ЛИЦЕНЗИЯЛАНУВЧИ ФАОЛИЯТ
У билан тегишли рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлмай шуғулланиш тақиқланади.
Шундай фаолият турлари борки, уларни лицензияламай туриб амалга оширишга рухсат этилмайди. Чунки булар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамда лицензиялашдан ташқари усуллар билан тартибга солиш қийин бўлган фаолият турларидир. Тушуниш осон бўлиши учун бунга тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини мисол қилиб келтириш мумкин. Айтайлик, бирор хусусий тадбиркор аҳолига кўз касалликларини даволаш хизматини кўрсатишни йўлга қўймоқчи.
Табиийки, аввало унинг фаолияти лицензияланиши керак. Яъни тадбиркор ўз зиммасига ушбу йўналиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талаблар ва шартларни бажариш мажбуриятини олади. Ташкил этилаётган муассаса зарур тартибда жиҳозланиши, моддий-техника базасига, малакали мутахассисларга эга бўлиши ва бошқа бир қанча талабларга жавоб бериши керак.
Бундан кўринадики, айрим фаолият турлари мажбурий равишда лицензияланади. Акс ҳолда, ушбу фаолият билан шуғулланиш қатъиян тақиқланади. Бу каби фаолият ортидан тегишли рухсат берувчи ҳужжатга эга бўлмасдан даромад топиш эса қонунга зид деб ҳисобланади, шундай ҳуқуқбузарликни содир этган шахс жавобгарликка тортилади. Бироқ жорий йилнинг ўтган даврида солиқ идоралари ходимлари томонидан ўтказилган ўрганишлар, назорат тадбирлари давомида шу нарса аниқ бўлдики, бу борадаги мавжуд қонун-қоидаларга хилоф равишда иш тутаётган кишилар бор экан.
ТЎЙДА ХИЗМАТ КЎРСАТИШГА РУХСАТИНГИЗ БОРМИ?
Халқимизнинг урф-одати кўп. Шулардан бири тўй ўтказишдир. Топганимизни тўплаб, тўйда сочамиз. Яхши ниятда қариндош-уруғ, қўни-қўшни, дўсту биродаримиз учун дастурхон ёзамиз. Албатта, бу тадбирлар хонандаю созандасиз, куй-қўшиқсиз ўтмайди. Шу боис ушбу касб эгаларига иш анча кўп.
Яна бир жиҳати ҳам бор. Бугун кўпчиликнинг асосий истаги шуки, тўйга чақирилган санъаткор даврани “яхши қизитса” бўлди. Унинг лицензияси борми ёки йўқ, бунисига сира қизиқмаймиз. Аслида бунга бефарқ бўлмаслигимиз керак. Бунинг бир қанча сабаблари бор.
Таъкидлаш жоиз, тўйда қўшиқ айтиш ҳам амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турлари сирасига киради. Мазкур фаолият Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 9 декабрдаги “Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тартибга солинади. Унга кўра, тегишли лицензия концерт-томоша фаолиятининг олти рейтинг гуруҳлари бўйича берилади. Мазкур рейтинг гуруҳларини олган санъаткор ресторанлар, барлар, қаҳвахоналар ва хусусий уйларда тўй, юбилей ва бошқа тантаналарга хизмат кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлади.
Аҳамиятлиси, ижрочи муайян рейтинг гуруҳини қўлга киритиш учун лицензиялаш мезонлари ва малака талабларига мос келиши керак. Бунда унинг ижро маҳорати, репертуаридаги мусиқа ва қўшиқлар сифати ҳам эътиборга олинади. Албатта, булар пул тўлаб санъаткор хизматидан фойдаланаётган томошабин манфаатини кўзлаб қилинган. Ўз навбатида концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олган шахслар ўзларига берилган рейтинг гуруҳига боғлиқ равишда табақалаштирилган миқдорда давлат божи тўлайдилар.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш солиқ идораларининг асосий вазифасидир. Шу мақсадда жойларда назорат тадбирлари ўтказилмоқда. Айрим ҳолларда мавжуд қоидалар қўпол равишда бузилаётгани маълум бўлди. Қарши туманидаги “Ўзбегим” тўйхонасида бир бадиий гуруҳ довул чалиш фаолияти билан давлат рўйхатидан ўтмасдан, лицензиясиз шуғуллангани аниқланди. Гуруҳ аъзолари, шу туманда истиқомат қилувчи фуқаролар — И.У. ва С.С. кўрсатган хизмати учун 30 минг сўмдан, Б.Ш эса 100 минг сўм пул олгани ойдинлашди.
Шунингдек, тадбир давомида Қарши шаҳридаги “Ҳамро бобо” тўйхонасида Касби туманилик фуқаро Б.К. 100 минг сўм, Қарши шаҳрилик Ч.М. 20 минг сўм эвазига ҳеч қандай рухсатномаси бўлмагани ҳолда концерт-томоша фаолиятини амалга оширгани аён бўлди.
Айтиш ўринлики, фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид иш қилганлик маъмурий ва жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Юқоридаги ҳолатларда ҳам айбдорларга тегишли тартибда чора кўрилиши таъминланди.
НОҚОНУНИЙ ДИСК САВДОСИ ЮҚОРИ ИЖТИМОИЙ ХАВФ КЕЛТИРАДИ
Овозаси чиққан кино ёки севимли санъаткорнинг янги концертини биринчилардан бўлиб томоша қилишни хоҳловчилар талайгина. Бу борадаги талаб ўсаётгани аудиовизуал асарларни, фонограммаларни такрорлаш, сотиш, ижарага бериш хизмати ривожига кенг йўл очмоқда. Албатта, бу хизматни ташкил этишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор. Мазкур иш ҳам лицензияланиши шарт бўлган фаолият турлари сирасига киради.
Аммо кўпчилигимиз кўчаларда аудио ва видео дисклар турли шахслар томонидан ноқонуний равишда сотилаётганига гувоҳ бўламиз. Бу айримлар учун яхшигина даромад манбаига айланиб қолган. Қайд этиш керакки, мазкур “ишбилармон”лар зўравонлик, порнография, мамлакат хавфсизлиги ва ижтимоий-сиёсий барқарорликни, фуқаролар тинчлигини, миллатлараро ва динлараро тотувликни бузишни тарғиб қилувчи, миллий менталитетимизга мос келмайдиган мазмундаги аудиовизуал асарларни сотмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан жойларда ўтказилаётган назорат тадбирларида бир неча ана шундай ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи кимсалар ишига чек қўйилаяпти.
Жумладан, вилоятимиз марказида ўтказилган назорат тадбирида Қарши шаҳрилик фуқаро Ғ.У. давлат рўйхатидан ўтмасдан, лицензиясиз DVD ва CD дискларни 2500 сўмдан сотаётганлиги аниқланди. Ундан 211 дона диск ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Шунингдек, Қарши шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Р.Ж. ҳам лицензияси бўлмагани ҳолда DVD ва СD дискларни пуллаётгани ойдинлашди. Қарши туманилик Н.С. ҳам дискфуруш бўлиб, у 305 дона аудиовизуал маҳсулотни сотиш мақсадида бўлгани мавжуд далиллар асосида исботланди.
Маълумот ўрнида келтириш жоизки, жорий йилнинг ўтган даврида солиқчилар томонидан вилоятимизмиқёсида аудио ва видео дисклар ноқонуний савдосининг олдини олишга қаратилган 75 назорат тадбири ташкил этилди. Уларнинг 26 тасида қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Тадбирлар давомида умумий қиймати 16 миллион сўмга яқин бўлган 6 минг донадан ортиқ диск ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
12 ТА ИНТЕРНЕТ КАФЕ НОҚОНУНИЙ ФАОЛИЯТ ЮРИТГАН
Интернет тармоғи бутун дунёни эгаллаб олишга улгурди. Унинг ёрдамида бир дақиқада Ер юзининг нариги четидаги киши билан суҳбатлашиш, ўзаро фикр алмашиш мумкин. Интернет шу даражада оммалашдики, унга мурожаат қилувчилар сафи ҳам, эълон қилинадиган мавзулар кўлами ҳам кундан-кунга кенгайиб бормоқда. Ҳозирги кунда жаҳон миқёсида миллиардлаб инсонлар интернетдан фойдаланади. Чунки янгиликлар, об-ҳаво, даволанишнинг янги турларини билиш учун бемалол ушбу глобал тармоққа мурожаат қилиш мумкин.
Аҳамиятлиси, вилоятимиз аҳолисининг мазкур халқаро тармоқдан фойдаланиш қамрови ҳам тез суръатларда кенгайиб бораяпти. Табиийки, ушбу эҳтиёжни қоплаш учун зарур шарт-шароитлар яратилмоқда. Бу йўналишда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари ҳам кўпайиб бораяпти. Жойларда янги интернет кафелар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Эътиборли жиҳати, ҳозирги кунда аксарият кишилар асосий ахборот манбаи сифатида интернетга юзланади. Бироқ холис ва нохолис ахборотни ҳамма ҳам фарқлай олиш имкониятига эга эмас. Бугунги кунда халқаро тармоқда ўз жонига қасд қилишнинг турли йўлларини тарғиб қилувчи 9 минг, шаҳвоний мазмундаги 4 мингдан зиёд сайтлар мавжуд эканлиги бу борадаги хавотиримизни ошириши табиий. Халқаро экспертлар дунё миқёсида интернетдан фойдаланувчи ёшларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги сайтларга, 26 фоизи миллатчилик характеридаги веб-саҳифаларга мунтазам киришини тасдиқламоқда.
Интернет хавфсизлигини таъминлаш, бу борадаги чораларни кучайтириш орқалигина мазкур таҳдидларга қарши самарали курашиш мумкин. Вилоят давлат солиқ бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкор ташкилотлар иштирокида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида ташкил қилинган назорат тадбирлари айни шу вазифалар ижросига қаратилди. Ўрганишлардан шу нарса маълум бўлдики, вилоятимизда фуқаролар томонидан ноқонуний равишда 12 та интернет кафе фаолияти йўлга қўйилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу шохобчалар фаолиятига барҳам берилди, айбдорларнинг қонун олдида жавобгарлиги таъминланди.
Албатта, ҳар бир фаолият тури маълум тартибларга асосланиши мақсадга мувофиқдир. Акс ҳолда, эса айбдорга жазо муқаррар.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин