13 383
Ситора Фармонова: "запрет"га тушиши сабаблари, йўқотган дўстлари ва шахсий ҳаётида кутилаётган ўзгаришлар ҳақида
Сўнгги икки йил давомида унинг иродаси имтиҳон қилинди. Гап-сўзлар, таъна-дашномлар, қўрқув ва ижодий тақиқ... Аммо у исён қилмади, шунчаки бир чеккага ўтди-ю, кутишни лозим топди.«Ўзидан ҳам ўтгани бордир-да» дейсизми? Қайдам, бунисини суҳбатдошимиздан эшитасиз. Ситора ФАРМОНОВА "Сўғдиёна" газетасига интервью берди.
— Ситора, сўнгги икки йиллик танаффусни қандай изоҳлайсиз. Ё Россиянинг «Биринчи канали» лойиҳаси бўлган «Қувноқлар ва зукколар» ўйини билан бандлигингиз сабаб бўлдими?
— Ҳа, асосий вақтим «КВН» ўйинларига тайёргарлик кўриш билан ўтди. «Азия MIХ» жамоаси таркибида иштирок этдим. Бир ой Москвада бўлсам, бир-икки ҳафтагагина Тошкентга келиб-кетардим. Камнамо бўлиб қолганимнинг яна бир сабаби «Ўзбекконцерт» томонидан тақиқ қўйилгани билан боғлиқ.
— Демак, тақиқга тушганингизни тан оласиз?
— Ҳа, аммо бари ортда қолди. «Ўзбекконцерт» тақиқни бекор қилди. Бугун яна ижод қила олиш ҳуқуқига эгаман. Насиб қилса, тез кунларда янги ижод намуналарини ҳавола этаман.
— Ижод қилиш ҳуқуқининг чекланиши актрисалик эмас, балки хонандалик фаолиятингизга алоқадор, шундайми?
— Тўғри. Сиз танаффус деяпсиз-у, аммо мен кинодан узоқлашганим йўқ. Асосий эътиборим «КВН» ўйинларига қаратилгани боис фильмларда иштирок этолмадим. Негаки битта картинанинг суратга олиниши камида бир-икки ойни талаб қилади. Менда бўлса, вақт тиғизроқ эди. Бироқ шунда ҳам янги лойиҳаларда қатнашишга ҳаракат қилдим. Улардан бири Алишер Узоқов режиссёрлигида тасвирга туширилган «Музлаган» фильми. Хабарингиз бўлса, шу кунларда «Орзуимдаги аёл» номли картинанинг премьераси бўлиб ўтди. Унда ҳам роль ижро этганман.
— Тақиққа тушишингизнинг боисини сўрасам. Ижро этган қўшиқларингизга ишланган клипларда бачканалик бор десак, саноқли тароналар яратишга улгурдингиз, холос?..
— «Ўзбекконцерт» шу нарсани тўғри деб топган бўлса, эътирозим йўқ. Ҳақиқатан ҳам ахлоққа зид ёки ёшлар тарбиясини бузадиган қўшиқлар куйламадим. Уларга ишланган клипларда ҳам бачканалик йўқ. Очиғи, нега шундай бўлди, менга қоронғу. Изоҳини тушунтириб беролмайман. Муҳими, бари ортда қолди, яна хонандалик фаолиятимни давом эттиряпман.
— Кўпчилик ёш актрисалар ҳавас қилса арзигулик «багаж»га эгасиз: 29 та фильмда бош роль ижроси! Рўйхатни кенгайтирасизми энди?
— Албатта! Лекин ҳамма фильмларга ҳам розилик беравермаяпман. Улғайдим, ўз имкониятларимни тўғри баҳолашни ўргандим. Вақтимни арзирли кино асарларга сарфласам дейман. Сценарийлар борасида униси саёз, буниси дуруст, дея фикр билдирмоқчи эмасман. Таклиф қилинаётган роль билан танишаман, фильмнинг асосий мазмун-моҳиятини ўрганаман, юрагим «жиз» этса, рози бўламан.
— Ситора Фармонова ўзини тамоман бошқа амплуада кўришни истаяпти чоғи, талаблари ўзгарибди?
— Нафақат актрисалик фаолиятим, балки хонандаликда ҳам ижро йўналишимни ўзгартириб кўрмоқчиман. Бир хил образларни истамаяпман, фантастика, мистика жанрларида маҳоратимни синаб кўрсам, дейман.
— Бундай қарорга келишингиз бекорга эмасдир?
