14:56 / 03.09.2018
7 096

Кумуш Раззоқова билан сиз кутган интервью

Кумуш Раззоқова билан сиз кутган интервью
Кумуш Раззоқова — гўзал, ёқимли овоз соҳибаси, самимий инсон. Хонанда ўзбек санъатида ўз ўрнини топган ижодкор. Унинг қўшиқлари йиллар ўтса-да, ўз мавқеини йўқотмайди. Боиси, кўнгил тубидан отилиб чиққан тароналар ҳеч қачон эскирмайди.

— Кумуш опа, интервьюга розилигингизни олиш учун қўнғироқ қилганимизда «Ижод қилмаяпман!» деган жавобингиз бизни ўйлантириб қўйди. Жуда эрта нафақага чиқмадингизми, ахир мухлислар сиздан ҳалигача янги қўшиқларни кутишади?

— Ҳар нарсанинг ибтидоси бўлганидек, интиҳоси ҳам бор. Кун келиб санъаткор саҳнани тарк этиши, ўзидан кейинги ёш авлодга жой бўшатиши керак. Қариганда ҳам рейтинг талашиб, тиш-тирноғи билан курашаётган хонандаларни тушунмайман. Санъатда нимага эришиш мумкин бўлса, эришди, энди ёшларга ўрин бўшатиш керак.

— Бошингизга тушган ишлардан хабаримиз бор, балки соғлиғингизни тиклашингиз учун яна жўшқин ижод билан шуғулланишингиз керакдир?
— (бироз ўйланиб) Балки. Жиддий автофалокатга учраб, икки ой тўшакка михланганимда бу ҳақда кўп ўйладим. 10-15 йил олдинги вазият бўлганда ҳам бошқа гап эди. Санъат истайсизми-йўқми, ёшликни талаб этади. Аввалгидек кучим ва журъатим йўқ. Гарчи байналмилал оилада улғайган бўлсам-да, тарбиямизга алоҳида эътибор берилган. Шарқ аёлимиз, ёшим улғайганда ҳам омма эътиборида бўлишим шарт эмас, деб ўйлайман.

— Интервьюларингизнинг бирида энг катта камчилигим курашувчан эмаслигимдир, деган экансиз…

— Тўғри, бу камчилигимни ҳалигача енголганим йўқ. Осонгина таслим бўламан! Ижод қилмаслигимнинг яна бир сабаби бор. Бугунги дунё ва ўзбек эстрадаси менга ёқмайди. Эстрада тушунчаси ўзлигини йўқотди, классик эстрада аллақачон таназзулга юз тутди. Масалан, Бейонсе дунё юлдузи, унинг миллионлаб мухлислари бор. Лекин мен уни хонанда деб билмайман. Қўшиқлари бақир-чақир, клиплари эса фаҳш ҳаракатларидан бошқа ҳеч нарса эмас. Ўзимизнинг эстарада-чи, бирорта қўшиқ 10-15 йил яшаяптими?

Оиламизда бошқача муҳит бўлса-да, ўзбек тилини билишга интилардим. Бугун эса узуқ-юлуқ сўзларни истаганча талаффуз қилиб, қўшиқ куйлашяпти. Ўзбек тилида қўшиқ куйлаб, шу тилни билишга интилмаётган хонандалар оз дейсизми? Бу нафақат ўзига, балки халқ ва санъатга ҳам беҳурматлик эмасми?

— Ҳаёт ва ижодингиз бевосита «Садо» ансамбли билан боғлиқ. Агар гуруҳ тарқалмаганда, «Унутма мени», «Ёмғир ёғди», «Мени сени сени ҳеч кимга бермайман», «Саратон» ёки «Икки дарахт» каби умрбоқий қўшиқлар ярата олармидингиз?

— Биз гуруҳ таркибидан ташқари якка ҳолда ҳам қўшиқлар ижро этардик. «Унутма мени» қўшиғи ансамблда ишлаётган кезларим яратилганди. Мила Ромадини ва Азиза рус, мен эса ўзбек тилидаги қўшиқларни ижро этардим. «Водиллик келин» фильми учун Наргиз Зокирова «Унутма мени» қўшиғининг рус тилидаги вариантини ижро этди. Аммо унинг қўшиғи фильм ичида қолиб кетди, ўзбек тилидаги варианти эса кутилмаганда машҳурликка эришди. Қўшиқни тасмага муҳрлаган кунимиз кечагидек ёдимда (кулиб). Кўзларимни чирт юмиб, нима бўлса бўлди, дегандим. Чунки жуда қўрқардим, ўз овозимга ишонмасдим.

— Таҳлил қилсак, трио гуруҳларининг аксарияти юлдузли онларни бошдан кечирадию, сўнг баъзи сабабларга кўра тарқалиб кетади. Масалан, «Сетора». Бунга нима сабаб деб ўйлайсиз?

— Гуруҳ бўлиб ишлаш жуда оғир. Аравани ҳар ким ўз томонига тортишга интилади. Аёлларга нисбатан эркак хонандалар гуруҳи узоқ яшайди. Чунки уларда гина-кудурат, инжиқлик ва рашкчилик анча кам бўлади (кулиб).

Мила қўшиқни яхши айтолмасди, шу боис уни овоз ёзиш студиясига чақиришмасди. Албатта, бу танлов Милага ёқмасди. Азиза ҳам етарлича инжиқ эди, у билан кўп тортишардик. Иккиси Россияда ижод қилишни исташарди, репертуарда ҳам кўпроқ рус тилидаги қўшиқларга эътибор беришарди. Менга бу нарса ёқмасди, Тошкентни ташлаб кетишни истамасдим. Хуллас, фикрлар қарама-қаршилиги сабаб бўлиб, «Садо» тарқалиб кетди.

— Гуруҳнинг тарқалиши ҳам яхшиликка бўлгандир…

— Албатта, ўзимга бўлган ишончим ортди. 1990 йилдан бошлаб яккахон хонанда сифатида фаолият юритдим. Санъатда Кумуш Раззоқова номи пайдо бўлди. Мухлисларнинг «Қачон концерт берасиз? Янги қўшиқлар яратинг», каби гап-сўзларини эшитсам, қувониб кетаман. Демак, мени унутишмабди.

— Қўшиқларингизда фалсафий маъно бор. Масалан, «Куз гуллари»ни олайлик, унда, аслида, табиат ҳодисаси эмас, инсонлар тақдири акс этгандек гўё. Бугун ана шундай қўшиқларнинг яратилмаётганига нима сабаб?

— Бу қўшиқ у қадар оммалашмаган бўлса-да, ўзимга ҳам жуда ёқади. Усмон Азим, Муҳаммад Юсуф каби шоирлар чуқур маънога эга шеърлар ёзишарди. Уларнинг шеърларида воқеа, драма бор эди. Ҳозирги ёшлар эса, кечирасизу, шоир тугул, ўзбек тилини чала-чулпа биладиган қалам аҳлига шеър ёздиришяпти. Эътибор беринг, шеърлар ҳам буюртма асосида ёзиляпти. Ўзи шеър ёзиб, ҳам мусиқа басталаб ижро этаётган хонандаларнинг қобилиятига ҳавасим келади (кулиб).

— Ёш хонандаларнинг бири йўл-йўриқ кўрсатишингизни сўрашса, уларга қандай талаблар қўясиз? Негадир Кумуш Раззоқованинг шогирдиман, деган гапни ҳеч эшитмаймиз…

— Санъатда шогирд ким, устозининг соясими? Устозига тақлидан ижод қилаётган хонанданинг пародиячидан нима фарқи бор? Хонанда педагог эмас, у устозлик қилолмайди. Маслаҳат сўрашса, кўкрагидан итармайман, аммо менинг йўлимда қўшиқ яратишини истамайман.

— Қўшиғингизни қайта ижро этишни истаган хонандаларга рад жавобини берган экансиз.
— Тўғри, мен ҳали ўлганим йўқ! Тўй-ҳашамларда ижро этишларига кўз юмишим мумкин, аммо саҳнада куйлашларини истамайман.

— Бирон-бир ёш хонанданинг қиёфасида ўзингизни кўргандек бўласизми?
— Йўқ, кўпчилик собиқ «Сетора» гуруҳидаги Феруза Латиповани менга ўхшатишади. Аммо мен ҳеч қандай ўхшашликни сезмайман.

— Қайси хонандаларнинг ижодига бефарқ эмассиз?

— Ҳеч кимга тақлид қилмай, ўз йўлини топишга интилаётган хонандаларни ҳурмат қиламан. Масалан, кейинги пайтларда Шаҳло Аҳмедованинг қўшиқлари ёқяпти. У опаси Лола Аҳмедованинг йўлидан бориб, ўзини уринтирмай миллий эстрадани танламади. Гулсанам Мамазоитованинг эса лапар йўналишидаги миллий қўшиқлари ёқади.

— Шахсий ҳаётини кўз-кўз, баъзида муҳокама қилиб омма эътиборида бўлаётган ёш ижодкорлар бисёр. Уларга муносабатингиз қандай?

— Бу бутун дунёга теккан касаллик. Пиарни қандайдир манфаатни кўзлаб, хонанданинг ўзи эмас, атрофдаги инсонлар ҳам қилишяпти. Оила — шахсий ҳудуд. Шу кунгача журналистларнинг бу ҳақидаги саволларига жавоб беришни истамаганман. Қанча журналистларга шундай саволлари боис, интервью бермаганман. Улар мендан хафа бўлишгани аниқ. Аммо ўйлаб кўринг, мен фақат хонанда эмас, аёлман. Уйдаги икир-чикирни кўчага олиб чиқсам, аёллигим қоладими? Олдинлари ҳомиладор аёл санъаткорлар омма эътиборидан четда юришга интилишарди. Бугунги ёшлар қорнини дўппайтириб саҳнага чиқиб, фотосессия ўтказиб, клипларда ҳам суратга тушишяпти. Бу эстетика қоидаларига тўғри келмайди, бундан ташқари, она-бола саломатлигига ҳам акс таъсир этиши мумкин. Ахир кўз тегиши бор гап-ку! Уч-тўрт ой сабр қилса, осмон узилиб, ерга тушмайди. Аммо бундай гапларни ҳамма ҳам тўғри қабул қилмайди.

— Балки, суҳбатни ўқиб, ўзларига тегишли хулосани чиқариб олишар…

— Улар юришга чоғланган йўлдан биз аллақачон ўтиб бўлдик. Сўзларимиз улар учун харита, қулоқ солишса, йўлдан адашишмайди.
Наргиза МУРОДОВА
суҳбатлашди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Кумуш Раззоқова билан сиз кутган интервью