Ўзбекистонлик машҳур UFC жангчиси Рамазон Темиров Саудия Арабистонидаги муқаддас Макка шаҳрида зиёратда бўлиб турибди. У ўзининг Instagram саҳифасида ушбу зиёратга оид фото ва эҳтиромли сатрлар билан баҳам кўрди.
"Алҳамдулиллаҳ, яна бир бор Аллоҳ ўз байтига чақирди", — деб ёзган Темиров Каъба тасвирланган сурат остида.
Маълумот учун, Темиров 26 июль куни Абу-Дабида бўлиб ўтадиган UFC турнирида қозоғистонлик Асу Алмабаевга қарши жанг қилиши керак эди. Бироқ жангчи қонидан тақиқланган модда аниқланиши натижасида ушбу беллашувдан четлатилди.
Шундан сўнг, Рамазон вақтинчалик спортдан узоқлашиб, диний амалларни адо этиш учун Маккага йўл олди. Унинг бу қарорини кўплаб мухлислар қўллаб-қувватламоқда.
Темировнинг мазкур зиёрати спорт ва руҳият уйғунлигини намоён этувчи муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!