18:45 / 01.12.2018
5 947

Азим Муллахонов билан суҳбат

Азим Муллахонов билан суҳбат
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Азим Муллахонов ОАВда кам кўринса-да, аммо ўзининг дардли, ёқимли, меъдага тегмайдиган дилтортар қўшиқлари билан халқимиз кўнглидан чуқур жой олган. Айниқса, хонанда ижросидаги «Шайтанат» ҳамда «Ота» тароналари мухисларнинг севимли қўшиғига айланган. Суҳбат чоғида меҳмонимизни ростгўй инсон ва ҳақиқий санъат фидойиси сифатида кашф қилдик.

— Азим ака, ижодингизда бир муддат танаффус кузатилди. Бу ҳолатга қандай омилларни сабаб қилиб кўрсатасиз?

— Чиндан ижодимда узилиш бўлди. Бунга сабаб эса автофалокатга учраб, қаттиқ жароҳат олганим ва узоқ вақт саломатлигимда муаммолар бўлганидир. Очиғи, бу воқеани ҳеч қаерда гапиришни истамайман. Аммо соғлиғимни тиклаб, охирги бир неча йил ичида яна жиддий ижод қилишга киришдим. Ишлаш услубим бошқача бўлганлиги туфайли бир йилда икки ёки учта қўшиқ тайёрлаяпман. Мен учун сон эмас, сифат муҳимроқ.

— Санъаткорлар оиласида туғилиб, вояга етганингизни кўпчилик яхши билади. Агар ота-онангиз таниқли санъаткор бўлишмаганида ҳам шу соҳадан кетармидингиз?

— (ўйланиб) Назаримда, бошқа касбнинг этагини тутган бўлардим. Сабаби, авиаконструктор бўлиш ниятида юрардим. Аммо оиладаги муҳит туфайли ота-онамнинг изидан кетдим. Дадам Азизбек Муллахонов най чалиб, Маъмуржон Узоқов, Жўрахон Султонов билан бирга ижодий фаолият олиб борган. Волидам — Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Фароғат Раҳматованинг хизмат сафарлари, театрдаги роллари ҳам қалбимда санъатга нисбатан қизиқиш уйғотган. Санъатга қизиқишим юқори бўлса-да, аммо кун келиб қўшиқчи бўлишни сира ўйламаганман.

— Болалигингизни қандай хотирлайсиз?

— Кичкиналигимда спортнинг кураш, бокс турлари билан мунтазам шуғулланганимга кўпчилик ишонмайди. Жуда шўх ва тўполончи бола бўлганман. Балоғат ёши остонасида ижобий томонга ўзгара бошлаганман. 1975 йили, яъни15 ёшимдан бошлаб Муқимий театрига овоз муҳандиси ёрдамчиси бўлиб ишга кирганман. Ундан сўнг оркестрда гитарачи бўлиб ишимни давом эттирдим. Ўзбекистон Республикаси халқ артисти, раҳматли устозимиз Наби Халилов дирижёрлигида хизмат қилганмиз.

Гастролга ҳам ўша пайтлардан чиққанман. 1990 йилда ёш эстрада хонандалари ўртасида ўтказилган «Ботир Зокиров» номидаги танловда олий ўринга лойиқ топилдим. Устозларимизнинг «Халқингга тупроқни ялаб хизмат қил!» деган насиҳатига риоя этиб, озми-кўпми ўз қўшиқларим билан халқимизнинг яхши кунларида хизмат қилиб келяпман ва бундан беҳад фахрланаман.

— Санъат соҳасида самимийликни сақлаб қолиш учун нималар қилиш керак, деб ўйлайсиз?

— Санъаткор ҳамиша инсонлигини ҳис қилиб, ўзини атрофдагилардан устун қўймасдан яшаши ва ижод қилиши керак. У ҳам Яратганнинг бир бандаси ва умри абадий эмас. Унинг оддий одамлардан фарқи шуки, Худо берган истеъдоди бор. Эртага вафот этганидан кейин одамлар ортидан уни яхши сўзлар, хотиралар билан ёдга олиши лозим.

Мен доимо онамнинг «Халқ орасида юрганда ўзингни баланд тутсанг, ҳурматинг бўлмайди», деган гапларини кўп эслаб, самимийлик, камтаринликни қадрлашга ва ўзим ҳам шунга амал қилишга интиламан. Баъзи санъаткорларнинг ўзини осмонда парвоз қилаётгандек ҳис қилишини кўриб, ранжийман. Менимча, иймонини, эътиқодини, инсонлигини унутмаган санъат кишиси ҳамиша барчага бир хил муомала қилади ва унинг самимийлиги яққол билиниб туради.

— Оёғи ердан узилган айрим «юлдуз»лар тўғрисида қандай фикр билдирасиз?

— Ундайлар бугунги куни, реклама, шон-шуҳрат, ҳою ҳавас учун ҳаракат қилиб, кун кечиради, холос. Улар минг интилса ҳам, барибир, узоққа боришмайди. Санъаткорлар орасида кечагина санъат соҳасига кириб келиб, бир-икки сўм пул топиб, ўзини йўқотиб қўяётганлар йўқ эмас. Аксинча, фақат санъат учун ижод қиладиганларни ҳам ҳар қадамда учратиш мумкин.

Бундан ташқари, ҳозирги хонандаларнинг машҳурлик учун умри қисқа тароналар яратаётганини кўриб, маблағ, вақт ҳамда меҳнатнинг зое кетаётганига ачинаман. Ахир ҳафтада битта сифатсиз қўшиқ ижро этгандан кўра, бир ой ёки бир йилда битта зўр, халқимиз йиллар ўтса ҳам севиб тинглайдиган қўшиқ яратса бўлади-ку.

— Жорий йилнинг февраль ойидан «Ўзбекконцерт» ҳузурида клиплар фаолиятини ташкил этиш бўйича бадиий кенгаш тузилди ва унга сиз раҳбарлик қилиб келяпсиз. Клипларни саралаш жараёнлари қандай кечяпти?

— Қизғин ва масъулиятли. Кенгаш вакилларининг барчаси томошабин маънавиятга ижобий таъсир этадиган, ёшу кексанинг энсасини қотирмайдиган, сўзлари алмойи-жалжойи бўлмаган қўшиқларни халққа туҳфа этиш мақсадида зиммасидаги вазифани тўлақонли амалга оширишга ҳаракат қиляпти.

Клиплардаги камчиликларни хонандаларга очиқ-ойдин айтиб, қайта ишлашларини таъкидлаяпмиз. Қўшиқ матни ва мусиқаси яхшию, бироқ клип мазмунига мос тушмаганларини рад қилиб, қайта клип тасвирга олишларини маслаҳат беряпмиз. Биздан ранжиб қолаётган ука-сингилларимиз кўплигини ҳам биламиз. Уларни ҳам тўғри тушуниш керак, битта клипни яратгунча катта маблағ сарфлашади. Лекин ҳар бир ишини ўзи билганича қилмай, устоз кўришса, ҳар томонлама яхши бўлади.

— Ташриф қоғозингизга айланиб, сизни элга танитган қўшиқларингиздан бири — «Ота»нинг яратилиши ҳақида ҳам гапириб берсангиз?

— Бу жуда ҳам қизиқ ва кутилмаганда юз берган. Кунларнинг бирида матбуот дўконидан «Шарқ юлдузи» журналининг янги сонини харид қилдим. Йўл-йўлакай журнални варақлаб, ўқий бошладим. Бирдан халқимизнинг севимли ижодкори, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон қаламига мансуб бир туркум шеърларга кўзим тушди. Ушбу шеърлар орасидан «Ота» номлисини ўқиганимда юрагим жиз этди ва мазкур шеърни қўшиқ қилиб куйлаш ғояси туғилди. Тўю тадбирларда хиргойи қилган қўшиғимга вақт ўтгани сари тингловчиларнинг талаби орта бошлади ва машҳур қўшиққа айланди. Кейин унга клип тасвирга олдик. Бу қўшиқ ҳам «Шайтанат» сингари жуда катта вақт ва машаққатлар эвазига яратилган. Ушбу қўшиқ орқали мухлислар ва томошабинлар эътиборини яна бир бора қозонганман. Унинг орадан йиллар ўтса ҳам севиб тингланаётгани менга ғурур бағишлайди.

— Ҳамкасбларингиздан кўпроқ кимларнинг қўшиқларини тинглайсиз ва қайсиларининг ижодига ҳавас қиласиз?

— Ғиёс Бойтоев ҳамда Насиба Абдуллаеваларнинг ижодини мунтазам кузатиб бораман ва ҳурмат қиламан. Тўғрисини айтсам, ҳеч қайси санъаткорнинг ижодига ҳавас қилмайман.

Негаки бугун айрим ҳамкасбларим тайёр мусиқага янги шоирларнинг шеърларини ёзиб, ижро этишмоқда. Ҳатто катта ёшдаги ижодкорлар ҳам чет эллик хонандаларнинг қўшиқларидан ўғирлаб, ўзимизнинг тилимизга таржима ҳам қилдирмай, куйлашяпти. Камдан-кам санъаткорларгина изланиб, ўзлари янги мусиқа яратиб, репертуарини бойитиб бормоқда.

— Турмуш ўртоғингиз, фарзандларингизнинг ижодингизга, санъат соҳасига муносабати қандай?

— Оиламиздагиларнинг барчаси санъатни яхши кўради ва санъаткорнинг ўрни, ҳурматини жуда қадрлашади. Турмуш ўртоғим Матлубахоннинг ижодимга бўлган иштиёқи кучли. Азизахон, Ферузбек, Исломбек исмли фарзандларим ҳам санъат шинавандаси, аммо негадир уларнинг ҳеч бири менинг изимдан боришни хоҳлашмади (кулади). Лекин мен бундан хафа эмасман. Сабаби, фарзандларим қайси соҳа вакили бўлмасин, юртимиз, Ватанимиз учун сидқидилдан хизмат қилишса, инсонларга яхшилик қилиб, фойдаси тегса, жуда хурсанд бўламан. Набираларимдан Жаҳонгир ва Фирдавс мусиқага жуда қизиқади. Балки, шулар касбимни давом эттирар. Буни эса вақт кўрсатади.

— Қариликни тан олмайдиган санъаткорлардансиз. Ҳатто ёшингизга нисбатан ёш кўринишингизни ижтимоий тармоқларда мухлисларингиз ҳам эътироф этишади…

— (кулади) Бу фикрларни жуда кўпчиликдан эшитиб, қувонаман. Аммо умр ўтган сари ёшлик ўзиникини олавераркан, инсон кексайиб боравераркан. Онам раҳматли 50 ёшида ҳам театр саҳнасида 25 яшар қиз-жувонлар ролини ўйнаган экан. Ёшлар даврасида ўтирганимда, ёшимни ҳам унутиб қўяман. Беш нафар набирам борлигига ишонмайдиганлар ҳам талайгина.

— Мароқли ва мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур!
Миролим ИСАЖОНОВ суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Азим Муллахонов билан суҳбат