23:51 / 28.09.2017
7 438

ИИББ Туркиядан қайтган Нурулло Отахоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берди

ИИББ Туркиядан қайтган Нурулло Отахоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берди
Кеча, 27 сентябрь куни эрталаб Туркиядан Ўзбекистонга қайтган адиб Нурулло Отахонов (Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон) Тошкент аэрпортида қўлга олинган эди. Бу ҳақда маълумот ижтимоий тармоқларда тарқатилган эди.

Бугун, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар ИИББ томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ушбу масалага муносабат билдирилди.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари — Тергов бошқармаси бошлиғи Дониёр Тошхўжаев брифингда Нурулло Отахоновнинг аэропортда қўлга олингани бўйича маълумот берди.

Тошкент ШИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Отахоновнинг ушланишига нима сабаб бўлгани ҳақида шундай деди:

“Нурулло Отаханов хусусида шуни айтишим мумкинки, у ёзган китоблар ва чиқишлари ўрганилиб, экспертиза хулосалари олинганидан сўнг, унга нисбатан 2017 йил 11 май куни Яшнобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 159-моддаси 1-қисми, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки суриштирув ишлари натижасида 244-1 моддаси, 3-қисми “г” банди, яъни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет-жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилиши аломатлари билан сиртдан айб эълон қилиб, қидирувга берилган эди. Шу муносабат билан, у Тошкент халқаро аэропортига кириб келганида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган”.

Тошхўжаевнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда Отахонов кечирим сўрагани, мурожаат қилгани ва ушбу воқеа билан боғлиқ бошқа жиҳатлари муҳокама бўлмоқда. Унинг қайд этишича, бошқа ташкилотлар ёки ваколатли давлат органларидан унинг афв этилгани ҳақида маълумотнома келиб тушмагани боис, ички ишлар идоралари жиноят-процессуал кодекс талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз ваколатлари доирасида тергов ишларини олиб бормоқда.

Агар зарур бўлса қўшимча суриштирувлар амалга оширилиши, унинг айби тасдиқланмаса қонунда назарда тутилган қоидалар асосида қарор қабул қилиниши айтилди.

Маълумот учун, Нурулло Отахонов 1955 йилда Фарғона вилоятида туғилган. “Йўл бошида”, “Дунё кенг”, “Шу ерлик киши” каби қисса ва ҳикоялари муаллифи. Унинг “Оқ бино оқшомлари” ҳикояси асосида бадиий фильм суратга олинган.

Нурулло Отахонов узоқ йиллар давомида “Ёшлик”, “Муштум”, “Шарқ юлдузи”, “Ҳидоят” журналларида ва “Мовароуннаҳр” нашриётида фаолият олиб борган.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ИИББ Туркиядан қайтган Нурулло Отахоновнинг ҳибсга олиниши юзасидан баёнот берди