date

U-20 финалида Марокаш сенсация яратиб Аргентинани мағлуб этди

U-20 финалида Марокаш сенсация яратиб Аргентинани мағлуб этди

20 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида Марокаш ёшлар терма жамоаси Аргентинага қарши беллашиб, тарихий натижа қайд этди.

Чилининг “Насьональ — Хулио Мартинес Праданос” стадионида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда африкалик ёшлар рақибни 2:0 ҳисобида мағлуб этди ва илк бор жаҳон чемпиони бўлди.

Марокаш термаси сафидаги 20 ёшли ҳужумчи Яссир Сабири финалда дубл қайд этиб, ўйин қаҳрамонига айланди. Унинг зарбалари Аргентина дарвозасини 12 ва 29-дақиқаларда топди.

U-20 жаҳон чемпионати, Финал
Аргентина — Марокаш 0:2
Голлар: Сабири 12, 29 (дубл).

Бугунги ғалаба Марокаш ёшлар футболи учун янги саҳифа очди — бу мамлакат тарихидаги илк U-20 жаҳон чемпионлиги бўлди. Африка футболи учун ҳам бу ютуқ алоҳида аҳамият касб этади, чунки кейинги йилларда қитъа жамоалари ёшлар мусобақаларида юқори натижа кўрсата олмаганди.

Шу билан бирга, 3-ўрин учун кечган баҳсда Колумбия ёшлар жамоаси Францияни мағлуб этиб, бронза медалларини қўлга киритган эди.

Маълумот учун, U-20 жаҳон чемпионатлари тарихида энг кўп чемпионликни Аргентина ёшлар терма жамоаси қўлга киритган — улар 6 марта мусобақа ғолиби бўлишган. Бироқ бу сафар Марокаш уларнинг устунлигини тўхтатишга муваффақ бўлди.

Шундай қилиб, Яссир Сабири бошчилигидаги Марокаш ёшлар терма жамоаси футбол тарихи учун ёдда қоладиган кеча уюштирди — жаҳон футболи саҳнасида янги авлод ўз сўзини айтди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » U-20 финалида Марокаш сенсация яратиб Аргентинани мағлуб этди