20:43 / 24.12.2023
221

Озодбек Назарбеков: “Зиёлилар ўзини кўрсатадиган давр келди”

Озодбек Назарбеков: “Зиёлилар ўзини кўрсатадиган давр келди”

22 декабр куни президент Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Тадбирда маънавият, маърифат, маданият, санъат ва ижод соҳаларида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди. Kun.uz мухбири нима учун ушбу мавзулар президент даражасида кўтарилиб муҳокама қилингани, жадидлар масаласи нега ҳамон долзарблиги, театр санъати аҳволи ҳозир қандай экани ва нима ўзгаришлар бўлиши кутилаётгани, сериалларнинг савиясизлигидаги муаммонинг илдизи қаердалиги каби саволлар юзасидан Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан суҳбатлашди.

— Озодбек ака, 22 декабр куни президент Республика маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишини ўтказди. Сиз ўзингиз ҳам бу тадбирда қатнашдингиз ва унда кўтарилган масалалар бевосита сиз раҳбарлик қилаётган соҳага даҳлдор. Нима деб ўйлайсиз? Нима учун маънавий-маърифий мавзу президент даражасида кўтарилиб муҳокама қилинди, бунга нима зарурат бор эди?

— Ўзи бу йиғилишга 2-3 ойдан бери тайёргарлик бўлаётган эди. Лекин ўтган ойларда президентимизнинг графиклари тиғиз бўлгани учун бироз ортга сурилди. Бу йиғилиш ҳар йили йил якунида бўлиши керак, Маънавият кенгашининг раиси президентимизнинг ўзлари. Ўтган йиллардаги пандемия ва бошқа муаммолар сабаб охирги марта 2019 йил бўлган эди. Бу сафарги йиғилиш Республика миқёсида жуда кенг тарзда бўлди.

Бу йўналишга катта урғу берилиб, шу даражадаги йиғилиш бўлди. Сир эмаски, бутун дунёда беқарор вазият ҳозир, барча кўриб турибди. Халқаро даражадаги келишувлар ҳам кучини йўқотяпти, беписандлик бўляпти. Эртага геосиёсий майдонда давлатлар бу ҳолатдан қай кайфиятда чиқади, дунё сиёсати қай томонга ўзгаради — буни ҳеч ким олдиндан айтиб беролмайди. Сиёсий беқарорлик мавжуд дунёда. Шу маънода Марказий Осиё барча катта давлатларнинг эътиборида турибди, Марказий Осиё уларнинг ҳаммасига керак. Бундай беқарор вазиятда қайси давлатга «учқун» бориб тегиши, бу балонинг урчиб кетмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди. Шунинг учун ўзимизда миллий иммунитет шаклланиши шарт, жамиятимизга сув ва ҳаводай зарур бу.

Президентимиз бошчилигидаги кечаги йиғилишни шахсан мен зиёли қатламга, ижодкорларга чақириқ деб тушундим. Яъни зиёлиларнинг ўзини кўрсатадиган даври келди. Президентимиз ҳам эл бошига иш тушганда, зиёлилар майдонга чиқишини айтиб, жадидларимиздан мисол келтиргани бежиз эмас.

— Давлат раҳбари жадидлар масласига яна тўхталиб ўтди. Сизнингча, жадидлар масаласи нима учун муҳим? Президент нимани назарда тутаяпти?

— Қиёслайдиган бўлсак, жадидларнинг дастури, мақсади бугунги бизнинг дастурлар билан жуда ўхшаш. Илм-фанни, маданиятни ривожлантириш орқали 3-ренассансни бошлаш режалари бўлган. Бугун юртимизда асосан таълимга, илм-фанга катта эътибор бериляпти. Кечаги йиғилишнинг умумий моҳиятида маданият, маърифат ва маънавиятни қўллаш, ривожлантириш орқали инсон интеллектини, инсоний маданиятни сақлаган жамият яратиш бор. Бу нарса айнан жадидлар ғояси билан мос келади. Шунинг учун ҳам жадидларга мурожаат қилиш бугунги сиёсатимизни амалга оширишда жуда катта дастак бўлолади.

— Президент Маданият вазирлигига Театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқиш режасини топширди. Шунингдек, идора ва муассасаларда ойнинг бир кунини “Театр куни” деб эълон қилиш таклиф этилиб, ходимларнинг театрларга боришини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Бу нимага керак, қандай аҳамияти бор? Театрлар бўйича аҳвол қандай эди ва энди нима ўзгаради?

— Журналистлар томонидан театга одамлар келмай қўйганига сабаб театрнинг ўзи, деган бир маънодаги саволлар бўлади. Шунақа савол қўяётган журналистнинг ўзи театрга бормаган бўлиб чиқади. Гап мана шунда, яъни теартнинг даражаси тушгани – одамларнинг ўзи бормай қўйди.

Президентимиз театрларга ташриф буюриш графигини қиламиз, дедилар. Давлат идоралари ходимлари театрга бориши керак, яъни театрга қайтишни давлат идоралари ходимларидан бошлайлик, халққа театрга киринглар дейишдан олдин ўзимиз бошлайлик, деган маънодаги чақириқ билан бўлди деб ўйлайман бу таклиф.

Ҳали театрларда ҳам қилинадиган ишлар кўп. Қайси маънодаки, биз ҳали театрларга янги технологиялар олиб кирмадик, жаҳон театр саҳналарида денгизни ҳам кўриш мумкин, олов ҳам ёнади керак бўлса. Умуман, янги технологиялар билан саҳнада ҳайратомуз ишлар қилиш мумкин бугунги кунда. Биз шуни ҳали қилмадик, ҳали ҳам фақат актёр маҳоратига таяняпмиз. Аслида бу ҳам кучли профессионализм, юқори баҳоланади бундай саҳналар. Лекин бугунги кун талаби ҳам бор, бугун томошабин бемалол бошқа театрлар билан солиштириб кўриши мумкин. Яъни ҳали янги технологиялар киритилмагани ҳам бир кичик сабаб, бу эса бизнинг, маданият соҳасидаги камчилик.

Айтганимдек, театр савияси тушиб кетгани йўқ. Шунчаки ижтимоий тармоқлардаги маърифий қўшиқ билан бемаза қўшиқнинг кўришлар сонига қаралса, маълум бўлади ўзи. Томошабин савиясини кўрсатади бу. Яъни томошабиннинг ўзи истамаяпти, санъат асарини хоҳламаяпти. Масалан, «Миллион» жамоасини ҳамма танқид қилади, лекин неча кун концерт берса ҳам, зал тўла бўлади. Ростдан шунақа норози бўлса, бормасин, «ўлади» шу билан, кейинги йил концерт бермайди. Лекин унақа эмас-да. Демоқчиманки, «қарс» икки қўлдан чиқади. Ижод аҳли ҳам катта асарлар яратиши учун шу даражада тушунадиган мухлис керак. Масалан, мақом эшитиш учун билим бўлиши, бадиий савия юқори бўлиши керак. Мана шундай ҳақиқатлар бор.

Президентимизнинг ҳам театрни қўллайлик деётганлари бекорга эмас. Театрда инсон қайсидир образда ўзини кўради, албатта. Театр — ойна. Азалдан театр тарбия вазифасини ўтаган. Унинг шу мавқеини қайтариш учун бошида график асосида бўлса ҳам бориш керак. Бир марта борган одам иккинчи марта ўзи боради, ўзим неча марта гувоҳи бўлганман. Шу сабабли инсон бир марта бўлса ҳам театрга бориши керак. График асосида борганларнинг 70 фоизи кейин ўзи борадиган бўлади. Театр ўзига сеҳрлай олади.

— Йиғилишда миллий киносериаллар ишлаб чиқишда мавжуд тизимни тубдан ислоҳ қилиш кераклиги айтилди. Сериаллар ва филмларни ислоҳ қилиш бўйича топшириқ берилди. Биз биламизки, жамоачилик миллий сериалларнинг савиясизлигидан шикоят қилиб келади. Нима деб ўйлайсиз, кечаги йиғилишда берилган топшириқлар сериаллар ишлаб чиқариш соҳасида ҳам туб бурилиш бўла оладими? Сериаллар савиясизлигидаги муаммонинг илдизи қаерда ўзи?

— Муаммонинг илдизи кўпроқ хусусий каналларга бориб тақалади. Яъни улар мана шунақа муҳокамага сабаб бўладиган саҳналарни талаб қилишади, бундай аҳмоқона талаблар ҳам океан ортидан кириб келаётган иллатлардан бири. Куракда турмайдиган мавзулар талаб қилишади. Аҳолининг ўзи ҳам шу нарсаларни кўряпти-да, ўзи айтмаса ҳам, қоралаб турса ҳам, барибир шунга талаби бор. Реал ҳаётда бошқа, муҳокама майдонида бошқа. Ижодкорларнинг ички маданиятига ҳам боғлиқ, шундай ижодкорлар борки, минг талаб қилса ҳам, у ишни қилмайди.

Кинодаги катта муаммолар ҳал бўлиб боряпти, жуда абгор ҳолатга келиб қолган эди. Ҳарҳолда кино соҳаси этагини йиғиштирди, яхши кинолар ҳам чиқа бошлади. Меценатлик маданияти йўқ бизда. Бутун дунёда кинога ўзини оқлайдиган бизнес лойиҳа сифатида қаралади, лекин бизда бундай эмас. Кино соҳасида тадбиркорлар йўқ. Бу соҳага инвестор бўлиш учун эса соҳани тушунган, билимли киши бўлиши керак. Бутун дунёда кинога давлат пул бермайди, ҳар замон қанақадир тарихий филмга пул ажратиши мумкин, лекин доимий ҳомийлик қилмайди. Кино ўзини ўзи боқади, керак бўлса бюджетгаям ёрдам беради. Биз у даражага чиқишимизга ҳали бор, буни тан олиш керак. Лекин ҳарҳолда киномиз анча оёққа турди. Техникалар сотиб олинди, кеча ҳам киношаҳарчалар қуриш учун ер ажратиш бўйича топшириқ бўлди. Кино павилонларимиз пайдо бўлса, анча яхши иш бўлади, айниқса тарихий филмлар учун. Шароит йўқлиги учун ҳам Ўзбекистонда тарихий филмлар кам олинали, сифатли бўлмаганига сабаб эса катта маблағ керак. Ҳар бир қаҳрамон учун алоҳида кийим тикилмайди, индивидуал ишланмайди. Шундай камчиликларимиз бор, маблағ билан боғлиқ масала булар, лекин ечса бўлади, биринчи қадамлар қўйиляпти. 2024 йилдан кино павилонлар ташкил этилса, бу ҳам катта имконият беради.

— Ҳатто мана учта ҳудудда, яъни Тошкент вилояти, Самарқанд ва Бухорода Синема-парклар очилиши кутиляпти. Бу келажакда, айтайлик, Туркиядаги тасвирга олинган сериаллар даражасига чиқишга имкон берадими?

— Эрта ё индин бўлади, деб аниқ айтолмайман. Дунёда ҳатто сценарий ёзиш талаблари ҳам ўзгариб кетган, Ўзбекистонда сценарист, драматург етишмаслиги бор. Актёрларимиз-ку етарли. Асарлар йўқ бизда. Тўғри, кечаги кун талабига жавоб берувчи жуда зўр драматурглар бор, уларнинг ҳам ёши ўтиб қолди, ёшларнинг кўзи билан асарлар ёзишлари ҳам қийин, улардан ўзгариш талаб қилиш ҳам ноўрин. Шу сабабли ёш драматурглар керак бизга, аммо, афсуски, бундай ёшларимиз жуда кам. Бу нарсалар изига тушиши учун ҳали вақт бор, мутахассислар етишгунча кутамиз ҳам. Президентимиз ҳам соҳа вакилларини чет элларга тажриба оширишга юбориш кераклигини айтдилар. Жараённи тезлаштириш учун четдан етук сценарист, драматургларни таклиф қилиб, семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этиш режаларимиз бор. Айтганимдек, кўпроқ бугунги кун талабларига жавоб берувчи драматург, сценаристлар тайёрлаш устида бош қотиришиз керак.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Озодбек Назарбеков: “Зиёлилар ўзини кўрсатадиган давр келди”