date

Жарроҳликсиз саратонни даволаса бўладими?

Жарроҳликсиз саратонни даволаса бўладими?
Ультратовуш технологияси илгари фақат инсон танасини ичкаридан кўриш учун ишлатилган бўлса, эндиликда у саратон касаллигини даволашда ҳам қўлланилмоқда. АҚШнинг Мичиган университети олимаси Жен Ху “ҳистотрипсия” деб аталувчи янги усулни яратди. Бу технология юқори частотали товуш тўлқинлари ёрдамида ўсмаларни кесмасдан, механик тарзда парчалаш имконини беради.

Ҳистотрипсия 2023-йилда АҚШда жигар ўсмаларини даволаш учун рухсат олди. Тадқиқотларда бу усул 95 фоиз ҳолларда муваффақиятли натижа берган. Жараён танага иссиқлик таъсири кўрсатмайди, қон кетиш ёки оғриқ деярли кузатилмайди. Энг қулай томони – беморлар операциядан кейин ўша куннинг ўзида уйига қайта олади.

Даволаш жараёнида товуш тўлқинлари ўсмага йўналтирилади. Улар микросекундлар ичида майда пуфакчалар ҳосил қилади, бу пуфакчалар портлаб, ўсмаларни парчалаб юборади. Шундан сўнг тананинг иммун тизими бу зарарланган ҳужайраларни табиий йўл билан йўқ қилади. Жараён бир неча соат давом этади ва асосан бир марта бажаришнинг ўзи кифоя.

Шунга қарамай, ҳистотрипсиянинг айрим чекловлари бор. Масалан, суяк ёки ҳаво тўлқинларнинг ўтишига тўсқинлик қилгани учун, бу усул ўпка ёки суякдаги ўсмаларда ишламайди. Узоқ муддатли натижалар ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, олимлар уни буйрак ва ошқозон ости бези ўсмаларини даволашда ҳам синаб кўрмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, ультратовуш орқали даволаш усуллари келажакда саратонни оғриқсиз ва хавфсиз йўл билан даволаш имконини беради. Янги технологиялар беморлар учун умидли ва камроқ зарарли даволаниш йўлини таклиф қилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Жарроҳликсиз саратонни даволаса бўладими?