23:10 / 19.01.2017
5 025

Мираброр Усмоновга айтар гапларим

Мираброр Усмоновга айтар гапларим

Мустақил бўлиб, тузум ўзгаргач, жуда кўп байрамлар, жумладан 1 май, октябрь байрами, совет армияси куни байрами ўз-ўзидан бир зумда йўқолиб кетди. Чунки улар сиёсий тусга эга байрамлар эди. 19 асрда АҚШ давлатида бўлиб ўтган хотин-қизларнинг намойиши санаси билан боғлиқ бўлган 8 март байрами Шарқдаям, Ғарбдаям нишонланмайди. Бизда хозирча бу кун байрам қилинмоқда. Байрамлар ичида энг оммабопи, энг ҳаммабопи янги йил байрамидир. Бу байрам ҳеч қандай сиёсий бўёққа эга бўлмаган, астрономик байрамдир. Турли халқлар йил саноғини турли саналарда нишонлаб келишган. Масалан, туркий халқлар 21 март кунини, Хитой халқи 28 январь кунини янги йил байрами деб нишонлашган. 1 январь куни эса ер куррасининг барча халқлари учун йил боши, саноқ боши деб қабул қилинган. Шунинг учун ўзининг миллий байрамига қўшимча қилиб барча халқлар йил боши кунини бутун дунё умумий байрамига айлантириб юборишган.

Янги йилда бир-бирини қутлаш расм бўлди. Ҳамма янги йил саноғи билан янги кун, янги тонг, янги ҳаёт умидини боғлайди. Бир-бирига эзгу тилаклар билдиришади. Камбағалга бойлик, ёшларга илм-маърифат, муҳаббат, омад тиланади. Ҳаммага соғлиқ-омонлик, юртга тинчлик тиланади. Мен ишқибоз эмасманми, барча тилакларим футбол билан боғлиқдир. Мен ҳам янги йил билан Сиз, азизларимни қутлайман.

Мираброр акамга айтар гапим бор


1. Мираброр ака, Сизни янги йил байрами билан қутлайман. Барча эзгу ниятларимни йўллайман. Ўзбек футбол ишқибозлари ўзининг янги йил умидларини номингиз билан боғлаган. Мен ҳам шулар қаторидаман. Сиз ўзбек футболида биринчи шахссиз. Шунинг учун байрам шарафига кўра Сиз билан сиртдан мулоқот қилишга жазм этдим. Ёшимга ярашмаган иш бу, биламан. Охират тадоригини қилиб, эртаю-кеч тасбеҳ ўгириб, саловат ўқиб, невараларимга насиҳатгўй бўлиб, ёшу-қарига дуода кунларимни ўтказиб юрсам, ёшимга яраша бўлармиди. Майли, ишқибоз бўлиб стадионларга бориб майдондаги ўғлонларимни қўллаб турай. Чунки футболсиз яшай олмайман. Майли, қурбим келар экан, Ахбор акамга ўхшаб савлатни сақлаб матбуотда, сайтларда журналистикага оз-моз аралашиб юрай. Бу камлик қилса, майли, ҳар ҳафта омма олдига мақолаларим билан чиқиб турай. Лекин, ЎФФ президентига янги йил табригини йўллаш ақлдан эмас. Ошиб кетди. Сиз ҳам буни сезяпсиз, шекилли.

2. Ижодим мухлисларига бу ишим тушунарсиз бўлади. Қандоқ қилай, шунча имкониятларимиз бўла туриб камчиликлар футболимиз ривожини бўғиб ётса, ёшлар индамаса, керакли сўзлар ёзилмаса, айтилмаса, бунга бефарқ қараб туриш мумкинми? Оғизда қатиқ ивитиб, ё мум тишлаб ўтириш мумкинми? Сизга, Мираброр ака, дилда борини ҳеч ким айтмаса, ҳамма ҳайбатингиздан ҳайиқиб турса, қачон Сиз ислоҳотларга қўл урасиз?

Ҳеч қачон. Ён атрофингиздагилар футболда эришган ютуқларимизни санаб турса, Сиз ҳам кечаги ютуқ билан, кечаги кун билан яшаб, кечаги одамга айланиб қоласиз-да. Биринчи шахс доим бир қадам олдинда туриши керак. Бир қадам олдинни кўриши керак.

