Саида Раметова турмуш ўртоғи Жумадулла Раметов ҳақида юракдан гапирди

Актриса Саида Раметова “Аёл қалби” кўрсатувида берган интервюсида турмуш ўртоғи — Жумадулла Раметов ҳақида самимий ва таъсирли фикрлар билдирди.
Унинг айтишича, турмуш ўртоғининг оғир хасталикка чалинишини ҳеч қачон тасаввур ҳам қилмаган. Бироқ ҳаётдаги синовларни сабр билан қабул қилишга ҳаракат қилганини таъкидлади:
“Ҳеч қачон турмуш ўртоғим Жумадулла Раметов бундай касалликка чалинади, деб ўйламаган эдим. Аммо шукр қиламан: атрофимизда соғлом юрган қанча дўстларимиз, яқинларимиздан айриляпмиз. Дастлаб жуда хафа бўлдим, кўнглим оғриди. Лекин бу ҳам Аллоҳнинг синови экан. Одам вақт ўтиб кўникар экан. Ҳаётнинг 15 куни қоронғу бўлса, 15 куни ёруғ.”
Актрисанинг айтишича, ҳозирда турмуш ўртоғи театрда фаолият юритмайди, хотирасида ҳам айрим муаммолар бор. Шунга қарамай, энг муҳими — ҳаёт давом этаётгани:
“Улар ҳозир театрда ишламаётган бўлсалар-да, хотиралари бироз йўқолган бўлса ҳам, ҳаётлар, нафас олиб турибдилар. Илоҳим, умрлари узоқ бўлсин.”
Саида Раметова турмуш ўртоғининг ҳаёти ва ижодидаги ўрнини алоҳида эътироф этди:
“Мен аёл ва санъаткор сифатида доим айтаман — улардан мингдан-минг розиман. Улар доим қалбимга қулоқ тутдилар, санъатда нимагадир эришишимда жуда катта таянч бўлдилар. Менга қалқон, қўрғон бўлдилар. Олган Халқ артисти унвонимни ҳам аввало уларники, деб биламан.”
Актрисанинг бу самимий эътирофлари томошабинлар қалбига етиб борди ва кўплаб илиқ фикрларга сабаб бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!