date

Леонель Месси янги шартнома ва стадион ҳақида фикр билдирди

Леонель Месси янги шартнома ва стадион ҳақида фикр билдирди

«Интер Майами» етакчиси ва жаҳон футболи афсонаси Леонель Месси клуб билан шартномасини узайтирганидан кейин ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Майамидаги ҳаёт унга кутилганидан ҳам кўпроқ завқ бағишлаган ва янги лойиҳаларда иштирок этиш унга илҳом бермоқда, деб хабар берди intermiamicf.com.

«Бу жамоа билан йўлимни давом эттираётганимдан жуда мамнунман. "Интер Майами" фақат клуб эмас — бу мен учун иккинчи уй бўлиб қолди. Биринчи кунларданоқ бу шаҳарда ўзимни тинч, эркин ва ҳурматга сазовор ҳис қилдим. Шу муҳитда, шундай одамлар орасида бўлиш менга катта куч ва мотивация беради», — деди Месси.

Месси айниқса клубнинг янги стадиони — «Майами Фридом Парк» ҳақида тўхталиб, бу лойиҳани ўзининг футбол орзулари билан боғлади. «Янги стадионда ўйнаш — фақат хаёл эмас, энди бу орзу ҳаётга айланяпти. Бу жамоа, бу шаҳар ва мухлислар буни ҳақиқатдан ҳам муносиб кўришади. Биз янги уйимиздаги илк баҳсни сабрсизлик билан кутаяпмиз. Ҳам мен, ҳам жамоадошларим мухлислар билан бу муҳитни ҳис қилишни интизорлик билан кутаётганимиз рост», — деди у.

Леонель Месси сўзларига кўра, янги арена фақат ўйин майдони эмас, балки бутун жамоа учун янги даврнинг рамзига айланади. «Бу стадион бизнинг меҳнатимиз ва ишончимизнинг самараси бўлади. Бу ерда ўйнаш нафақат футболчи, балки инсон сифатида ҳам ғурур туйғусини уйғотади», — деб қўшимча қилди аргентиналик юлдуз.

Месси шунингдек, клубдаги муҳит, ҳамжихатлик ва амбициялар ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. «Жамоадаги барча — раҳбариятдан тортиб ёш футболчиларгача — ягона мақсад атрофида бирлашган. Биз янги босқичга чиқишни, Америка футболида янги саҳифа очишни ният қилганмиз. Бу йўлдаги ҳар бир қадам мен учун муҳим. Шу сабаб ҳам шартномамни узайтириш ҳақида иккиланмадим», — деди у.

Месси сўзларининг охирида мухлисларга ҳам миннатдорлик изҳор этди. «Майами мухлислари бизга илк кунларданоқ самимий муҳаббат билан ёндошишди. Улар билан ҳар бир ўйинда бир тану бир жон бўлиб майдонга чиқамиз. Энди янги стадионда уларни янада каттароқ хурсанд қилиш вақти келди», — деди Месси.

Унинг бу гаплари клуб ва мухлислар орасида катта ижобий кайфият уйғотди. Чунки Месси учун «Интер Майами» энди фақат Америкадаги янги манзил эмас — у ердаги ҳар бир ўйин унинг футбол йўлидаги янги саҳифа, янги илҳом манбаи ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Леонель Месси янги шартнома ва стадион ҳақида фикр билдирди