3. Масалан, АФА президенти Англия футболининг биринчи шахси эмас. Англия футболининг бугунги қадамлари унга боғлиқ эмас. У бир амалдор, холос. Уларда футбол бир аср муқаддам ўз изига тушиб олган. Бизда наинки футбол, бутун жамиятимиз бир оёғи билан совет тузумида турган бўлса, иккинчи оёғи билан янги ҳаётга қадам қўйган. Бир оёғи эски ҳаётдан ҳали узилмаган. Янги ҳаётни қуриш давридамиз. Кунда янги ташаббус билан чиқиш керак. Наинки футбол, барча жабҳалар ислоҳ талаб бўлиб турибди. Олдинга интилиб турибди. Футболимизнинг бугунги аҳволига рози эмасман. Фарҳоду, Сардору, Асқаржонлар рози бўлиб юришибди. Ҳаммасидан мамнун бўлиб туришибди. Улар учун кун ўтса бас. Терма йиғини ўтса бас. Ўртоқлик ўйинини уюштириб беришса, бас… Мавсум ўтса, бас.

ЎФФ биноси футболимизни ривожлантириш штаби эмас. Амалдорлар идораси бўлиб қолган. Ҳамма иш билан банд. Ҳамма амалига яраша ўз вазифасини бажаради. Ҳеч ким янги бир ташаббус билан олдинга отилиб чиқмайди. Ҳеч ким ўз бошига ортиқча ташвиш орттиргиси келмайди. Ҳамма тинч, осойишта яшаб, чурқ этмай жим ишлаб юришибди. Ҳамма оиласи қўйнида фаровон ҳаёт кечириб юришга интилади. У ердагилардан ҳеч ким ўзбек футболини баланд нуқтага кўтараман деб, бир нимага интилмайди. Бундай мақсад уларга вазифа қилиб белгиланмаган.

4. Жуда кўп юртдошларимиз футболимизга қўл силтаб қўйишган. Еврофутболга тикилишган. Стадионларимиз ишқибозсиз бўм-бўш қолган. Лекин ўшалар ҳам миллий термамизга кўз тикишган. Бир нимадан доим умидвор бўлишади. Ахир футбол ватанпарварликнинг изҳори-ку. Юрт тимсоли-ку. Терма жамоамиз ватандошим учун ифтихор чўққиси-ку. Фахр манбаи-ку. 50-йиллар эди. Ёш болакай бўлиб кўчада футбол ўйнаб юрардик. Кўча, маҳалла шаънини ватан шаъни деб билиб, уни бошқа маҳалла болаларидан ҳимоя қилиб, бор вужудимиз билан адолат деб бақир-чақир қилиб, ютамиз деб футбол ўйнашларимни эслайман. Биз учун Ватан кўчамиздаги мирзатеракдан бошланар эди-да. Ватанни ҳимоя қилиш кўча футболидан бошланади-да. Шундай экан, ким ҳам терма жамоамизга бефарқ бўла олади? Эски жўвадаги қуртчи қария кампир ҳам ҳисоб қандай бўлди, ютдикми болам деб, сўраб қўяди-ку.

Терма жамоамиз эса, Бабаян бошчилигида жар ёқасига келиб қолган. Жардан ё сакраб, ё учиб ўтиши керакми энди. Раҳбарият эса, навбатдаги мураббий бир амаллаб ўтиб олади деб, асоссиз бир нимага умид боғлаган. Йўқ, умидворлик яхши хислат. Интилган, тиришқоқлик билан ҳаракат қилган одамга умидворлик далда бўлади. Раҳбариятда умид на қилсин? Бўлса бўлар, бўлмаса бўлмас деб, пинагини бузмай ишлаб юришибди. Жон куйдириш уларнинг вазифасига кирмайди. Мундиалга чиқолмасак ҳам уларнинг кайфияти бузилмайди. Жар ичига раҳбарият эмас, доим бош мураббий билан бирга барча ишқибозлар қуламоқда. Раҳбарият жарни доим сакраб ўта оламиз деб бизни ишонтирмоқчи, овутмоқчи, алдамоқчи бўлади. Бошқа йўл бор: осма кўприк қуриб ўтишимиз керак. Лекин ҳеч ким уни қурмайди. Ҳар доим шу жар ёқасига етиб келиб, жар ёқасида бир-биримизга дийдиёларимизни айтиб, оғир кайфиятларимизни жарда қолдириб, минг афсус-надомад билан орқага қайтмоқдамиз.

5. Мираброр ака, Сизга фикримни тушунтириб берай. Тараққиётнинг биринчи омили янги технология ҳисобланади. Машиносозликнинг бугунги кунига етиб олишимиз учун ўз қадамимизни ташлаб юрсак, бизга камида бир аср вақт керак бўлар эди. Бундай қилмадик. Янги технологияни олиб келиб, замонавий янги машиналарни чиқара бошладик. Улар ҳеч кимникидан кам эмас. Бу оддий ҳақиқат. Замонавий станоклар, линиялар ва уларга мос келувчи янги бинолар тараққиёт сабабчисидир. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Футболда янги технология деганда юқори малакали, кучли тренер ва унга яраша унга муносиб муҳит кўзда тутилади.

