10:30 / 17.01.2018
3 597

Уммон бағрига беркинган жавоб

Уммон бағрига беркинган жавоб
«Мен Сени севаман, Ўзбекистон!» Уммон ортидаги улкан шаҳарда барчани ҳайратга солиб, ғолибона виқор билан шундай ҳайқириш - Амир Темур авлодларига хос буюк шижоат ҳамиша барҳаёт эканлигидан далолат.

Шоҳжаҳон Эргашев зарбаларининг қудратли шамолидан америкалик боксчи Сонни Фредриксон мувозанатни буткул йўқотди.

Шоҳжаҳон ўзбекнинг бошида дўпписи бор ўғлони нималарга қодирлигини бутун дунёга намойиш қилди. Бошқача айтганда, ўзбек тўнининг тафти ва таровати боис, енгилмас боксчимизнинг жисму жонида жанговар жаҳл уйғонди.

«Оҳ, о, фарғонача жангари жаҳлингдан, завқбахш зарбангдан!» - дедик унинг самимий юзларига, беғубор кўзларига боқиб. Ўзбекнинг имзосини миллий либослар ва шу либосларга ярашадиган мағрурлик билан ифодалаш - халқимиз интизор кутган фавқулодда ҳодиса.

Шу маънода айтсак, Шоҳжаҳон - эркин ёш авлоднинг ёрқин тимсоли! Айнан шу жанг нуқтаи назаридан у «Нима бизга Америка?» қабилида хитоб қилишга ҳақли.

Рақибдан чўчимаслик, ўз кучига ишониш, жанг ўтадиган муҳитда эркин ҳаракатланиш - Шоҳжаҳон мухлисларини шодлантирган илҳомбахш омиллар.

Хўш, футбол мавзусида мулоҳаза ёза туриб, нима учун бугуннинг қаҳрамонига айланган боксчимиз ғалабасига алоҳида тўхталдик? Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биласиз, дарҳақиқат, юртимиз истеъдодларга бой. Шу жумладан, миллионлар ўйини бобида.

Ҳа, футболчиларимиз ҳам аслида Шоҳжаҳон каби ишончли ва ёрқин ғалабаларни қўлга киритиб, мухлислар олқишларига сазовор бўлишни, айни чоғда уларни хурсанд қилишни исташади. Афсуски, истак ҳамон истаклигича қолиб кетмоқда. Бошқача ифода этсак, Ўзбекистон футболи ҳозирча халқаро майдонда ўзини эркин ҳис қилолмаяпти.

Мазкур мулоҳазалар ўтган якшанба оқшомида ёзилди ва шу аснода Хитойда давом этаётган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 3-тур учрашувлари натижалари хусусида ўйладик. Зеро, вакилларимиз ўрин олган квартетда вазият анча чигаллашган ва бу тўғрида ўйламасликнинг иложи йўқ эди.

Мухлисларимиз ушбу мулоҳазаларни ўқишаётганида, ҳаммаси аниқ бўлиб улгуради. Аммо орада 2-3 кун улар хаёлидан нималар ўтди? Мухлисларни қийнаётган ҳисоб-китобларни, ўйлантираётган турли-туман вариантларни мураббийлар ва футболчилар билишадими? Тўғри топдингиз, билишади, албатта!

Бироқ билишнинг ўзи кифоя эмас, деб ҳисоблаймиз. Мухлисларни изтиробга солмаслик, руҳан қийнамасликнинг ягона шарти - кутилган ғалабага эришиш. Мухлис жамоанинг кучига ишониб, ғалаба кутсаю, натижа бунинг акси бўлиб чиқса, футбол муҳитидаги вазият қандай тус олиши таърифга муҳтож эмас.

Равшан Ҳайдаров шогирдлари қатарлик тенгдошларидан мағлубиятга учрашгач, шундай нохуш ҳолат кузатилди футбол муҳитимизда. Боз устига, иккинчи баҳснинг майдон эгаларига қарши кечиши вазиятни баттар мавҳумлаштирганди.

Назаримизда, вазият қалтислигини ислоҳотларга астойдил бел боғлаган ЎФФ маъмурияти ҳам чуқур ҳис қилган кўринади. Акс ҳолда, ёш футболчиларимиз майдон эгаларини енгишга куч топишолмасди. Тахмин қилиш мумкинки, футболимиз мутасаддилари мураббийлар штаби олдида кескин талаблар қўйишган.

