ҚУЛЛИКДАН МАЛИКАЛИККА ЭЛТУВЧИ ЙЎЛ
Асли грециялик, ўша замон қонунларига кўра, Истамбулга қул қилиб олиб келинган Анастасия тақдир тақозоси билан Султон Аҳмад саройига тушиб қолди. Султон унга кўнгил қўйди. Анастасияга олдин Моҳпайкар, кейинроқ Кўсем (тўдабоши) исмини беришди.
Тўғри, султон Аҳмад даврида барчанинг Кўсемга ҳаваси келарди. Чунки у вафодор ёр, меҳрибон она, уддабурон аёл сифатида саройдагиларнинг эътиборига тушди.
Султон Аҳмад Кўсемга ўзининг илтимосига кўра вақф, яъни, хайрия ишлари билан шуғулланишга ҳам изн берди. Бу иши учун ғазнадан кераклича маблағ ажратилди. Кўсем эри Аҳмад даврида ҳукумат ишларига деярли аралашмаган.
Асосан фарзандлари тарбияси, ҳарам юмушлари билан банд бўлган. Кўсемнинг асл башараси Усмон тахтга ўтиргач, очила бошлади. Барчага маълум, Усмон Моҳирўз исмли канизакнинг ўғли. Моҳирўз эски саройга сургун қилинган. У оламдан ўтгач, Усмонни Кўсем султон асраб олган. Усмон уни яхши кўрарди.
Аммо ўгай ака-укаларига Кўсем кўпроқ эътибор берадигандек, ўгай бўлгани учун унга кам меҳр бераётгандек туюларди. Кўсемга аламзада эди. Кўсем эса аллақачон вазирлар, яничарлар, оддий халқ вакиллари орасида меҳрибон аёл, волида сифатида машҳур бўлиб улгурганди.
У юзлаб уйсизларга жой берган, очларнинг қорнини доимий равишда тўйғазиб келган. Яничарлар, сипоҳлар ўртасида адолатли ва куйинчак, уддабурон малика сифатида таассурот уйғотган.
СЕН ПОДШОМИ, МЕН ПОДШО?..
Усмон тахтни эгаллаб, укаси Меҳмедни қатл этгач, Кўсем оёққа турди. Ростакамига ҳукумат ишларига аралашиш пайида бўлди. Бироқ бу амали ақли калта Мустафо иккинчи марта тахтдан туширилиб, ўрнига Кўсемнинг ўғли Мурод IV тахтга ўтиргандан кейин қизғин тус ола бошлади. Тўғри, Мурод ўн ёки нари борса ўн бир ёшлигида тахтга ўтирди. Шу сабабли ҳукумат аъзолари Кўсемнинг регент сифатида фаолият юритишига розилик билдиришди. Кўсем то ўғли вояга етиб мустақил тарзда империяни бошқара оладиган бўлгунча давлат ишларида керагидан ортиқроқ тажриба тўплади. Аввалгидек яничарлар, сипоҳлар, ҳукумат аъзоларининг асосий қисми фақат Кўсемнинг буйруғига итоат этишарди. Мурод улғайгач, она-бола орасига худди шу якка ҳокимлик, тахт совуқчилик солди. Энди Кўсем ўз фарзандига қарши очиқчасига кураш бошлади.
Буни бекитиқча девон мажлиси уюштириши, саройда ҳукумат миқёсидаги муаммоларни ҳал этишидан билиб олиш қийин эмасди. Айнан тахт жазаваси сабаб бўлиб у кунлардан бир куни жиддий хасталикка йўлиққан Муроднинг тузалиб кетишини хоҳламади. Ҳокимият бу аёлни шу қадар жазавага солиб қўйдики, сарой бош табиби зиммасига хасталикни даволамасдан, аста-секин Муродни баттар ёмон аҳволга солиши мумкин бўлган, ўлим сари етаклайдиган дори тайёрлаш вазифасини юклади. Яна мақсадига етди. Табиб Муродни тобора жар ёқасига элтувчи алоҳида дори билан «сийлай» бошлади. Охири дори ўз кучини кўрсатди. Кўп ўтмай султон Мурод ёруғ дунёни тарк этди.
«ХОР БЎЛИБ ЎЛГИН, ОНА!..»
Кўсем султон ҳам барибир она-да. Кетма-кет фарзандларидан айрилиши, яъни, олдин Усмон, кейин Меҳмед, ундан кейин Қосим, мана энди Муродни нариги дунёга кузатиш барибир унинг руҳиятига таъсир ўтказмай қолмади. Лекин ортга йўл қолмаган. Қолаверса, ҳануз юрагининг бир четида ўлган болалари учун куйса, қолган бир четида ҳокимият, яккаҳокимлик балоси чарх урарди. Нима бўлганда ҳам бир куни Истамбулда машҳур жодугар кампирникига ташриф буюриб, келажаги ҳақида айтиб беришини сўради.
— Сен ҳали-вери ўлмайсан, — деди жодугар очиқчасига. — Ҳали қолган яқинларингни ҳам қабрга кузатиб қўйишинг керак. Ҳар бир фарзандингни қабрга қўясан. Шу ўтда керагича куясан…
Шундай бўлиб ҳам чиқди. Сўнгги фарзанди султон Иброҳимни олдин зиндонга ташлаб, кейинчалик қатл этишга фармон берди. Жаллодлар ҳимоясиз ақли калта ўғли, султон Иброҳимни бўғиб ўлдираётганда, Иброҳим овозининг борича уни қарғади.
— Илойим сен ҳам мендан баттар хор бўлиб ўлгин, волида! — дея қарғади Иброҳим ўшанда қон йиғлаб. — Шундай ўлим топгинки, итга ҳам сен топган ўлим насиб этмасин!..
КЎСЕМ СУЛТОННИНГ ОЛТИНЛАРИ
«Йиқилган курашга тўймас» деганларидек, Иброҳим ўлдирилиб, тахт ворислигига набираларидан бири ўтириши лозим бўлгач, Кўсем ортга қайтиш ҳақида ўйлаб кўрмади. Яничарлар, сипоҳлар ёрдамига умид боғлади. Тахтга бошқа бир набирасини ўтқазишни хоҳлади. Шундай қилса, империя тахти яна ўзига қолишидан умид қилди. Бундан ташқари, унга бир умр содиқ хизмат қилган, Кўсемга кўнгил берган, Иброҳим даврида бош вазир лавозимида хизмат қилган Камонқош ёнидалиги учун хотиржам эди. Саройда эса набирасининг онаси, келини Турхон султон аллақачон ҳокимиятни ўз қўлига олганидан бехабар эди.
Иброҳим ўлиш палласига яқин келишувга эришгани унга тасалли берарди. Турхон айёр чиқиб қолди. Кўсем ажойиб кунларнинг бирида кечаси саройга ҳужум қилиб ҳокимиятни ўз қўлига олиш ҳаракатига тушганидан хабар топди-ю, сипоҳларга пул бериб ўз тарафига оғдирди. Оқибатда сипоҳлар унга қарашлиларнинг барчасини ўлдирди. Уларга қўшиб ҳарамдаги канизаклари ҳам қиличдан ўтказилди. Камонқош, яна бир хос соқчиси Далли Ҳусайн ҳам сипоҳлар қўлида жон берди. Ўзи эса… Жон ширин-да. Саройнинг ҳеч ким билмас ҳужрасига умр бўйи тўплаган бойликларини беркитган экан. Уни излаб ўша ерга кириб келганлар ҳам ҳайратдан ёқа ушлашди. Ўшаларнинг бири Юсув исмли сипоҳ эди.
Қачонлардир Кўсемнинг фармонига кўра отаси ўлдирилган. У 10 яшарлигида етим қолган. Гуноҳини ювиш учун Кўсем Юсуфни ўз қаноти остига олганди. Аммо Юсуф улғайиб ҳақиқатдан огоҳ бўлгач, отасининг ўчини олишга аҳд қилган экан. Кўсемни Турхон султоннинг ёрдамчиларидан бири билан бирга саройга судраб чиқди ва бўғиб ўлдирди. Биринчи марта ўлгандек эди. Турхон султон ихтиёрида бўлган канизаклар Кўсем индамай қолганини ўлганга йўйиб эгнидаги кийимларга қадалган қимматбаҳо тақинчоқлар, тошларни талашиб-тортишиб юлиб ола бошлашди. Шунда Кўсем дафъатан ўрнидан туриб кетди…
Йўқ, бу ишни шундай қолдириб бўлмасди. Юсуф иккинчи бор уни бўға бошлади. Бу гал адашмади. Кўсем султон марҳум ўғли Иброҳим қарғаганидек хорликда, шармандаликда, қийнала-қийнала жон таслим қилди. Шунинг билан Кўсем султон салтанати тугатилиб, усмоний турклар империясига Турхон султон эга чиқди.
Манба: hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Туркиянинг Harper’s Bazaar нашри йил аёлини аниқлади (фото)
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»