Гус Ҳиддинк Россия термасини бошқарганда атрофдаги муҳитни ҳам ўзгартирганини эслайман. Карлуш Кейруш 3 йилдан бери терма атрофидаги муҳитни ўзгартираман дейди-ю, ўзгартиролмай Эронни ташлаб чиқиб кетишга чоғланиб юради. Хитойнинг имконияти бизникидан паст бўлса-да, финал босқичига чиқиш мақсадида терма жамоага юқори малакали Липпини олиб келиб, унинг учун ҳамма шароитни яратиб берди. Москвага борамиз дейишмоқда. Бизнинг Раҳбарият Москва мундиалига бориш имкониятимиз ҳали бор деб, Хитойникидан кучлироқ деб, имкониятни ҳали бутунлай йўқотиб бўлмадик деб, бу имкониятдан фойдаланиш йўлида ҳеч нарса қилмаяпти. Имконият йўқолиб бўлгандан кейин ҳаракат қилмоқчими? Ёки олма пиш-оғзимга тушми? Бабаяннинг ўзи амал-тақал қилсинми? Қилолмаса-чи? ЎФФ раҳбарияти алмисоқдан қолган “технология” ёрдамида замонавий футбол машинасини ишлаб чиқармоқчи бўлмоқда, шекилли. Нима учун? Нега янги “технологияни” олиб кирмайди?

Мираброр ака, Сизга Аҳмедов мисоли етмайдими? У “Пахтакор”да шу клуб даражасида юқори ўйин кўрсатар эди. Кетмаганида шу даражада қолиб кетар эди. “Анжи”га бориб “юқори малакали технология” муҳитида, яъни Гус Ҳиддинк қўл остида ўйнагани учун унинг ўйини ўсиб Это’О, Буссуфа даражасига кўтарила олган эди-ку? Гус Ҳиддинк бўлмаса, бугунги Аҳмедов ҳам бўлмас эди. Нега исботи керак бўлмайдиган бу аксиомани Сизга уқтира олмаётибман? Нега?

6. Бабаян бу галги таркиб олдингиларидан кучлироқ, мундиалга муносиброк деб айтганида ҳақли эди. Сиз, Мираброр ака футбол мутахассиси эмассиз. Сиз атрофингиздагилар фикри билан қарор қабул қилмоқдасиз. Бабаян мутахассис-ку. Нега у ўз имкониятларига тўғри баҳо бера олмаяпти? Ожизлигини тан олиши учун, олимпиада йўлида Қатарда Ироқдан олган мағлубияти етмайдими? Боримиз шу дегани эсидан чиқдими? Ўтган йилги давранинг сўнги ўйинларида термамиз йигитлари яккакурашларда, ижрочилик маҳоратида рақибларига тенг кучли бўла туриб, жамоавий ўйинда корейслар ва форслар олдида ҳамма нарсани: ҳисобни ҳам, ўйинни ҳам бой беришди-ку? Бу воқеалар Бабаянга етмайдими? Йиқилган курашга тўймайдими? Енгил вазнлик одам Руслан Нуриддинов кўтарган тошни кўтара олмайди-ку. Ўз вазнига яраша тош танлайди. Солиштиринг, бизнинг Сергееву, Машарипову, Туроповларимизнинг ижро маҳорати рақибларидан пастроқ бўлса-да, Туркияда ўтган Аҳмад Мусаев бошчилик қилган ёшлар орасидаги жаҳон мусобақа тўқнашувларида жамоавий ўйин бўйича устун келиб, гуруҳдан чиқишган эди-ку. Погбаларга, бўлғуси чемпионларга бардош бера олишмаган эди.

ЖЧ-2014 да Жазоир, ЕЧ-2015 да Исландия термалари жамоавий ўйин даражасини баланд нуқтага кўтариб имкониятларидан ҳам баланд савияли ўйин кўрсатишган эди. Бултурги Раньери бошчилик қилган Лестер ютуқларини эсланг. Нега “янги замонавий технологияни” қадрламайсиз. Тақир-туқир мошина миниб, мундиални орзу қиламизми. Нега биз чет эллик кучли мураббийнинг қадрига етмаймиз. Келганлари ҳам тез орада орқага қайтиб кетишмоқда. Нега?

Мисоллар кўп. Гёде биздан кетказилгач, Озарбайжонда 6 йилча самарали иш олиб борди. Хоугтон тезда биздан кетказилгач, Ҳиндистон термасини яхши бошқарди. Жамоани ОК-2011 финал ўйинларига олиб чиқди. Крекетистон юрти термаси Австралияга муносиб қаршилик кўрсатиб 2:4 ҳисобида ютқазган эди (биз кенгуруларга шармандали 0:6 ҳисобида ютқазганмиз ўшанда). Пахтакорга Миродрав Радулович келиб тезда янгича ўйин тасвирини ярата олган эди. У ҳам тезда кетказилди. Бултур Пахтакорга Россиядан Григорян келиб яхши ўйин кўрсата бошлади-ю, бир зумда орқага қайтарилди. Демьяненко бир йилдаёқ Насафга соврин олиб берганини айтмайсизми? У ҳам кўп ишламади. Нега бундай салбий ҳол бизда нормага айланиб қолди? Нега ўрта ҳол Жоржевич, Агамуродовлар бизда кўп ишлайди, нега ўз савиямиз қатори бўлган Кумиковни Қозоғистондан ортга қайтарамиз, нега кучлиларни итарамиз. Паст бўйлик раҳбар ўз атрофига ўзидан паканароқларини йиғиб юрганидек, мураббийларимизнинг паст савияси кўзга ташланмасин деб кучлилар қолиб, кучсизроғини чақирмоқдамизми? Билмадим, билолмадим.

7. Мираброр ака, бу галги курашларимиз тақдирини Бабаянга топшириб қўйиш Сизга қулайми? Айбдор олдиндан аниқми? Шу кунлари, 2-давра ўйинлари олдидан “юқори технологияни”, яъни юқори малакали мураббийни Европадан 1+1 шартномасига кўра олиб келсангиз, айни муддао бўлмайдими? 2 ойдан кейин кимнидир олиб келиш кеч бўлади, бефойда бўлади. Хозир Бенитес ишсиз, Пранделли ишсиз. Бошқалар ҳам бор. Нега бу ишни қилмайсиз? Ёки четдан кучли мутахассис олиб келмаслик сабаби бошқами? Уларга иш бермасдан ўзимиздан чиққан мураббийларнинг маҳорати ўсишини истайсизми? Ундай бўлса, Бабаян Анчелотти ёнида 3-4 йил ишлаб маҳоратини, малакасини ошириб қайтсин. Пол Климент Англия клубига, “Суонси”га бош мураббий бўлиб ўтгани учун ёрдамчи мураббий ўрни бўшаб турибди. Лекин бунинг иложиси йўқ. Демак, Бенитесни термамизга 2 йилга олиб келсангиз, унинг ёнида Бабаяннинг ё бошқанинг маҳорати ўсмайдими? Ўсади. Лекин нега бу ишни қилмайсиз? Нега, нега? Ахир, нега?!

Ишқибоз дилига солиб чега, ишонарли сабабни айтинг. Аччиқ ҳақиқат қолиб ширин сувоқ гапдан, силлиқ сўздан қайтинг! Асл сабабини айтинг! Нега?

Мираброр ака, янада улғаядиган пайтинг, янада ўсадиган пайтинг оч қолсанг инсофдан бўладими? Айтинг, нега кучли, малакали мураббийни четдан олиб келмайсиз? Маслаҳатга кирмайсиз? Нега?!

Биздан ҳеч нарсани яширмасдан айтинг. Ёлғон гапиришдан қайтинг. Юрак бағримиз эзилиб кетди-ку? Наҳотки, ватанимиз шаъни Сизга муҳим бўлмаса! Наҳотки, юрт ишқибозларининг илтижоси Сизга етиб бормаса?

Наҳотки, гапи бошқаю, нияти бошқа мунофиқ одам бўлсангиз? Наҳотки, муқаддас туйғуни топтовчи золим бўлсангиз? Йўқ, бунинг бўлиши мумкин эмас. Сиз учун ҳам Ватан муқаддас. Ундай бўлса, нега шу кунларни Сиз бой бермоқдасиз? Нега, нима учун? Эртага кеч бўлади-ку.

Мираброр ака, ЎФФ структураси, стратегияси, раҳбарлик услуби, чемпионатимиз аҳволи бўйича ўта муҳим мавзулар четда қолиб, фақат термамиз ҳақида қайғуриб Сизга мурожаат қилдим, очиқ хат ёздим. Хатни бошқа давом эттиролмай қолдим. Аччиқ аламдан кўзларим ёшланиб кетди. Қаричилик. Айбга буюрманг.

11. 01. 2017йил.

Ҳасанали ҚОДИРОВ

Манба: maydon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Мираброр Усмоновга айтар гапларим