Голдан сўнг ҳам баҳри дили очилмаган Равшан Ҳайдаровнинг ичидан нималар ўтгани фақат ўзига аён. Бу масалада ташқи таассурот билан чекланамиз. Хайриятки, йигитлар майдон эгаларини енгишди. Агар натижа биз учун манфий кўриниш олганида, мухлислар қалбида учқунланаётган умид буткул сўнарди.

Аввалдан айтиш мумкинки, шу руҳдаги якуний ҳолат эмас, балки айнан ғалаба мухлислардаги ишончни бир маромда ушлаб туради. Истеъдод кўлами ва даражасига кўра, ёш футболчиларимиз рақибларидан кам эмаслар асло. Дейлик, улар қатарлик тенгдошларини бемалол енгишлари мумкин эди. Биз дурангни ҳаттоки, эсламаяпмиз. Лекин аламли мағлубият яна тақдирда бор экан, чидадик ва 2-турдаги қийин ғалаба!

Савол туғилади: қачонки вазият мураккаблашиб, мухлислар норозилиги очиқ-ошкор изҳор қилингачгина ҳаракатга тушмасдан аввалроқ, яъни 1-турдаёқ ғалаба ҳақида ўйлаш иложи йўқмиди? Бор эди! Вакилларимиз ғалаба қозонишни ўйлашганига ҳам ишончимиз комил.

Хўш, шу ният нима сабабдан амалга ошмади? Бизни тўғри тушунинг, «Реал»нинг ўз майдонида «Вильярреал»га ютқазиши ўз йўлига. Шу мағлубият боис, «Реал» ёки Зайниддин Зиданнинг буюклигига асло соя тушмайди. Буюклик бир тин оладию, йўлида давом этаверади.

Бизнинг футболимиз эса кутилмаган мағлубиятларни кўтармайди. Чунки соҳада ҳали катта ва равон йўлга чиқмаганмиз. Бироз масъулиятсизлик ёки ўзбилармонлик балки «Реал»га ярашар. Ҳар ҳолда, клубнинг олтин тарихи шунга муносиб. Вакилларимизга эса ғалаба қозониш шарт саналган учрашувда рақибга ютқазиш учун ҳеч қандай изн берилмайди.

Улар ҳар бир учрашувда олов мисоли, «Ливерпуль» триоси каби ёниб тўп суришлари шарт. Шоҳжаҳон 12-жангининг 3-раундида америкалик боксчини қандай дўппослаган бўлса, футболчиларимиз ҳам рақиблар дарвозасига шундай мароқ ва маҳорат билан голлар уришлари керак.

Яна такрорлаймиз, мазкур мақола 3-турдан аввал ёзилди ва натижадан қатъий назар, айтамизки, ёшлар термаси ўйин тактикаси ва ҳужум чизиғида муаммолар яққол кўзга ташланмоқда. Забиҳилло Ўринбоев ва бошқалар қанча-қанча голли вазиятларни кўкка совуришди?!

Дониёр Нарзуллаевнинг Дани Алвеш, Марсело ёки Кевин де Брюйне каби бутун майдон бўйлаб олдинга ташланишлари неча бор зое кетди?! Нима учун? Айб кимда? Футболчидами? Асло! У мураббий кўрсатмаларига мувофиқ тўп суради. Қайси бир маънода мураббийнинг тафаккури футболчининг тақдирини белгилайди.

Гоҳо шунисига ачинасан киши. Самвел Бабаян ажойиб футболчиларимизни аро йўлда қолдириб кетганини унутиш қийин. Бугун Одил Аҳмедов каби тўп суришга интилаётган Одил Ҳамробеков ва унинг тенгдошларини келажакда қандай тақдир кутмоқда?

Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатининг дастлабки баҳслари кўрсатдики, футболимиз келажаги айни улкан саволга жўяли жавоб топиш билан чамбарчас боғлиқ. Бизни бугун натижа эмас, балки уммон бағридаги шу саволнинг жавоби кўпроқ қизиқтирмоқда.
Муҳаммад Вали

Манба: www.interfutbol.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Уммон бағрига беркинган жавоб