«Бу итнинг тишлари намунча оқ бўлмаса...»
(Ийсо алайҳисалом)
«Анна Каренина»ни ёзишга ўтиришдан олдин русларнинг буюк адиби Лев Толстой ўша пайтларда ғарбдан кириб келаётган адабиёт ҳақида фикр юритар экан, ўша асарларда бузуқлик ва фаҳшнинг тараннум этилиши борасида ҳам ўз фикрларини ёзади. Черковнинг катта таъсири остида бўлган русларнинг жуда кўпчилиги бу асарлар ёт ғоялар эканини айтар ва жамиятга бўлган зарари ҳақида аюҳаннос солишарди.
«Бир жойда шартли равишда черков ва унинг ёнидаги фоҳишахонани тасаввур қилинг» – дейди у – «агар сиз фоҳишахонага кириб, тўқсон тўққиз фоиз бузуқлик ҳақида ва бир фоиз дин ҳақида ваъз ўқисангиз, бу жойга яхшиликни олиб кирган бўласиз. Чунки, ўша бир фоиз мана шу фоҳишахона учун ёт тушунча ўлароқ кириб келган ва тарғиб қилган бўлади. Аксинча, агар черковга кириб, тўқсон тўққиз фоиз Худодан гапиринг ва бир фоиз бузуқлик ғоялари ҳақида сўзланг – ишонаверинг, сиз бу ерда бузуқлик тарғиби билан шуғулланаётган бўлиб қоласиз».
Яъни, Толстой бу масалага саволни бироз бошқача қўяди: ўша даврдаги рус менталитети «черков»миди ёки «фоҳишахона»? Бошқача қилиб айтганда, бир томчи вино сутни бузади, ароқни эмас...
Аввало, айтиб қўяй, мен ҳам телевизоримнинг ахлоқли бўлишини истайман. Аммо, келинг, бироз реалист бўлайлик, «Севги изтироби»ни тақиқлаш билан телевизоримиз ахлоқли бўлиб қолмади. Умуман, бу тақиқни телевизоримизни ахлоқлироқ қилишдаги кичик бўлса-да, бир қадам сифатида баҳоламаган бўлардим. Барибир, ўша кўрсатувлар, ўшанақароқ сериаллар давом этяпти, буни рад эта олмайсиз.
Бошқа томондан, агар бадиий асар қаҳрамонларининг ҳар бир ҳаракати тарғибот деб баҳоланса, ҳар қандай кинодан айб топиш мумкин. Голливуд, Болливуд, «Маҳаллада дув-дув гап»дан бошлаб, барча ўзбек фильмларини қўйинг, ҳатто исломий ва ахлоқий йўналишдаги адабий муаллифларга ҳам мурожаат қилиш мумкин: Тоҳир Маликнинг «Мурдалар гапирмайдилар» ёки Муҳаммад Нуриллоҳ Рауфхоннинг «Оқ бино оқшомлари»даги хиёнат янада хунукроқ эди, мен сизга айтсам.
Бу майли бошқа мавзу. Урсангиз ҳам, сўксангиз ҳам, тан олишим лозимки, танқид қилган ва тақиқлашни талаб қилган жуда кўпчиликдан фарқли равишда, мен «Севги изтироби» сериалини охиригача кўрганман. Ушбу сериалдаги баъзи саҳналарига эътиборингизни қаратай:
***
Камолнинг отасига тегишли бўлган сартарошхона ёниб кетади. Бу ишни ашаддий душмани бўлган Амир қилган эди. Отанинг аҳволи ёмонлашади, чунки бу сарторошхона унга ҳам отасидан мерос қолган, оилавий анъаналарнинг рамзи эди гўёки. Шунда Камол айтади:
- Мен сизга бундан яхшироқ қилиб куриб бераман сарторошхона.
- Йўқ, ўғлим, бўлмайди. Энди бўлмайди. Мен отамнинг меросини асрай олмадим, унинг давомчиси бўла олмадим.
- Ундай деманг, дада. Сартарошхонангиз ёнгани билан устарангиз турибди-ку? Сиз бобомдан ўрганган ҳунарингизни ҳеч ким тортиб олмади-ку! Дадангиз сизга ўргатган ҳалоллик ҳали ҳам сиз билан-ку?!
- Ахир қандай қилиб, сенга оғирлигим тушади, ўғлим...
- Унақа деманг, дада, бу сартарошхона мени катта қилди. Боқди. Мени мана шу сартарошхона ўқитди, одам қилди. Менинг ҳам бу сартарошхонага қарзим бор.
***
Ниҳон Камолдан фарзанд кўради. Аммо узоқ вақтгача қизининг отаси ким эканини Камолдан яшириб келади. Ниҳоят бир кун Камол бундан хабар топгач, Ниҳон унга бир кундалик дафтар беради. У ерда қизчанинг то туғилганидан бошлаб бир ёшга киргунча бўлган ҳаёти тасвирлаб борилган, расмлар билан тўлдирилганди. Бу дафтарни ўқиб, балки Камол ўша даврларни бирга яшагандек ҳис қилар, айбим бироз ювилар деган мақсад бўлади. Кундаликни ўқиган Камол айтади:
- Буни ўқиб менинг дардимни енгиллатаман деб ўйловдингми? Аксинча. Бадтар қилдинг. Мен бу кундаликдан қизимнинг ҳидини топа олмадим. Унинг кулгиларини эшита олмадим. Йўқ-ку?! Мен ва қизимдан ўғирлаган мана шу бир йилни қандай қайтарасан?
***
Бу воқеадан бироз аввалроқ, ўша кундалик Камолнинг онасининг қўлига тушиб қолган эди. Феҳима хоним энг бошидан Ниҳонни ёқтирмаган, ўғлининг бу қизга илакишига қарши бўлган, буни доим айтган. Аммо бу кундаликни ўқиганда у жуда кўп ҳиссиётларни бошдан кечиради, икки кун ўтириб, кўзда ёш билан илк набирасининг кундалигини ўқиб чиқади. Ўз навбатида, кундаликни ўғлидан яширади ва қайтариб Ниҳонга олиб бориб беради.
- Қизим, сен ҳам она бўлдинг, энди мени тушунасан. Сенинг юрагинг ҳам фарзанд деб уради, меники ҳам. Сен ҳам фарзандингни ўйлайсан, мен ҳам. Агар Камол бу ҳақиқатдан хабар топса, яшай олмайди. Бошқа турмуш қурмайди, бутун хаёли мана шу қизчада бўлади. Эринг эса, ҳеч қачон сени қўйиб юбормайди. Кейин нима бўлади, ўйлаб кўрдингми? Сен ҳам, мен ҳам ўз фарзандимизни ўйласак, бу сирни яширишимиз керак.
Феҳима хоним бу гапларни айтиб, кундаликни Ниҳонга бериб, уйни тарк этади. Набирамни кўрай, демайди. Албатта, ўзи ёқтирмаган қизнинг ўғлидан орттирган беникоҳ боласини яхши кўриши керакми? Балки Ниҳон ҳам шундай ўйлагандир, лекин кундаликни варақлаб ўтириб, кўзи тушади – дафтар саҳифаларидан бирида қизчасининг битта расми кўчириб олинган эди. Феҳима хола вужудининг бир парчаси бўлган набирасидан эсдалик сифатида олиб қолганди.
***
Шунақа жойлари бор. Мен қидириб топмадим, деярли биргина серияга жо бўлган лавҳалар бу.
Кимдир фарзандларимизни ёмон сериаллар тарбиясиз қиляпти, дейди. Бошқаси, агар фарзанд тарбияли бўлса, бир соатлик сериал уларни бузиб юбормайди, дейди. Билмадим, ҳар иккисининг фикрига қўшилмасам керак.
Бошқа тарафдан, эрига кўнгилсиз бўлган бир аёлнинг бу сериални кўриб, эрига хиёнат қилиши мумкинлигидан қўрқиб кетганлар, билсинларки, томошабинлар орасида оёғи ердан узилиб, ўтмишини эсдан чиқарганлар, турмушидан ажрашгач, боласидан умуман хабар олмайдиган оталар ёки «меҳри тушиб қолади» деб ўша оталарни боласининг олдига боришига йўл қўймайдиган бувилар ҳам бор.
Йўқ, мен бу сериални тарғиб қилмаяпман, асло. Умуман тарғибот тушунчаси бироз бошқача эканини ҳар ким ҳар нарсани кўрганида ҳар хил хулоса олиши мумкинлигини айтмоқчи бўлдим холос.
Интернетнинг зарарлари ҳақидаги фикрлар урчиганда, бир ақлли танишим айтганди – интернет ҳам бир супермаркет каби, ҳар ким ўзига кераклигини ахтаради. Мен мана шу юқорида эсланган саҳналарини кўрдим, кимдир Ниҳоннинг «хиёнати»ни..
Қаҳрамон Асланов.
Манба: Kun.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Байден ва Жинпинг Перуда учрашди: «Агар бир-биримизни рақиб деб билсак, муносабатларни бузамиз»
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди