date

Тошкентга юборилаётган 700 кг сифатсиз гўшт йўлда тўхтатилди

Тошкентга юборилаётган 700 кг сифатсиз гўшт йўлда тўхтатилди

Навоий вилоятида қонунбузарлик ҳолати қайд этилди — ярим тоннадан ортиқ сифатсиз гўшт маҳсулоти Тошкент томон йўл олаётган пайтда тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Жамоат хавфсизлиги департаменти маълумот берди.

Маълум қилинишича, Кармана тумани ҳудудида кечки вақтда ўтказилган назорат тадбири чоғида Nexia русумли автомобил текширувдан ўтказилган. Ушбу машинада тегишли ветеринария ҳужжатларисиз ва санитар талабларга мутлақо зид шароитда сақланаётган 700 килограмм мол гўшти аниқланган. Текширув жараёнида маълум бўлишича, бу маҳсулотлар пойтахт бозорларида сотиш учун олиб кетилаётган бўлган.

Мутахассислар таъкидлашича, бундай ҳолатлар нафақат истеъмолчилар соғлигига жиддий хавф туғдиради, балки санитар-эпидемиологик ҳолатни ҳам ёмонлаштиради. Аниқланган гўшт маҳсулотлари тезкор тарзда белгиланган тартибда йўқ қилинган. Ҳайдовчига нисбатан эса маъмурий баённома расмийлаштирилиб, қонунчиликка мувофиқ чора кўрилган.

Жамоат хавфсизлиги департаменти маълумотларига кўра, бу каби ҳолатлар йил бошидан бери анча кўпайган. 2025 йил давомида назорат тадбирлари натижасида истеъмолга яроқсиз 22 тоннадан зиёд гўшт ва гўшт маҳсулотлари фош этилган. Ҳар бир ҳолатда маҳсулотлар тегишли тартибда йўқ қилиниб, масъул шахсларга нисбатан ҳуқуқий чоралар кўрилган.

Мутахассислар таъкидлашича, гўшт маҳсулотларини санитар талабларга риоя қилмасдан ташиш нафақат жиноят, балки катта ижтимоий хавф манбаи ҳисобланади. Бундай ҳолларда инсон саломатлигига турли бактериялар ва инфекциялар орқали жиддий зарар етиши мумкин. Шу боис, тегишли назорат органлари бу йўналишдаги текширувларни янада кучайтириш ниятида.

Шу каби яқинда Қашқадарё вилоятидан Тошкентга йўл олган яна бир транспорт воситаси тўхтатилган эди. Унда 600 килограммга яқин яроқсиз гўшт маҳсулотлари аниқланиб, уларнинг пойтахт бозорларига чиқиши олди олинган.

Аввалроқ сентябрь ойида мамлакатда гўшт нархлари рекорд даражада ошгани ҳақида хабар берилганди. Муттахассислар фикрича, сифатсиз маҳсулотларнинг кўпайиши бозордаги умумий талаб ва таклиф мувозанатига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Шу боис, аҳоли хавфсизлиги учун назоратни кучайтириш муҳим вазифа сифатида белгиланмоқда.

Эндиликда мутасадди идоралар нафақат маҳсулот сифати, балки унинг ташиш ва сақлаш жараёнларини ҳам қатъий назоратда ушлашни режалаштирмоқда. Бу эса бозорга фақат соғлиққа хавфсиз ва текширувдан ўтган маҳсулотлар келишига замин яратади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентга юборилаётган 700 кг сифатсиз гўшт йўлда тўхтатилди