Оламшумул машҳурликка эришган бўлса-да, инсонийлигини сақлаб қолган Голливуд юлдузлари ҳақида гаплашамиз.
Майкл Кларк Дункан ва Брюс Уиллис
Майкл Кларк Дункан Том Хенкс ва Девид Морс иштирокидаги “Яшил маскан” фильмидаги Жон Коффи роли билан машҳур. У нотўғри вақтда керакcиз жойда бўлиб қолган ва шафқатсиз жиноят қилганликда ноҳақ айбланган меҳрибон одам ролини ўйнайди. Аввалига “Яшил маскан” назоратчилари Жондан эҳтиёт бўлишади, лекин унинг болаларча соддалиги, меҳрибонлиги ва самимийлигини кўриб, айбсизлигини тушунишади. Майклнинг бу образни ўйнашга ҳожат йўқ эди, чунки ташқи кўринишига қарамай, ҳаётда ҳам худди қаҳрамонидай хушмуомала ва самимий бўлган.
“Армагеддон” фильми суратга олинаётганда унга Брюс Уиллис “яхши одам эмас” деб айтишади. Брюс билан зиддиятга боришни истамаган Майкл ундан қоча бошлайди ва у билан гаплашмасликка ҳаракат қилади, чунки унга шундай қилишни маслаҳат беришади. Уиллис ўзига нисбатан ғалати муносабатни пайқаб, тўғридан-тўғри Дунканнинг ўзидан нима бўлганини сўрайди. Майкл ҳам бор гапни айтиб: “Сизни ёмон одам деб эшитдим”, дейди. Брюс Майклдан сени бирор марта хафа қилганманми, деб сўрайди ва ундан қўрқмаслиги кераклигини айтади. Бироқ Дункан кутилмаганда “Йўқ, менга ёмон муомала қилмадингиз. Аммо мен сизга бундай муносабатда бўлиш имкониятини бермайман. Ишимни йўқотишни истамайман”, деб жавоб беради. Брюс Уиллис Майкл билан муносабатлари ёмонлашишини истамайди, шунинг учун ундан ўзини олиб қочмаслигини айтади ва дўстлик қўлини чўзади.
Шундан сўнг улар нафақат яхши ҳамкасб, балки қадрдон дўст бўлишади. Айнан Брюс Уиллис “Яшил маскан” фильмининг сценарийсини ўқиб чиққач, Дунканга қўнғироқ қилади. Уни Жон Коффи ролида кўрганини айтади, кейин эса режиссёр Фрэнк Дарабонтга унинг номзодини тавсия қилади.
Робин Уильямс
Робин Уильямс Голливуднинг энг меҳрибон актёрларидан бири эди. Гарчи у жиддий касаллик туфайли азоб чеккан бўлса-да, бошқаларни бахтли қилишни биларди. Робин болалар ва катталарга нафақат телевизор ва кино экранлари орқали, балки шахсан ҳам қувонч келтиради.
Уильямс том маънода яширин Санта эди. Ҳар Рождествода у болалар шифохоналарига ташриф буюриб, уларга совғалар улашади. Лекин энг муҳими, у буни камераларсиз ва ортиқча шов-шувсиз қилган. Педиатр Керри Чен 1998 йилда Сан-Франциско касалхонасида педиатрия гуруҳида ишлаганини эслайди. Ҳар Рождествода ушбу шифохонага ташриф буюрадиган Робин Уильямс ўша йили ҳам ҳеч кимга айтмай, болаларни кўргани келади. Аввалига муддатидан олдин туғилган ва оғир аҳволда бўлган болани кўргани боради. Робин келганида, бола ўзини анча яхши ҳис қиларди, шунинг учун актёрга унинг олдига киришга рухсат беришади. У кўзларида ёш билан чиқади, шундан сўнг унинг фильмларини томоша қилиб катта бўлган болалар олдига боради. Уларнинг ҳар бирига нафақат ўз эътиборини, балки янги Nintendo видео ўйинини ҳам ҳадя қилади.
Керри Ченнинг сўзларига кўра, Робинни машҳурлик умуман қизиқтирмаган — у шунчаки буни хоҳламасди. Шундай қилиб, Уильямс ҳеч кимга сездирмасдан ичкарига киради, кейин қандай келган бўлса, шундай жимгина чиқиб кетади.
Kиaну Ривз
Kиaну Ривз мухлисларини жуда яхши кўради ва уларнинг ҳар бирига ҳурмат билан муносабатда бўлади. Бунинг эвазига мухлислар унга меҳр ва садоқатини билдиради. Kиaну кўплаб мухлисларини ҳайратда қолдирадиган ишлари туфайли идеал Голливуд юлдузига айланди. Улардан бири 2001 йилда, Ривз аллақачон “Матрица”, “Тезлик”, “Тўлқинларни бўйсундириб”, “Билл ва Теднинг ажойиб саргузаштлари” ҳамда “Иблис ҳимоячиси” фильмларида рол ўйнаган пайтида содир бўлган.
Бир куни Kиaну бош ролни Жонни Депп ўйнаган “Жаҳаннам қаъридан” фильмини кўриш учун кинотеатрга тушади. Кассада ўтирган 16 ёшли йигит Kиaну дастхат бермаса керак, деб ўйлайди, шунинг учун унга чегирма олиш учун имзо чекиши керак бўлган бланкани узатади. Ривз хушмуомалалик билан рад жавобини бериб, “мен бу ерда ишламайман”, дейди ва кетади. Йигитча нотўғри иш қилганини тушунади, лекин энди кеч эди. Аммо кутилмаганда касса эшиги тақиллайди. Эшик ташқарисида Kиaну Ривз турарди, у: “Сенга дастхатим кераклигини тушундим”, дейди ва унга имзо қўйилган чек беради.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг