Ҳиндистонда 370 миллиондан ортиқ ёшлар бор, бу мамлакат аҳолисининг қарийб чорак қисмини ташкил этади. Улар интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали сиёсат, коррупция ва тенгсизлик ҳақида яхши билишади. Аммо кўпчилик ёшлар очиқ норозилик намойишларига чиқишни хавфли деб ҳисоблайди — “антимиллий” деган тамға, иқтисодий босим ёки ҳудудий тафовутлар уларни эҳтиёткор бўлишга мажбур қилмоқда.
Сўнгги йилларда Осиё ва Африканинг кўплаб давлатларида ёшлар ҳукумат сиёсатига қарши фаол чиқишди. Непал, Бангладеш ва Индонезияда “Gen Z” авлоди коррупция ва ишсизликка қарши митинглар уюштирди. Аммо Ҳиндистонда бу ҳаракатлар кенг қулоч ёзгани йўқ — асосан маҳаллий даражадаги кичик норозиликлар билан чекланмоқда.
Мутахассислар бунга ёшлар орасидаги тафовутлар сабаб бўлаётганини айтади. Минтақавий, тил фарқлари уларни ягона куч сифатида бирлаштиришни қийинлаштирмоқда.
Шунингдек, айрим сиёсатчилар ва ОАВ норозилик билдирганларни “антимиллий” деб атаб, уларни камситади. Бу эса ёшлар орасида сиёсий фаолликни янада камайтирган. Эндиликда улар ўз фикрини кўпроқ сайловда овоз бериш, интернетда ёзиш ёки хорижда ўқиш орқали билдиради.
Шунга қарамай, Ҳиндистон ёшлари бефарқ эмас. Улар ўзгариш истагини ич-ичида сақлайди, тармоқларда фаол, лекин эҳтиёткор. Мутахассисларнинг фикрича, бу “жим ғазаб” — бир кун келиб, мамлакат сиёсий ҳаётига катта таъсир кўрсатиши мумкин.