижро этаётганда уларни шевада гапиртираман.
Кўрсатувда “Нега бақириб гапирасиз?” деган саволни ўзимга ҳам беришган. Шоу кўрсатувларининг азарти бўлади, уларни оддий сценарий асосида суратга олиш жуда қийин. Баъзан ўзимни бошқаролмай қоламан. Очиғини айтиш керак, танилишимда “Борига барака” кўрсатувининг ҳиссаси катта бўлди. Аммо саломатлигимни яхшигина йўқотдим. Шанба куни кўрсатув сёмка қилинса, сёмкадан кейин тинимсиз бошим оғрирди, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Исмим билан чақиришларини талаб қиламан”
Бу актёр халқ орасида турли лақаблар билан танилган. Улар актёрнинг асл исм-шарифидан ҳам машҳурроқ.
— Гарри, Ғайрат, Миша, Борига барака... Лақабларим жуда кўп. Улар атайин танланмаган, шунчаки ижро этган қаҳрамонларимнинг исми ёки талаффузи мухлисларга маъқул келиб, мени шу ном билан чақиришган. Ҳозир эса исмим билан чақиришларини талаб қиламан, — дейди Дилшод Мирзамуродов.
“Фарзандларим санъаткор бўлишини истамайман”
Актёр шахсий ҳаёти ва фарзандларининг санъаткор бўлишни истамаслиги ҳақида айтиб ўтган.
— Аёлим шифокор, санъатдан бутунлай йироқ соҳа бўлса-да, энг асосий танқидчим ҳисобланади. Баъзида унинг гапларини эшитиб актёр сенми ёки мен деб қоламан. Фарзандларим ҳам санъатга бегона эмас, аммо уларнинг бу соҳани эгаллашларини истамайман. Ўғилларим ҳарбий, қизим эса шифокор бўлишини орзу қиламан. Боиси, ҳарбий соҳани тамомлаган йигит, ишга жойлашади, қанчадир муддат ишлагандан кейин лавозими кўтарилади. Санъатда эса бундай эмас. Энг яхши институтда ўқиб, тажриба орттирганда ҳам халққа манзур бўлмаслиги мумкин. Ижодкор учун энг ёмони “Бу актёр” деб таништирилганда “Узр танимас эканман”, деган гапни эшитиш. Мен бундай гапни 30 ёшимга қадар кўп марта эшитганман. Кулиб турсам-да, ичим адо бўларди, — дейди актёр Дилшод Мирзамуродов.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг