22:38 / 29.03.2019
6 501

Ёдгор Саъдиев: «Шайтанат»нинг 21-қисми тайёр

Ёдгор Саъдиев: «Шайтанат»нинг 21-қисми тайёр
Машҳур адиб Тоҳир Малик «Шайтанат»нинг бош қаҳрамони — Асадбек образи прототипи ким экани тўғрисидаги саволларга ҳалигача жавоб бергани йўқ. Шунга қарамай, асар асосида саҳналаштирилган видеофильм орқали бу ном дунёга машҳур «Чўқинтирган ота»даги Майкл Карлионе, «Бир пайтлар Америкада» фильмидаги Дэвид Аронсон (Лапша) каби ўзбек кино санъати тарихидан мустаҳкам жой олди.

Табиийки, жиноят оламининг адолатли ва қаттиққўл раҳбари ролини маромига етказиб ижро этган актёр ҳам ўзбеклар орасида санъаткор Роберт де Ниро сингари шуҳратга эришди. Ўзбек кино санъати, унинг ютуқлари ва камчиликлари, қилиниши керак бўлган ишлар тўғрисидаги бу галги суҳбатимиз «Асадбек» — Ёдгор Саъдиев билан кечди.

Спорт майдонидан театр саҳнасига қадам
1966 йили «Пахтакор» футбол жамоасининг дарвозабони бўлганман. Ўшанда Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт институтининг 3-босқич талабаси эдим. Кейин Островский номидаги театр ва рассомлик институтига ҳужжат топширдим. Бу осонликча бўлгани йўқ. Бунга руҳий ҳолатим сабаб эди. Биринчидан, раҳматли падари бузрукворим Ҳабиб Саъдий катта санъаткор бўлган. Бундан 90 йиллар аввал Қўқондан Наби Раҳимов, Бухородан Олим Хўжаев, Тошкентдан Шукур Бурҳонов ва отам биргаликда ўзбек миллий театрида самарали ижод қилиб, халқ эътиборини қозонишган. Отамнинг овози кучли бўлгани боис маълум муддат Алишер Навоий номидаги академик театрда солист сифатида фаолият юритган. Шунданми, мен ҳам отам, акам — Хайрулла Саъдиевнинг изидан боришга қарор қилганман.

Мен отамни кўрмаганман, у кишининг вафотидан икки ой ўтиб, дунёга келган эканман. Биласиз, санъат, ижод аҳли таъсирчан, кўнгли нозик бўлади.

Аммо 27 ёшида бева қолиб, икки нафар болани муносиб тарбиялаб, улардан икки нафар Ўзбекистон халқ артисти чиқарган волидаи меҳрибонимнинг чеккан заҳматлари, меҳнатлари, изтироблари рўёби учун доимо шукр қиламан.

Тарихий асарларга қўл урилмаётганини қандай изоҳлайсиз?
Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, мозийга қайтиб иш кўрмоқ хайрли. Аммо осон эмас. Бунинг битта нозик жиҳати бор. Тарихий шахслар ҳақида фильм яратаётган ёки алломалар тимсолида кўринадиган актёр тарихни пухта билиши ва иқтидоридан ташқари, иймони бақувват, эътиқоди кучли, дили пок, руҳи тетик бўлиши керак. Бу — менинг шахсий қарашим. Бир пайтлар Амир Темур ҳақида фильм яратишга киришилган. Буюк бобомиз образини машҳур актёр Шон Коннери яратиши кераклиги тўғрисида таклиф берилган. Тўғри, у дунё тан олган санъаткор. Аммо ўзбек эмас, унинг томирида бизнинг қонимиз оқмайди, у бизнинг турмуш тарзимиз, ҳаётимизни билмайди. Шундай экан, Коннери қаёқдан Соҳибқирон бўла олсин?! Яхшики, бу лойиҳа ўша кезлари амалга ошмай қолди.

Фахрлансак арзийди, дунё тамаддунига аждодларимиз беқиёс ҳисса қўшганлар. Тиббиётда Абу Али ибн Сино, фалакиётда Мирзо Улуғбек, адабиётда Алишер Навоий, табиий фанлар соҳасида Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, ҳадис илмида Бухорийга етадиган буюклар йўқ. Хўш, у ҳолда нега улуғ аждодларимиз ҳаёти ва ижоди саҳнада, кинода, телевидениеда тўлақонли талқин этилмаяпти? Боиси шуки, бизда уларнинг тимсолини яратишга лойиқ саналадиган актёрнинг ўзи йўқ.

Дилимни оғритадиган яна бир ҳолат бор. Айрим фильмларда енгил-елпи кулги учун бутун бир миллат ҳақида нотўғри тасаввур уйғотадиган эпизодлар кўзга ташланиб қолади. Бу фикримга мисоллар тўлиб-тошиб ётибди. Фикримча, миллатнинг қусурларини эмас, балки унинг урф-одат ва қадриятларини кўрсата билиш лозим. Санъаткорнинг масъулияти ҳам айнан миллий маънавият ва маданиятга муносабатида яққол сезилади. Халқни камситишга, ҳазил-мазах қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Асадбек, яъни бизнинг қаҳрамонимиз қўлини қаёққа узатса етади, обрў-эътибори ва бойлиги ҳаддан зиёд. Шундай кучли шахс Ҳосилбойваччани ўлдириб, бутун айбини куёви Элчинга ағдариб қўйишни кўзлайди. Бу мард одамнинг табиатига тўғри келмайдиган холат. Мана шу масалада ўз фикрларимни ўтказа олганимдан хурсандман. Аслида инсонни ҳайвондан ажратиб турадиган иккита унсур бор. Биринчиси, ақли, яъни яратишга қодирлиги. Иккинчиси, ишончи, эътиқоди мукаммаллиги. Барча балонинг боши имонсизликдан бошланади. Шу боис фильм ва саҳна асарларимда кўпроқ имонли одамлар тимсолини яратишга ҳаракат қиламан. «Имон» спектаклида профессор Комилов ролини ижро этиш менга чинакам ҳузур бағишлайди.

Томошабин «Шайтанат»нинг давомини кутмоқда
Сериални суратга олиш жараёнида бўлиб ўтган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Мен Ҳосилбойваччани отганимда у ўн беш метр жойдан ҳовузга қулаб тушиши керак эди. Октябрь ойи охирлари, ҳаво анча совуқ. Ҳовуздаги сув муздай.

Ҳосилбойваччанинг (Фурқат Файзиев) кўксига ўқ уздим. Бироқ у қилт этмади. Ҳолатдан чиқмай яна отдим. У яна жойидан жилмади. Шунда авзоим ўзгарди, шекилли, орқаси билан ҳовузга йиқилди. Пастдагилар уни дарров сувдан тортиб олишди. Кийим-бошларини алмаштиришдан илгари баданини спирт билан артишди. «Ичимдан қалтироқ чиқяпти» дерди у. Сўнг ўзига келди «Ҳой йигит, нега биринчи ўқдаёқ қуламадинг?» десам, у хижолат тортиб, «Ахир, сузишни билмасдим-да» дейди. Бу эпизод жуда ишонарли чиқди.

Мухлисларга «Шайтанат»нинг сўнгги — 21-қисми ҳақида янгилик айтмоқчиман. Бир ярим соат давом этадиган бу фильм тайёр. Ҳозир овозлаштириш, мусиқалаштириш ишлари давом этяпти. Худо хоҳласа, тез орада томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинади.

Кексаликдаги жудолик
Шукр, оиламизнинг маҳаллада обрў-эътибори яхши. Турмуш ўртоғим Зайлихон Саъдиева етук санъатшунос олима эди. Ўғил-қизимизни гўзал ахлоқ, намунали хулқли, меҳнатсевар, билимли ва одобли қилиб тарбиялашда у кишининг хизматлари жуда катта. Мен фарзандларим ва 5 нафар набирам тимсолида жойинг жаннатда бўлгур аҳли аёлимнинг сиймосини, қиёфаси ва табиатини кўриб ҳозир ҳам куч-қудрат, руҳий ҳаловат ва таскин топаман. Ҳеч бир эркак аёлидан кейин қолмасин, дейман. Кексаликдаги жудолик гўдакликдаги етимликдан ҳам оғир кечар экан. Чунки болаликда улғайиш умиди, ёшинг бир жойга борганда айрилиқда тополмаслик армони бор...

Ўзбекистон танийди, маҳалла аҳли-чи?
Аслида сени бутун дунё билгандан кўра, ўзинг яшаб турган маҳалланг билгани яхши. Ахир, бекорга доно халқимиз «узоқдаги қариндошдан яқиндаги қўшни афзал» демаган. Бутун Ўзбекистонда маҳалла институти фаолиятини японлар, америкаликлар ва яна Европанинг айрим мамлакатлари чуқур ўрганаётганидан хабарим бор. Мана шу эътироф асосида ажойиб фильмлар яратилса арзийди. Ўзим Олмазор туманидаги «Мойариқ» маҳалласининг барча тадбирлари, оммавий ҳашарларида қатнашаман. Ахир, актёр жонли тарғиботчи-ку. Бизни, энг аввало, маҳалладошларимиз «йирик план»да кўриб туришади.

Ҳозир юртимиздаги ўзгаришларнинг бош ташаббускори Президентимиз бўлса, бош ижрочиси ўзбек халқидир. Давлатимиз раҳбари бутун миллатнинг руҳини, кайфиятини, ғайрат-шижоатини жўш урдира олди. «Humo аrena»да ўтказилган Наврўз байрами кейинги икки ярим йиллик тараққиётимиз кўзгуси сифатида намоён бўлганидан бошим осмонга етди.

Қисқа қилиб айтганда, санъаткор учун энди ишлайдиган, ўзлигини кўрсатадиган, миллий ғурур ва виқорини тараннум этадиган давр келди.

Maнба: mahalladosh.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » Ёдгор Саъдиев: «Шайтанат»нинг 21-қисми тайёр