— «КВН» ўйинларида иштирок этиб, кўплаб инсонлар билан танишдим. Турфа хил тақдирларни учратдим. Ижодий фикр алмашинуви содир бўлди. Бугун ўзимга нисбатан қўяётган талабларимнинг боиси шудир эҳтимол. Ташқи кўринишим ҳам бугун аввалгидек эмас. Йўқ, мен пластик жарроҳликка мурожаат қилмадим. Ваҳоланки, «Ситора кўз қовоқларини олдирибди, юзини тортирибди» деганлар ҳам бўлди. Мени яхши билган, таниган санъаткорлар ҳам шу савол билан юзланишди, «Юзингга нимадир қилгансан, ўзгариб қолганинг бежизга эмас», дея. Ҳамма гап аввалдан фойдаланиб келаётган парваришлаш воситаларини янгилаганимда. Яъники ўзимга эътиборим ортди, гўзаллик муолажаларининг янгича усулларини синаб кўряпман, бор-йўғи шу. Ўзгараман дегандим, мақсадим амалга ошяпти, чоғи. Ўзим учун яна бир нарсани англаб етдим, мен яратаётган образлар ички хиссиётларимга боғлиқ экан. Ўзимга нисбатан талабларим ортди, қайсидир маънода ички оламим қайта тарбияланди. Қаршингизда турган Ситора бундан икки-уч йил аввалгисидек эмас ва бу яхшиликка!
— Кинога тасодифан келиб қолган дейишади сизни?..
— Чинданам шундай бўлган. Илк бора Саид Мухторов суратга олган клипда суратга тушганман. Съёмкадан сўнг «Ўзбекфильм» да «Тўда» фильми учун ўтказилаётган кастингга таклиф қилишган. Дизайнер бўлиш орзусидаги қиз учун ролга «проба» топшириш эриш туюлганди. Лекин кастингга борганман, эҳтимол тақдирнинг ўзи етаклагандир мени. Айрим сабабларга кўра «Тўда» картинасининг ташкилий ишлари тўхтатилиб турилган. Аммо «Ўзбекфильм»дан қуруқ чиқиб кетмаганман, ўша пайтлари «Аёл зоти» сериалига кастинг ўтказилаётганди, режиссёрлардан бири мени ҳам «проба»га чақирган. Сира ёдимдан чиқмайди, сериалнинг ўн олтинчи қисмида Ўзбекистон халқ артисти Мурод Ражабовнинг котибаси ролини ижро этганман. Уч-тўрт сонияли ролдан сўнг кейингиси «Сарвиноз» фильми бўлди. Учинчи картинам бу «Хавфли бурилиш», унда мен бош ролни ўйнадим. Шундан сўнг хорижий режиссёрлардан бирининг фильмида иштирок этдим ва бу киноасар Канн халқаро кино фестивалида намойиш этилди. Фестивалда Жим Кэррининг продюссери мен суратга тушган фильмни томоша қилиб, электрон манзилимни топган ва менга хат йўллаган. Афсуски, инглиз тилини у қадар мукаммал билмас эдим, мактабда ўрганганим, холос.
— Айтмоқчисизки, Голливудлик продюссернинг таклифи рад қилинди?..
— Бу воқеага 4–5 йиллар бўлиб қолди, чамамда. Ҳаракат қилсам, ўша пайтларда инглиз тилини ўрганиб, Голливудлик продюссернинг таклифига кўнардим. Аммо…Тўғри, агар Голливудга чиқсам, актриса сифатида юқори чўққига кўтариламан, маблағ томонлама ҳам анчайин ўзимни ўнглаб олишим мумкин эди, бироқ ўзбек минталитетига зид келган роллар ижроси учун халқим мени кечирармиди, шу мени ушлаб қолди. Дунёга чиқиш ёхуд миллат обрўси ўртасида танлов юзага келганида мен иккинчисини танладим ва бундан сира афсусланмайман! Болливуд, Голливудни орзу қилмайдиган актриса йўқ аслида, эҳтимол бирор тарихий асар ёки психологик драма жанридаги фильм бўлса, иштирок этишим мумкин бўлар. Аммо қайси режиссёр бўлишидан қатъи назар талабим битта: очиқ саҳналарда иштирок этмайман! Токи жаҳонга машҳур кино режиссёрлар ўзбек қизларининг шарм-ҳаёси ҳар нарсадан устунлигини билиб қўйишсин.
— Сўзларингизни тинглаб туриб, «Ситорани кинога чақирмай қўйишди» деган гаплар миш-мишмиди, деб ўйлаб қолдим.
— Бир йилда 3–4 та картинада иштирок этсам, кифоя. Ҳадеб экранларда кўринаверсам, «Яна шу актрисами» дейишмайдими? Мен одамларнинг меъдасига тегиб қолишдан қўрқаман. «КВН»да қатнашдим, видеороликларда чиқиб турибман, қолаверса, Россия телеканалларидан ҳам таклифлар бўлаяпти. Ҳаммасига рози бўлаверсам, ҳозир ишлаб қоларман. 3–4 йилдан кейин-чи, ҳамма мендан зерикади-ку. Ҳеч ким йўқламай қўйганидан ёмони йўқ ижодкор учун. Тақиқда бўлган даврим буни янада яхшироқ англаб етдим. Гарчанд актриса сифатида тўхтаб қолмаган бўлсам-да, эркин ижод қилолмаётганимдан депрессияга тушиб қолдим. Ваҳоланки, кунора экранларда кўринавермайман, тадбирлару теле-радиолойиҳаларга ҳам чақиришса бораман, бўлмаса йўқ, бироқ қайсидир маънода ижодим чегаралангани жуда қаттиқ таъсир қилди.
— Ярангизни тирнаш ниятим йўқ, шундай бўлса-да, ўтган икки йил мобайнида атрофингиздагиларнинг муносабати қандай бўлди?
— ... ўзим учун кўп нарсаларни билдим, ўша пайтлари қариндошларим орасида ҳам юзимга кулиб туриб, «Сизни «запрет»га туширишибдими» деганлари бўлди. Ҳол-аҳволингизни сўраб, «Шундай бўлибди» деган қайда-ю, кулиб туриб «ўйиб» олиш қайда. Юрагимга оғир ботган дамлар кўп бўлди. «Бу синов, ўтиб кетади, мен ўтиб кетаман» дердим ўзимга-ўзим. Менда унақаси бўлмайди, тақдиримдан норози бўлиб, «Етар бас, қийналиб кетдим, нега мен», демайман. Ҳар нимаки содир бўлса, ҳикмати борлигига ишонаман. Тўғри, охирги воқеалардан сўнг кўп дўстларимни йўқотдим, аммо буни ўзим истаганим йўқ. Вазият шунга олиб келди.
Ким мен учун қувонади, ким эса аксинча, ўзим учун хулоса қилолдим. Ҳозир сизга гапириб беряпман-у, лекин кўчага чиқишга ҳам безиллаб қолгандим. Бирор ким таниб қолса, «Нега бундай бўлди», дея сўрайверарди. Қолаверса, ижтимоий сайтлардан бирининг ноҳақ айблови ҳам номимни булғади: «Ситора Фармонова «КВН» ўйинларида ўзбек миллатининг устидан кулди! Шунинг учун лицензиясини олиб қўйишди», дея. Агар мен шундай иш қилганимда, бу аллақачон ижтимоий тармоқларга тарқаб кетган бўлмасмиди? Бунинг устига, нега мен ўз миллатимни кулгуга оламан, бу менга нима учун керак? Ўша сайтни дея қанча ҳақорат эшитдим, ҳатто пўписа қилганлар мени тузини еб тузлуғига тупурганликда айблаганлар ҳам бўлди.
Тўғриси, кўчага чиқишга ҳам қўрқиб қолгандим, ахир ҳаммага бирма-бир тушунтириб чиқмайсиз-у бари ёлғон, туҳмат деб. Номимни оқлайман, ноҳақ гап қилишганини исботлайман деб Россиянинг «Биринчи канали» раҳбариятидан «КВН»даги ҳар бир саҳна чиқишининг монтаж қилинмаган ва тайёр нусхаларини ёздириб олдим. Ижтимоий сайтга жойланган видеотасмаларни йиғдим, мақсадим ўша сайтни судга бериш эди. Негаки «Ўзбекконцерт» уюшмасининг тақиққа тушириши мени «КВН»да иштирок этишим билан боғлиқ эмасди. Аммо продюссерим мени судлашишдан қайтарди. «Яна гап қилишади, судма-суд юрибди. Сизга шов-шув керакми», дея.
— Сизга туҳмат қилганларни кечирдингизми?
— Йўқ, кечирмайман! Ҳар нарсанинг жавоби бор, шунчаки уларнинг ноғорасига ўйнаганим йўқ. Кутдим ва номим оқланишига ишондим. Шукр, бугун юзим ёруғ!
— Ўтган ишларни эсламайлик, «Азия MIX»даги иштирокингиз ҳақида суҳбатлашсак. Билишимча, саҳна либосларини ўзингиз тикасиз?
— Худди шундай. Аҳамият берган бўлсангиз, жамоамизда фақат мен узун кўйлакда чиқаман. Саҳнадан ташқарида замонавий кийинишим мумкин, аммо ўйин вақти сира ҳам очиқ-сочиқ ёки калта либос киймайман. Чунки терма жамоамизни бутун дунё кўради ва ким қайси давлат вакили эканлигини яхши билишади. Беллашув ташкилотчилари мени кўп гапиртиришмайди, кулгули саҳналарда ҳам кам кўринаман. «Шарқона тарбияси, ибо-ҳаё тимсоли бўлсин у», дейишган.
— «Жамоамиз олий лигада ғолиб бўлса, турмушга чиқаман», дегандингиз. Хўш?
— Шахсий ҳаётим тўғрисида ҳеч қачон очиқ-ойдин гапирмаганман. Лекин сўрайверишарди, «Тўй қачон, севганингиз борми?» дея. Ўйин олдидан Россия ижтимоий сайтларига берган интервьюмда шунчаки яхши ният қилиб айтгандим, «Жамоамиз олий лигада ғолиб чиқса, албатта, турмушга чиқаман», деб. Буни қарангки, орадан икки ой ўтиб, ғолиб бўлдик. Ана энди телефон қўнғироқлари тинмаса денг, «Нима деганингиз ёдингиздами, куёвбола ким, тўй қайси санада?» Насиб қилса, эҳтимол шу йили шахсий ҳаётимда ўзгариш бўлар.
— Барча истакларингиз рўёбга чиқишига тилакдошмиз. Сиз учун хурсандмиз, омадингизни берсин.
— Миннатдорман!
Дилдора ЮСУФБЕКОВА суҳбатлашди
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар