«Карта тилаклар» сериали: премьера санаси, жанри ва сюжет тафсилотлари

2026 йилда Okko платформасида «Карта тилаклар» номли комедик драма йўналишидаги, мистика унсурлари аралаш янги сериал намойиш этилди. Лойиҳа оммабоп психологик амалиётлар ва инфобизнес атрофидаги трендларни киноя билан талқин қилиб, томошабинга битта кескин саволни беради: агар тилаклар сўзма-сўз, кутилмаган тарзда рўёбга чиқа бошласа, оқибати қандай бўлади? Бу ҳақда kursiv.uz хабар беради.
Сериал премьераси 2026 йил 1 январ куни бўлиб ўтди. Биринчи мавсумнинг барча қисмлари Okko’да онлайн томоша учун бирданига тақдим этилган.
Воқеалар марказида Олеся — ҳаётидан, муносабатларидан ва атрофидаги одамлардан доим норози ёш аёл туради. У муваффақиятсизликлари учун масъулиятни кўпроқ бошқаларга юклайди, ич-ичидан эса ранжитганларни жазолашни тилаб юради.
Дўстининг маслаҳатидан сўнг Олеся психологик марафонда қатнашиб, «тилаклар картаси» тайёрлайди. Бироқ у одатдаги орзуларни эмас, асабига теккан одамларга нисбатан “жазолар”ни тасвирлайди. Кутилмаганда, бу ниятлар реал ҳаётда ҳам амалга ошиб кетади — қаттиқ, сўзма-сўз ва кўпинча қайтариб бўлмайдиган кўринишда.
Олеся мазкур ғоя билан инфогуру Екатерина Полонскаянинг чиқишидан кейин танишади ва атрофдагилар учун бир қатор “жазолар”ни чизады. Орадан кўп ўтмай, биринчи ғалати мосликлар пайдо бўлади: ҳамкасби жароҳат олади, ЗАГСда ёнғин юз беради. Олеся энди булар тасодиф эмаслигини англайди.
У жараённи тўхтатишга уринади, бироқ карта “ишлашда” давом этади: иш жойида ҳам хавфли вазиятлар кетма-кет рўй беради. Навбатдаги сирли ҳодисадан сўнг Полонская қўлга олинади. Фая эса картани алдаш — уни қайта чизиш орқали оқибатни ўзгартириш мумкинлигини айтади.
Бироқ можаролар тобора чуқурлашади: Полонская Олесядан шубҳаланиб, уни йўқ қилишни буюради. Шу пайтда Олесянинг онаси кутилмаганда ҳомиладорлиги кеч муддатда экани маълум бўлади, оилавий ва шахсий зиддиятлар янада кескинлашади. Тилаклар картаси бутунлай назоратдан чиқади.
Кейинги бурилишда Полонскаянинг ёрдамчиси Дмитрий Олесяни ўғирлаб кетади: у аутизми бор ўғлига ёрдам сўраб, Олесядан картaдан фойдаланишни талаб қилади. Шу тариқа муҳим ҳақиқат ойдинлашади: карта “даволамайди”, у инсон ичидаги зиддият ва аламларни шунчаки кўзгудек акс эттиради.
Олеся охир-оқибат шундай хулосага келади: тилакларни бекор қилиш йўли — кечириш ва қабул қилишдан бошланади. У Фая билан ярашишга муваффақ бўлади ва картадаги тилаклардан бири ортга қайтади. Сюжетда абсурд, аммо рамзий эпизод ҳам бор: Олесянинг отаси руҳи гўё бир боланинг танасида пайдо бўлади — бу қаҳрамоннинг эски ранж ва дардлари билан хайрлашиш нуқтасига айланади.
Финалда Олеся Игор билан турмуш қуришдан воз кечади: улар бир-бирига мос эмаслигини англаб етади. Онасининг ҳомиладорлиги ҳақидаги сўнгги “тилак” эса сақланиб қолади. Ҳикоя чақалоқ туғилиши ва Олесянинг вайронкор тилаклардан воз кечиши билан якунланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!